Толиб Ёқубов: Брюссельда ўтажак халқаро конференция ташкилотчиларига Мурожаатнома!

Муҳтарам ташкилотчилар! Бўлажак конференция олдидан мен Сизларга бир мурожаат йўллаётирман.

У икки қисмдан иборат бўлиб, уларнинг қайси бири жиддийлигини ўзингиз тушуниб оларсиз, деган умиддаман.

Уларни мен қуйида I ва II деб белгилаганман.

I. Муҳтарам ташкилотчилар!

Шу кеча-ю кундузда ўзбек мухолифати минбари “Понауз” сайтида ватандошимиз Дилмурод Худойқулнинг Сизларга йўллаган бир неча таклифлари чоп этилибди.

Ислом Каримов режимига душманлик борасида Тоҳир Йўлдошга нисбатан икки карра олдинда бўлган бу бениҳоя мард ватандошимизнинг таклифлари ичида ўта муҳими, бу – конференция тугагач, унда қатнашганларнинг кичик бир гуруҳи яширин ҳолатда, ўта эҳтиёткорлик билан, Ўзбекистондаги режимга қарши қуролли кураш йўлларини гаплашволиш учун давра суҳбати уюштириши лозим. Мазкур сўҳбатга иғвогарлар, бақаламунлар, юзига ниқоб тортганлар ва чақимчиларнинг таклиф этилиши асло мумкин эмас.

Ким иғвогар, ё бақаламун, ёки юзига ниқоб тортган, ё-да чақимчи эканини билишга қийналсаларинг (бу ҳеч кимнинг пешонасига ёзиб қўйилмаган-ку!), Дилмуродга мурожаат қилинглар. У, аминман, шесть секундда уларнинг рўйхатини қилиб беради.

Давра сўҳбатига имкон қадар кўпроқ олий маълумотли, политехник билимга эга бўлган ва банк системасида ишлаган одамлар жалб этилса нур устига нур бўлади.

Бу – биринчидан.

Иккинчидан. Дилмуроднинг мазкур таклифи нақадар муҳимлигини Сизлар тушуниб етишларингиз ўта зарур. Бу таклиф халқимиз интиқиб кутиб ётган оламшумул таклифдир. Унинг долзарблиги мамлакатимизда шундай чўққига чиққан-ки, ҳатто чақалоқлар ҳозир “инға-а-а!” деб эмас, “қуролли қўзғоло-о-он!” деб туғилаётган эмиш.

Демак, буни тушуниб етган бўлсангиз, у ҳолда учинчисига ўтаман.

Учинчидан. Мазкур давра сўҳбатига албатта Дилмурод Худойқулни таклиф этиш керак. Мен Сизлардан конференцияда қатнашиш учун таклифнома олдим.

Бунинг учун беҳад миннатдорман. Агар Дилмурод учун таклифнома етишмай турган бўлса, мен икки қўлим кўксимда, қуллуқ қилиб таклифномамни ҳеч иккиланмай заказной хат билан унга жўнатаман. Билим, динга эътиқод, банк системасида ишлаш таржибаси ва соқол масалаларида унинг олдида мен ким бўпман?!

Таклифномани олгач, у ўта махфий ҳолатда Брюссельга келиб кетади. Буни ҳатто Ўзбекистон элчихонасида ишлайдиган мхх-чилар ҳам сезмай қолишади.

Давра суҳбатини бошқаришни Дилмуродга топшириш кераклиги ёдларингда михланиб туриши лозим. Нега? Чунки у асосий масала: қуролли курашни қачон ва қаерда (яъни, замон ва макон), қандай қилиб (кимларни армияга жалб қилиш, пул ва қуролни кимдан олиш, тузилган армияни қандай йўл ва восита билан Ўзбекистонга олиб кириш, яъни имкон) ташкил қилиш, ташқи хайрихоҳ кучларни қаердан излаш (Европаданми, АҚШданми, Саудия Арабистониданми, Афғонистон ёки Покистонданми, ё-да Марказий Африка Республикасиданми, …) йўлларини маржон тергандай қилиб тушунтириб бера олади.

Тўртинчидан. Тоҳир Йўлдош Ислом Каримовга бир томондан ҳужум қилса, кутилмаган иккинчи томондан Дилмурод бошқарган армия ҳужумга ўтса (унгача у иккита миршабни портлатаман деб ўлиб кетмаса), режим қанча вақтда қулайди?

Бир йилга борадими? Кўп пессимист бўлманг – бормайди!

Ойга-чи? Билмадингиз, ой ҳам кўп! Бир ҳафтада Ўзбекистонни олиб қўйишса керак, дейсизми? Йўқ ва йўқ! Сизлар конференцияни қанча вақтда тугатсаларинг, булар ҳам Ислом Каримовни БИР КУНДА тинчитишади!

Бешинчидан. Бу икки шоввоздан бир иш чиқади – хотирингиз жаъм бўлсин.

Баъзи нарсаларни ҳисобга олмаганда улар орасида ўхшашлик жуда кўп:

(а) соқол бир хил;

(б) ёш ҳам деярли тенг;

(в) иккаласи ҳам қуролли кураш тарафдори ва буни очиқ айтишади;

(г) демократия деган нарсани иккаласи ҳам ўлгудек ёмон кўради – эшитган заҳотиёқ лабларига учуқ тошади;

(д) демократик тузум Ислом Каримов шакллантирган истибдод тузум билан бир хил, деб ўйлашадими – буни ҳам ёмон кўришади; эҳ-ҳе-е-е, санайверсанг уларни Ҳасан — Ҳусанми, деб ўйлайсан, киши!

Баъзи нарсалар нима, ундай-да?

