ББС: Mo‘‘tabar Tojiboyeva OIning O‘zbekiston rahbari bilan uchrashish rejalarini qoraladi
«Ўтюракалар Клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, Оврўпо Иттифоқи режалари «аслида Ўзбекистонда ҳукм сураётган диктатурани, давлат даражасидаги қатағонни кучайтиради».
Ўзбекистон президенти ташрифи «Оврўпо давлатлари билан бир қаторда Ўзбекистон учун, унинг жафокаш халқи учун фойдали бўлса, биз уни шубҳасиз олқишлаган бўлар эдик. Аммо, афсуски, бундай эмас,» дейди Мўътабар Тожибоева.
У Оврўпо Иттифоқи раҳбарларини «Ўзбекистондаги демократия ва эркинлик сари бўлаётган ожиз интилишларни буткул яксон этмасликка» чақиради.
Ҳуқуқбоннинг таъкидлашича, Оврўпо Иттифоқининг 2005 йилда Андижонда юз берган қонли ҳодисалардан кейин Ўзбекистонга нисбатан олган «қатъий» мавқесидан қайтиши натижасида Ўзбекистонда «ўнлаб мутлақо бегуноҳ инсонлар, мухолифат фаоллари, инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистлар қамоқларга тиқилди.»
«Ўзбекистондаги демократия ва эркинлик сари бўлаётган ожиз интилишларни буткул яксон этмасликка чақираман,» дея Мўътабар Тожибоева мурожаатига якун ясайди.
«Ўтюраклар Клуби» раҳбари Мўътабар Тожибоева Андижон ҳодисалари юзасидан халқаро текширувлар ўтказиш талабини илгари суриши ортидан 2005 йил октябрида ҳибсга олинганди.
Ўзбек ҳукумати Андижон қирғинидан сўнг жиноий айблар билан саккиз йилга маҳкум этилган Мўътабар Тожибоевани озод этиш борасида халқаро босимлар остида қолди.
Мўътабар Тожибоева 2008 йил 2 июнида шартли равишда қамоқдан озод этилди.
Ҳуқуқбон озодликка чиққач, Ўзбекистон қамоқхоналарини «қийноқлар ороли,» деб атаганди.
Би-би-си ҳозирда Франсада яшаб, фаолият кўрсатаётган ҳуқуқбон билан суҳбатлашди.
Мўътабар Тожибоева ОИнинг Ўзбекистон раҳбари билан учрашиш режаларини қоралади
Fikr bildirish