ББС: «Мустақиллик даврида авжига чиққан қатағон ва таъқиблар мени чархлади…»
Кимлардир айрим йирик завод, корхона ва турли-туман биноларнинг қад ростлаётгани, бошқалари эса, тирикчилик илинжида миллионлаб фуқароларнинг меҳнат муҳожирлигига юз тутаётганига ўз эътиборларини қаратишади.
Айримлар Ўзбекистон спорт, маданият соҳасида эришаётган ютуқларини тилга олишса, яна бирлари матбуот, диний эркинликлар ва инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳволнинг қанчалар абгорлигига диққат қилишади. Хўш, 19 йил мустақиллик оддий ўзбекистонликларнинг касбий ва шахсий ҳаётларида қандай кечди?
Биз ҳафтанинг ҳар сешанба ва жума кунлари ўзбекистонлик турли касб соҳалари вакилларининг бу борадаги фикрларини веб саҳифамиз орқали эътиборингизга ҳавола этиб борамиз.
Сўнгги қаҳрамонимиз ҳозир муҳожиротда яшаётган ўзбекистонлик таниқли инсон ҳуқуқлари фаоли Мўътабар Тожибоева:
Мўътабар Тожибоева: 19 йил Мустақиллик давомида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ аҳвол ниҳоятда ёмонлашди. Бунга бир нечта сабаблар бор.
Масалан, “Даъвогар суст бўлса, қози иймонини ютади,” деган мақол бор. Қонунларнинг ижросини талаб қиладиган ва бузилган ҳуқуқларини тиклаш учун ҳамма нарсага тайёр турадиган русийзабонлар ва бошқа миллатга мансуб инсонлар мустақилликнинг дастлабки йилларида бошқа мамлакатларга кўчиб кетганликларининг ҳам таъсири бўлган, деб ҳисоблайманки, ўзбек миллатидаги юзхотирчилик, истиҳола қилиш амалдорларнинг қонунларга бўйсинмаслик ва фуқароларнинг ҳуқуқларини топташ иллатлари авжига чиқиб кетди.
Бугунги кунда қонунларнинг ижросини назорат қилиш ҳам, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳам фақат матбуотлардаю, ҳукумат ҳисоботларида кўринади, холос. Баъзи-баъзида оддий инсонларнинг матбуотларга ёзган шикоят хатлари юзасидан олиб борилган журналистик суриштирувлар натижасида юрак ютиб, матбуотда эълон қилинган танқидий мақолаларга умуман эътибор берилмайди, аксинча, ўша муаммо билан шуғулланган журналистларни ва мана шу танқидий мақолани чоп этган матбуот раҳбари “юқори”нинг қаҳрига учраши ва ҳатто ҳаёти хавф остида қолиши мумкин.
Бугунги кунда ҳуқуқлари бузилганлиги ҳақида давлат органларига шикоятлар йўллаган фуқароларнинг дарду ҳасратини эшитадиган, уларнинг ҳуқуқларини тиклашга кўмак берадиган ҳеч қандай куч қолмаган Ўзбекистонда. Инсонлар ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилиш имкониятларидан маҳрум бўлганликларининг асосий сабабларидан бири коррупциянинг энг юқори даражада авж олганлигида деб ҳисоблайман.
Би-би-си: СССР даври билан солиштирадиган бўлсак, бугун Ўзбекистонда одамлар қанчалик ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишга имкониятлилар?
Мўътабар Тожибоева: СССР даврида мен Ўзбекистон Халқ назорати қўмитасининг Фарғона вилояти Охунбобоев туманидаги бўлимида нозир вазифасида ишлардим. Мен ўша пайтда жамоатчи назоратчилар билан ишлаш ва фуқароларнинг шикоятлари билан ишлаш бўлимларини бошқарардим.
