Дилмурод Ҳудойқул: Баҳона топ ва мухолифатга қарши кураш

Бу мақолани ёзишдан илгари ўзим ўзимга дедим:

”Дилмурод,

Дейдилар, ит ҳурар, ўтади карвон,
Ранжу балолардан ёнмасин жонинг”,

… (А. Ориф)

Шу кунларда ”Ponauz” сайтида менинг ”Ўзим ҳақимда” номли мақолам чоп этилди.

Уни ёзишимга сабаб, оддий, бор йўғи ўзим ҳақимда айрим тушунмовчиликларни бартараф этиш, баъзи маълумотларни кўпчиликка етказиб қўйиш бўлган, холос. Қолаверса, ўша мақола менинг ўзимга тегишли шахсий мақола эди.

Бироқ, ўзбекнинг айрим ғаламис, бузғунчилари мен ёзганларимдан кир ахтариб, террорчи Каримов режимига қарши курашиш ўрнига, менинг ёзган мақолаларимни баҳона қилиб, ”13-май иттифоқи”, ”Эрк” партиясига қарши кураш йўлини тутибдилар.

Мен илгари ҳам ёздим, яна айтаман, кимнинг мен ёзганларимга қарши айтадиганлари бўлса марҳамат, шахсан мени номимни назарда тутиб мақола ёзиб, хоҳлаган сайтларига қўяверсинлар.

Мен ёзганларимнинг «Ponauz” сайти, ”Эрк” партияси, ”13-май иттифоқи”ига умуман алоқаси йўқ. Мени шахсий сайтим йўқ. Шу сабаб мен бошқалар қатори «Ponauz” сайтига айрим ёзганларимни юбориб турибман. Бузғунчилар, аламзадалар мақолаларида мени баҳона қилиб «Ponauz” сайти, ”Эрк” партияси, ”13-май иттифоқи”ига осилишлари туҳмат уюштиришларидан бошқа нарса эмас.

Нега мени мақолам учун, шу мақолани чоп этган сайт, масалан, «Ponauz” сайти ёки мен аъзо бўлмаган ташкилотлар айбдор бўлиши керак?! А.Бойматов «Ponauz” сайтини 13-май иттифоқи сайти”, деб атаб, очиқдан-очиқ туҳмат қилибди.

Яна у инсон ҳуқуқлари фаоли эмиш. «Ponauz” сайтида катта ҳарфлар билан ”Ўзбек мухолифати минбари”, деб ёзиб қўйилган. Унинг бу туҳматлари сабаб инсон ҳуқуқлари фаоли эканлигига келгусида ким ишонади.

Аввало, Т.Ёқубов, А.Бойматовлар ўзларини ҳурмат қилсалар ҳеч қачон қандайдир бир ғаламис уларга ихтилофга сабаб бўладиган саволлар билан мурожаат қилса, дарҳол бундай нарсадан ўзларини четга олишлари керак эди.

Ғаламис Расулов ихтилоф чиқариш учун атайлаб мен ёзган мақолани танлаб олган. Агар бундай саволларга кўча одамлари жавоб ёзсалар, эътибор бермаса бўлар эди.
Лекин тажрибали Т.Ёқубовнинг қаланғи-қасанғилар билан савол-жавоб уюштириши ўзини улар даражасига тушириши билан баравар. Инсоний сифатлари,илми юқори инсон шу сифатлари қуйи инсонлар билан муносабаатларда эҳтиёт бўлмоғи керак. Афсус, Т.Ёқубов шу ҳолатга эътибор бермабдилар.

Каримов режимига қарши қурол йўли билан эмас, ўзингиз танлаган демократия йўли билан курашмоқчи экансиз марҳамат, курашаверинг. Лекин сиз ўзингиз танлаган йўлингиз ғояларини менга зўрлаб ўтказишга, менинг шахсий фикрларим учун «Ponauz” сайти, ”Эрк” партияси, ”13-май иттифоқи”и каби ташкилотларни айблашга ҳаққингиз йўқ. Сайтлар менга жой бериши мумкин, холос. Кўпчилик эътибор берган бўлса керак, менинг ёзганларим кўп ҳолларда ”Эркин фикр” рукни остида турибди.