Булар:

(А) бири 1992 йилгача Ислом Каримов томонда бўлиб, президент сайловида ўз одамларини унга овоз беришга мажбур қилган бўлса, иккинчиси у пайтда тузум моҳиятини тушунмаган;

(Б) бири ватанни, валлоҳу аълам, 1994 йили тарк этган бўлса, иккинчиси эса яқинда, 2-3 йил илгари, хуржунни елкага ташлаган;

(В) бири, Ўзбекистон бу ёқда қолиб, Афғонистон ва Покистонда жангу-жадал қилиб юрган бир пайтда, иккинчиси демократик Швеция лаззатларини татиб юрибди;

(Г) бирининг қўлида Калашников автомати бўлса, иккинчисининг қўлида чумчуққа тош отадиган чўзма (рогатка) ҳам йўқ.

Ва, ниҳоят, олтинчидан. Ва энг муҳими. Бу одам бизга ҳаводек зарур.

Унинг ёзишича, улар Ислом Каримовни ағдариб ҳукуматни эгалласа, демократия деб адашиб юрган бизга ўхшаган одамларга Ўзбекистонга қайтишга рухсат берар экан.

Улар Ўзбекистонни олишларига қандай ишонсак, бу ваъдаларига ҳам шунчалик ишонамиз.

Ишқилиб, Баҳодир Чориевнинг тақдири бошимизга тушмасин: биз Тошкент аэропортига бориб тушганимизда Дилмурод Худойқулнинг одамлари бизни қамоққа олмасин-да!

Олмас, ўлдими, мен таклифномамни бераяпман-ку!

II. Муҳтарам ташкилотчилар!

Дилмурод Худойқулнинг провокациясига асло учманг!

Мен ўқиган китобларга кўра тарихда беҳисоб қуролли қўзғолонлар бўлган, бироқ уларни ташкил этганлар бу ишни ўта махфий тарзда уюштиришган. Айғоқчи ва хуфялар азалдан ҳукуматга хизмат қилиб келганлар. Ҳукуматлар ўз рақибларининг режаларини англаш учун айғоқчиларини уларнинг муҳитига сингдиришган.

Айғоқчиларнинг баъзилари қўзғолон сирларини билиб олгач, уни хўжайинларига етказишган. Баъзилари эса рақиб томонни қўзғолонга ундаган, мақсадга эришгач эса, уларни хўжайинига сотган.

Европанинг қоқ ўртасида туриб Дилмурод Худойқул баралла қуролли курашга чақираётгани нимага ишора бўлиши мумкин? Бу чақириқлар ўзбек мухолифати минбарида янграётгани шўбҳали эмасми?

Ҳамма биладиган бир ҳақиқатни яна бир марта такрорламоқчиман. 20 йил давомида Ислом Каримов ҳам дунёвий, ҳам диний ўзгача фикрловчиларни, яъни мухолифатни таъқиб қилиб келди ва уларни жиноятчи, экстремист ва террористга чиқарди. Натижада бу икки гуруҳдан юзлаб, минглаб инсонлар юрт ташқарисига чиқиб кетди.

Ислом Каримов ўзининг бу икки гурухга қарши курашини оқлаш учун кимга мурожаат қилмоқда? Саудия Арабистони қиролигами? Йўқ! Эрон президентигами? Йўқ! Хитой компартияси 1-чи котибигами? Йўқ! Балки, Судан президенти Ал-Баширгадир? Йўқ, ва яна бир марта — йўқ!

У ўзининг Акмал Саидов, Сайёра Рашидова, Алишер Шарофутдинов, Владимир Норов каби малайлари, кўп сонли элчилари ва мулозимлари орқали Европа мамлакатлари, АҚШ, Канада ва бошқа демократик давлатлар, БМТ, ЕИ, ЕХҲТ раҳбарларига мурожаат қилмоқда ва уларни ўзининг “биздаги ҳам дунёвий, ҳам диний мухолифат жиноятчилар, экстремистлар ва террористлардан иборат” деган чўпчагига ишонтириб келмоқда.

Айтинг-чи, Дилмурод Худойқулнинг “Понауз”даги “ҳужжатлари” Ислом Каримов қўлида, юқорида айтилган раҳбарларга кўрсатиш учун, дастак (карт-бланш) бўлмайдими?

Мен илгари ҳам ёзганман, яна айтаман: Ғарбда, хусусан Европада, сўз эркинлигига ҳар қанча урғу берилмасин, ўзларининг хавфсизлиги масаласига келганда сўз эркинлигига қараб ўтиришмайди. Сўз эркинлиги деб, Европа ҳудудида туриб, Дилмурод Худойқул кабиларнинг телба-тескари мақолаларига ўрин бериш бефаросатликдан-да пастдир.

Дилмурод Худойқулнинг ўрни Европа эмас, унинг ўрни ё Афғонистон, ё Покистондир.

Ўша томондан у Ислом Каримовга мушт ўқталиб юравериши керак.

Дилмурод Худойқулга оид оддий ҳақиқатни биринчи бўлиб “Таянч” жамияти раҳбарлари тушундилар ва унга ўз муносабатларини билдирдилар.

Кеч бўлса-да бу ҳақиқатни андижонлик биродарларимиз ҳам англаб етдилар ва куни кеча ўз фикрларини намоён қилдилар. Бироқ “Эрк” партияси ва “Понауз” сайти сукут сақлашмоқда. Афсус!

Сизларга самимий ҳурмат ила Толиб акаман

www.yangidunyo.com

October 21 st, 2009

https://groups.yahoo.com/neo/groups/HR-Uzbekistan/conversations/messages/5849

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.