Ўша пайтларда қонунларнинг ижросини амалда бажарилишини жамоатчи назоратчилар билан биргаликда текширардик ва қонунларга итоат этмаган мансабдорлар комитет йиғилишида муҳокама қилинардилар. Халқ назорати қўмитасига келиб тушган ҳар бир шикоят эса, қатъий назоратга олинарди ва қонунда белгиланган муддатда фуқаронинг муаммоси ўрганилиб, бузилган ҳуқуқлари тикланарди.
Фуқаронинг ҳуқуқларини оёқ-ости қилган мансабдор қўмита йиғилишида муҳокама қилиниб, чора оларди. Энг долзарб муаммолар матбуотда доимий равишда эълон қилиб бориларди. Яъни ошкоралик ва инсон ҳуқуқлари муаммоларини ҳал қилиш қонун доирасида амалга ошириларди. Мен буни шахсан ўзим ишлаган соҳа бўйича мисол қилиб келтиряпман. СССР даврида раҳбарларнинг эътиқоди бор эди – яъни уларнинг коммунистик партияга эътиқоди кучли бўлиб, партия билетидан айрилишдан ниҳоятда қўрқишарди.
Мансабдорлар Худодан қўрқмасди, лекин партия билетидан айрилишдан қўрқишарди. Бугунги кунда ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишдан тўхтамасдан, билиб билмаган ҳолда коррупцияни фош қилаётган кўплаб фуқаролар руҳий касал, дея талқин қилиниб, уларни жиннихоналарга жойлаштириш ва жойлаш билан қўрқитиш ҳоллари тез-тез қулоққа чалиниб қоляпти.
Би-би-си: Инсон ҳуқуқлари фаоли сифатида бугун Ўзбекистонда бемалол фаолият олиб бориш мумкинми?
Мўътабар Тожибоева: Бугунги кунда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари фаоли сифатида бемалол фаолият олиб бориш нафақат мумкин эмас, балким хавфли ҳамдир. Ғарб давлатлари Ўзбекистонга инсон ҳуқуқларини оёқ-ости қилаётган мамлакат эмас, биринчи ўринда стратегик ҳамкор сифатида қараётганликлари боисидан ҳам инсон ҳуқуқлари муаммолари борган сари авж олиб бормоқда.
Шунинг учун ҳам инсон ҳуқуқлари муаммолари билан шуғулланадиган ҳар қандай инсон, хоҳ у инсон ҳуқуқлари фаоли бўлсин, хоҳ журналист, хоҳ адолатсизликка қарши курашувчи ўз ҳақ-ҳуқуқини талаб қиладиган инсон бўлсин, албатта ҳукуматнинг қора рўйхатига киритилади ва имкон бўлиши биланоқ мана шундай инсонлар жамиятдан изоляция қилинади.
Мана шундай оғир вазиятда ҳам Ўзбекистонда фаолиятини олиб бораётган фикрдошларимизнинг ўз ғояларига содиқ қолган ҳолда курашни давом эттираётганликлари таҳсинга лойиқдир. Чунки бирор ой йўқки, Ўзбекистонда қайсидир ҳуқуқ ҳимоячиси ёки журналист маҳкамага тортилмасин. Ҳар ойда кимнидир қамашади, кимнидир калтаклашади, яна кимгадир ҳужум уюштиришади. Лекин мана шунда ҳам мамлакат ичкарисидаги ҳуқуқ ҳимоячилари – дўстларимиз ўз фаолиятларини тўхтатганлари йўқ.
Би-би-си: Мустақиллик сизнинг касбий ва шахсий ҳаётингизда қандай кечди?
Мўътабар Тожибоева: Мустақилликнинг дастлабки йиллари мен учун бошқа йиллардан фарқ қилмаган оддий йиллар эди. Маҳаллий ва марказий матбуотларда танқидий мақолаларим ва очеркларим, шеърлару ҳикояларим тез-тез чоп этилиб турарди. Ёрдамга муҳтож бўлиб келган инсонларга кўмак беришимдан мамнун бўлиб ҳаёт кечирардим.