Т.Ёқубов, А. Бойматовлар ”Террор” тушунчасининг моҳиятини англамас эканлар. Бу албатта илмсизликдир. Мен уларга тушунтириб қўяй. ”Террор” тушунчаси кўп маъноли сўз бўлиб, кучли томоннинг кучсиз томонга нисбатан куч ишлатиши ёки шу кучни қўллаш таҳликаси эканлигини англатади.

Энди, бутун дунёга маълумки, Каримов мана неча йилдирки давлат террорини ўзбекларга нисбатан қўллаб келмоқда. Ўзбекистонда диктатура ҳукумрон. Мана, энди айтингчи жаноб Т.Ёқубов, А.Бойматов қандай қилиб мен яъни, кучсиз томон Каримовга яъни кучли томонга нисбатан терррор қилишим мумкин?

Бу юқоридаги ”Террор” таърифига, оддий мантиққа зидку?

Ахир мен ўзим давлат ҳимоясига муҳтожманку. Агар тескариси яъни, мен кучли бўлатуриб кучсизга зулм қилсам, куч ишлатсам бу йўлни ҳа, терррор йўли, деб атаса бўлар эди.

Сизлар оддий ”Террор” атамасининг мазмун моҳиятини тушунмасдан туриб, тўда бўлиб туҳматдан иборат мақола ёзиб юрибсизлар. Сиз математикман деяпсиз, математикада мантиқ бор. Лекин сиз, Бойматовларнинг алжирашингизда мантиқ йўқ.

Исломда қуролли кураш тури рад этилмаган. Сиз қуролли курашга даъват қилган мусулмон устидан кулибсиз. Сиз ва сизга жўр бўлган тўтиваччалар ўзи мусулмонмисизлар, деб сўрамоқчиман?

Мендан сал олдин Ҳазратқул Худайберди ака ҳам қуролли курашга чақирган эди.

Мақоласи ҳозир ҳам сайтда турибди, демак сиз Ҳазратқул акани ҳам калака қилиб кулибсиз. Мусулмонлар устидан кулиш ахлоқсиз одамларнинг иши бўлиб, куфрга олиб боради.

Мен жаноб Т.Ёқубовдан сўрамоқчиман, айтингчи, Каримов ҳукумати, Исроил, Америка давлатларига турли баҳоналар билан одамларни ўлдириш мумкину, менга ўхшаганларга зулмга қарши курашга чақириш ҳам мумкин эмасми?

Бу сизнинг демократиянгизнинг қайси моддасида ёзилган? Мен ҳам ўрганиб олай!

Қолаверса, мен Каримов режимига қарши курашнинг барча йўл, усулларини қўллаш кераклиги ҳақида гапирмоқдаман. Мен буни Расулуллоҳнинг (саллаллоҳу алайҳи ва саллам) зулмни қўл билан, тил билан ва қалб билан қайтариш ҳақидаги кўрсатмаларидан келиб чиқиб айтмоқдаман. Сизчи?

Йигирма йилдан бери демократия йўли билан ўзингизча курашмоқдасиз. Қани натижа? Сизнинг демократия йўли билан курашингизни чек-чегараси борми ? Ёки сиз Бойматов билан бирга юз йил давомида Франсада ўтириб, фақат гоҳи-гоҳида қичқириб қўймоқчимисиз? Оддий мазлум ўзбек халқига натижа керак, озодлик керак.

Қуруқ гап, аравани қуруқ олиб қочиш эмас.

Мен ҳам албатта, сиз каби тинч йўл билан режим алмашишини хоҳлайман. Лекин сизнинг натижасиз демократик курашингиз йўли билан яна неча йил оддий одамлар режим алмашишини кутиши керак? Ҳозир тахминан 8 млн. яқин ўзбеклар хорижда хору-зор гадоликда яшашга мажбурлар. Улар ҳам ўз юртларига қайтишни, ўша ерда яшашни хоҳлашади.

Хўп, сизлар йигирма йиллик курашчи экансизлар, қани шу курашнинг ҳисоботи?

