ББС: Экстрадицияга қарши маҳкамаларга катта умид боғланаяпти

Қозоғистон Хавфсизлик қўмитасининг Олма-Отадаги ҳисбхонасида сақланаётган икки ўзбекистонлик бошпана изловчи олдига инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва журналистлар киришига рухсат этилган.

Ўтган йил ёзидан буён ҳибсда сақланаётган ўзбекистонлик бошпана изловчи Аброр Қосимов ва Маъруф Йўлдошевлар инсон ҳақлари фаоллари ва мустақил журналистлар билан учрашувни талаб қилиб очлик эълон этган эдилар.

Ҳибсда сақланаётган Аброр Қосимовнинг 3 февраль куни қаттиқ калтаклангани ҳақида яқинлари хабар қилганлар.

Уни кўриб чиққан адвокат буйрак қисмида кўкаришлар борлигини айтган эди.

Қовурғаси синган бўлишини гумон қилаётган Аброр Қосимов адвокат орқали жамоатчиликка мактуб билан мурожаат қилган.

Би-би-си бошпана изловчилар билан муваққат ҳисбхонада кўришган қозоғистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Денис Живаго билан суҳбатлашди.

Денис Живаго: Бу учрашувда Қозоғистон инсон ҳуқуқлари гуруҳидан мен, «Озодлик» радиоси мухбири, бошпана изловчиларнинг Ўзбекистонга экстрадиция этилишига қарши ишни тақдим этаётган адвокат, Олма-Ота шаҳар прокуратураси ҳамда Ҳарбий прокуратура вакиллари, Қозоғистон Хавфсизлик қўмитаси ходимлари бўлишди.

Ҳибсдагиларнинг соғлиги ҳақида гапирадиган бўлсак, Аброр Қосимов ўзининг калтаклангани ҳақида ариза ёзиб шикоят қилган эди. Маъруф Йўлдошев эса саломатлиги борасида ҳеч қандай шикояти йўқлигини, у Францияда бўлган ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан учрашишни талаб қилаётганини билдирди.

Биз Аброр Қосимовдан кийимларини ечиб танасини кўрсатишни сўрадик. У кўйлагини ечганда чап биқинида – буйраги остида кичкина кўкарган жой борлигини кўрдик. У ўзининг қаттиқ калтакланганини айтган эди, аммо биз танасининг бошқа қисмида бошқа бирор калтакланиш изини кўрмадик. Изолятор ходимлари унинг дўппосланганини рад этишмоқда.

Аброр Қосимов аризаси бўйича ҳозир Ҳарбий прокуратура иш қўзғаган, унинг қовурғаси сингани даъвосидан кейин рентгенга туширилган. Барча тиббий текширувлар натижалари терговга юборилган ва текширишлар давом эттирилаяпти. Текширишлар натижаси билан бизни таништиришга ваъда беришди.

Би-би-си: Қосимов танасидаги моматалоқ қандай пайдо бўлганини аниқлашнинг имкони бўлдими сизларда бугун?

Денис Живаго: Унинг биқинидаги кўкариш нимадан пайдо бўлганини ҳеч ким тушунтириб беролмаяпти. Аброр Қосимовнинг сўзларига кўра, уни калтаклашган.

Изолятор ходимлари эса уни дўппослаш ҳеч кимнинг хаёлига келгани йўқ, дейишаяпти. Аброр Қосимов, ўзини калтаклашган пайтда кўкарган жой изи катта эди, ҳозирга келиб кичрайди, деди. У ўзини бошқа ҳибсхонага ўтқазиш талабини қўйди. Расмийлар унинг бу сўровини кўриб чиқишларини айтишди.

Би-би-си: Очлик эълон қилган Қосимов ва Йўлдошев ўз талабларининг қондирилгани-қондирилмагани, очликни тўхтатиш-тўхтатмасликлари ҳақида нима дейишди?

Денис Живаго: Аброр Қосимов инсон ҳақлари ҳимоячилари, журналистлар ва БМТнинг Қочқинлар бўйича агентлиги ходимлари билан учрашишни талаб қилиб очлик эълон қилган. Биз кириб, «мана биз келдик, сизнинг инсоний ҳуқуқларингиз нақадар таъминланаётганини кўрмоқчимиз», дедик. Аммо биз БМТ Қочқинлар агентлиги номидан гапира олмаймиз, сабаби у ташкилот Аброр Қосимовни қочқин мақомидан маҳрум этган.

Маъруф Йўлдошев эса Франциядаги ўзбекистонлик инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари Мўътабар Тожибоева ва Надежда Атаевалар келиб ўзи билан учрашишларини талаб қилди. Ва у ўзининг Ўзбекистонга экстрадицияси тўхтатилишини талаб қилаяпти. Биз унга аҳволни тушунтирдик. Экстрадиция қарорига қарши ишни ҳозир маҳкамада кўришга тайёргарлик кўрилаётганини биз Йўлдошевга айтдик.

Би-би-си: Бошқа бошпана изловчиларнинг Ўзбекистонга топширилиши қарорига қарши бораётган ишларни сиз қандай баҳолайсиз?

Денис Живаго: Ҳозир қочқинлик мақомини бериш аризаларига рад жавоби берилгани юзасидан маҳкама жараёнлари бораяпти. Дастлаб биринчи инстанция, кейинги иккинчи инстация маҳкамалари бўлади ва ундан кейин ишлар Олий судга ўтказилади.

Тўғрисини айтсам, мен бу маҳкамаларнинг адолатли бўлишига ишонмайман, менинг умидим экстрадицияни тўхтатиш мақсадидаги маҳкамаларда. Чунки Ўзбекистонда қийноқлар қўлланиши борасида далиллар кўп ва қийноқларга қарши конвенцияни имзолаган мамлакат сифатида Қозоғистоннинг бу инсонларни Ўзбекистонга қайтаришга ҳаққи йўқ.

Экстрадицияга қарши маҳкамаларга катта умид боғланаяпти

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.