Қозоғистон ғарбида полиция ва нефтчилар ўртасида қуролли тўқнашув юз берди
Қозоғистон ғарбидаги Манғистау вилояти Жанаўзен шаҳрида ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ва иш ташлаган нефтчилар ўртасида тўқнашувлар юз берди.
Юзлаб нефтчилар олти ойдан буён Жанаўзен шаҳридаги марказий майдонни эгаллаб ўз норозилигини изҳор этиб келишаётган эди. Гувоҳларга кўра, тўқнашув натижасида камида икки одам ҳалок бўлган. Жараён нашри электрон манзилига келиб тушган ўнлаб “шошилинч” мактубларда нобуд бўлганлар ҳақидаги маълумотлар кескин ўзгармоқда.
“Отишмалар ҳали тингани йўқ, шаҳарда гўё уруш кетаётгандай. Улар (афтидан куч ишлатар тизимлар) етмишга яқин нефтчини тап тортмай отиб ташлади. Умуман шафқатсизларча муносабат яққол! Юздан ортиқ яраланганлар бор, шифохоналар жабрланганларга тўлиб кетган. Уч нафар полициячи ўлгани ҳам айтилмоқда.
Расмийлар ҳолат бўйича бир қатор жиноят ишлари қўзғатилганини айтяпти, аммо негадир қўзғатилган жиноят ишлари фақат нефтчиларга қаратилган, полиция ходимлари мутлақо жавобгарликдан озод”, дейилади электрон манзилимизга келган мактублардан бирида.
Айни дамда ВВС радиоси ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилишича, Жанаўзендаги бир қатор бинолар, жумладан ҳукумат идоралари, меҳмонхоналар ва давлат нефт компанияси қароргоҳи ёқиб юборилган. Жараён манбаларига кўра, бинолар куч ишлатар тизимларга қарашли фитначилар (провокатор) томонидан ёқиб юборилган.
Шаҳарнинг асосий майдонида ўрнатилган арча ҳам ёқиб юборилган. Мазкур ҳаракатлар расмийлар томонидан безорилик дея баҳоланган ва айни безориликлар ортида нефтчилар тургани таъкидланган.
“Фитначиларнинг бу қилмиши полиция учун дастак бўлди, улар, эътироз билдириб турган нефтчиларга ташланди табиий нефтчилар бунга қаршилик кўрсатди, кейин аллақандай гуруҳ, фуқаро кийимида келиб полиция машиналарини тепишга ҳар ҳил ҳунук гапларни бақириб ҳамма ёққа “олов пуркай” бошлади, шундан сўнг полиция махсус таркиби келдию ҳеч бир огоҳлантиришсиз нефтчиларга қарата ўқ отар қуролни ишга солди.
Ҳозир бутун шаҳар бу воқеадан жазавага тушган, бутун шаҳар нефтчилар ҳимояси учун кўчаларга чиқиб кетти. Полиция оддий одамларни ҳам калтаклаб ҳайдаяпти”, деб ёзилади электрон манзилимизга келган яна бир мактубда.
Маълумотларга кўра, Жанаўзен шаҳар маркази полиция кучлари томонидан назоратга олинган, бутун шаҳар қуролли махсус таркиб томонидан назорат қилинмоқда, шунга қарамай у ер-бу ерда отишма овозлари эшитиляпти. Манбаларимиз маълумотига кўра, шаҳар сари ёрдамчи махсус кучлар юборилган, тунгги соат 02:00га яқин Жанаўзенга ҳарбий техника киритилди.
Кўрилаётган чоралар ва шаҳарда авж олган фитналарга қарамай нефтчилар ўз эътирозини тиклаш ва давом эттириш, ҳалок бўлган сафдошлари учун жавобгарлик талаб қилиш аҳдида мустаҳкам турипти, маълум қилинишича нефтчиларни қўлловчилар сони соат сайин ортиб бормоқда.
Сўнгги маълумотларга кўра Жанаўзен шаҳар ҳокимияти ва ЎзенМунайгаз бошқармаси бинолари буткул ёниб кул бўлган, шаҳарда телефон алоқалари буткул узиб қўйилган. Ҳукумат томонидан кўрилган чора ўлароқ www.socialismkz.info, www.respublikas.info сайтлари тўсиб қўйилган, бундан ташқари guljan.org, Twiter ижтимоий тармоқлари ҳам тўсиб қўйилган.
Энг таажжублиси, дейилади маълумотларда, мамлакат мухолифати нефтчиларни қўллашдан тўхтаган, шунга қарамай бугун Алматида фуқаролик жамияти вакилларининг эътироз чиқиши ўтказилиши кутилмоқда. Расмийлар бу “йиғинни” ҳам ўтказилмаслиги чораларини кўрмоқда.
Fikr bildirish