Қайси давлатдан халқ номини ўртага қўйиб қанча маблағ олдингиз, қаерга, қандай мақсадларга сарфладингиз? Буни оддий халқ билиши керакми? Ҳа, шундай. Хўп, демократия хўжайинлари сизларга нима деб ваъда берган эди, охири нима бўлди? Қаерда тўхтаб қолган?

Нега демократия раҳбарлари бошқа давлатларда (масалан Ироқ) режимни узoғи билан икки ойда алмаштира оладилару, Ўзбекистон масаласида 20 йилга чўзилади?

Бунга ҳойнаҳой, сизларда жавоб бордир? Сизлар бу саволларга жавоб беришга мажбурсиз, бўлмаса халқ сизларни тинч қўймайди. Жавоб беролмасангиз фаолият доирангизни қисқартириб, кўп соҳаларга аралашмаслигингиз керак бўлади, жаноблар.

Террор масаласида. Ўзбекистонда, масалан Андижонни олайлик, Каримов минглаб одамларниниг қонини тўкиши, террор қилиши мумкину бироқ, мен кабилар ҳақ ҳуқуқимни тиклаш учун қуролли курашга чақирсам мумкин бўлмайдими? Қани бу ерда мантиқ, жаноб Ёқубов, Бойматов?

Ёки демократ акаларингиз қулоғингизни қаттиқ бураб қўйишганми? Назаримда, сизлар демократия ғояси моҳиятини ўзларингиз ҳам яхши тушунмайсизлар. Ҳали дунёда ҳеч ким, ҳатто Америка президентлари ҳам демократияни жамият қурилишининг энг охирги шакли, кўриниши, деб айтаётганлари йўқ.

Аксинча, демократиянинг дунё миқёсида инсоният муаммоларини ечишга ожизлиги кўпроқ кўриниб қолмоқда. Яна аксинча, Америка ва Оврўпанинг энг олдинги сафдаги зиёлилари мендан неча юз йиллар илгари демократияни рад этганлар. Сизга мисолни кўплаб келтиришга қодирман. Илгари ёзганларимда келтириб ҳам қўйдим.

Сизлар эса кеча Оврўпага келиб, дарҳол ўзингизни буткул демократияга бағишлаб улгурибсиз.

Сизларнинг ҳолатингиз бир вақтлар коммунистларнинг олдига тушиб, югуриб юрганларнинг ҳолатини менга эслатади. Қулоғингизга қуйиб олинг, сизларга ҳам, бошқаларга ҳам ҳеч ким ўзбек халқи келгуси ҳаёт йўлини ўз хоҳишича белгилаш хуқуқини бермаган. Мазлум халқ учун ёрдам қилиш имконингиз бўлса, холис қилинг. Миннат қилиб ёки бир ёрдам эвазига бошқага қул қилиб бериш сиёсатингиз хеч кимга керак эмас.

Сенларнинг саъй ҳаракатларинг ўша террорчи Каримов режими умрини узайтиришга, ”Эрк” партияси, ”13 май иттифоқи”и фаолиятига қарши қаратилган. Мен илгари мақоламда ёздим, биринг ”Мусулмон” ниқобини, биринг ”Демократ” ниқобини, яна биринг ”Ҳуқуқбон” ниқобларини тақиб олгансанлар.

Бузуқларнинг наздида мен касал эмишман. Билмасаларинг эслатиб қўяй, шариатдан узоқ юрганлар касал одамлар ҳисобланади. Мен шариат, деб юрибман.

Бузғунчилар, ғаламисларга маслаҳатим, асл мақсадингиз Каримов режимига қарши курашиш бўлса, ўзингиз танлаган йўл билан курашаверинг. Мен ҳам мусулмон сифатида қўлимдан келганича режимга қарши курашишга ҳаракат қиламан.

Бироқ, ҳеч қачон мени ёки яна кимларнидир баҳона қилиб, ”Эрк” партияси, ”13 май иттифоқи”и ёки шу каби тузилмаларга қарши курашманг, кимларнингдир нoғорасига ўйнаманг.

Дилмурод Худойқул.

Ponauz.cом

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.