Сиёсатга ҳам аралашиб турардим – қандай маънодаки, биргина мисолни келтирсам, Республика “Ишонч” газетасининг 2000 йилнинг 24 октябрь кунги 156-сонида “Бундайларга шафқат йўқ” номли мақоламда Ўзбекистон ҳукуматининг ўша пайтлардаги марказий матбуотларда чоп этилган “Прокуратура айбномаси”ни қўллаб- қувватлаган ва бизнинг ҳурлик ва озодлигимизни кўра олмаётганларни қоралагандим.
Мен буни нима учун айтяпманки, бугунги кунда озодлигимиз, мустақиллигимиз, дея бонг ураётган, матбуотларда чиқишлар қилаётганлар ҳам ҳукумат томонидан яратилаётган атрофида нималар содир бўлаётганлигини ҳис қилмайдиган роботлар сингаридир. Мен 1999 йилда бўлиб ўтган сайловларга депутатликка ўз номзодимни қўйдиму, сайловчилар билан бўлиб ўтган учрашувларда халқнинг ҳақиқий аянчли аҳволини ўшанда тушуниб етдим.
Менинг касбий ва шахсий ҳаётимнинг қолган қисми ўта шиддатли, хавфли-хатарли кечди, десам тўғри бўларди. Чунки ҳаққоний сиёсат билан ўшанда юзма-юз келгандим. Матбуотларда бонг урилиб мақталаётган ҳаёт тарзимизнинг қанчалик абгор эканлигини ўшанда тушуниб етгандим.
Депутатликка номзодлар билан учрашувда бирор инсон ўз муаммоларини айтиб, қандай ечим топишни, кимга бош уриб боришни билмаётганлигини гапира бошласа, ўша инсонни қўлидан судраб, ташқарига олиб чиқиб қўйилганлигини, кейин унга эътибор бермаслигимизни, у одамнинг ўзи бироз ғалати бўлиб қолганлиги, нима деяётганлигини ўзи ҳам тушунмаслигини билдириб айтилган фикрлар қанчалик ёлғонлигини ҳис қилиб турсанг, ундан оғири йўқ экан.
Мен депутатликка сайланмадим, лекин халқнинг дардига малҳам бўлишда сиёсатдан фойдаланиш мақсадида Марғилон шаҳар Халқ Демократик Партияси қошида “Ўтюраклар” клубини ташкил қилдим. Мана шундан кейин мустақилликнинг қолган йилларидаги ҳаётим ниҳоятда шиддатли, хавф-хатарларга бой бўлди.
Би-би-си: Ўз шахсий ҳаётингиз мисолида айтадиган бўлсак, 19 йил ичидаги ўзгаришлар Ўзбекистон мустақиллигидан кутган умидларингизни оқладими?
Мўътабар Тожибоева: Халқ Демократик партиясининг фаоли, партия қошидаги “Ўтюраклар” клубининг асосчиси сифатида Мустақиллик байрамининг 9 йиллиги арафасида партиянинг “Ўзбекистон овози” газетасида “Мустақиллик майдонидан суҳбатлар” рукни остида “Кўнглимиз хотиржам – келажакка ишонч бор!” номли журналистлар билан суҳбатим чоп этилганди. Ҳозир ўша суҳбатни ўқисам, партиянинг энг илғор сафдаги фаолларидан ҳисобланган пайтимда содда ва ғўр бўлганлигимни ҳис қилиб, ўзимдан ўзим уяламан.
Би-би-си: Шўро даври билан қиёслаганда, мустақиллик сизга қандай янги имкониятлар берди деб ўйлайсиз?
Мўътабар Тожибоева: Шўро даври билан қиёслаганда, мустақиллик даврида авжига чиққан қатағон ва таъқиблар мени чархлади. Юқори вольтли печкага солинган лойдан ясалган коса жаранглайдиган чиннига айланганидек , бугунги кунда мен дунёнинг ҳар қандай бурчида ўз фикрим, ўз ғоямни олға суриш имкониятига эга бўлдим.
‘Мустақиллик даврида авжига чиққан қатағон ва таъқиблар мени чархлади…’
Fikr bildirish