Зеро Мўътабар Тожибоеванинг Шамил Атахановдек мухлиси бор экан, мухлиснинг истагини бажариш биз учун шараф
Гарчи ўзбекистонликлар учун 2010 йил воқеалари унутилмас яра бўлиб қолган эсада, эслатиш жоиз, 2010 йилнинг июнь ойида Қирғизистоннинг Ўш ва Жалолобод вилоятларида “Қирғизистон қирғини” номи билан муҳрланган қонли ҳодисалар рўй берди. Қирғиз расмийлари қирғизлар ва ўзбеклар ўртасида юз берган можарода бир неча юз одам ҳалок бўлганини айтиб келмоқда, аммо норасмий маълумотларга кўра қурбонлар сони бир неча юз баробарга кўп.
Қурбон бўлганлар ва зарар кўрганларнинг асосий қисмини ўзбеклар ташкил этгани таъкидланмоқда. Мислсиз зўравонликлар, ўзбек маҳаллаларидаги хонадонларга ўт қўйиш, вайрон этиш ва талон-тарожлар туфайли 100 мингдан зиёд ўзбекларнинг Ўзбекистондан вақтинча бошпана излашига мажбур этди.
Орадан бироз вақт ўтгач, финландиялик таниқли сиёсатчи Киммо Киллюнен етакчилигида қонли этник низо сабабларини ўрганиш бўйича халқаро мустақил тергов ҳайъати тузилди, ҳайъат 2011 йилнинг май ойида ўз текширишлари асосидаги ҳисоботини эълон қилди.
Ҳисоботда хусусан, Қирғизистонда инсониятга қарши жиноят содир этилгани, айни жиноятнинг асосий қурбонлари ўзбеклар бўлгани ва бу жиноятнинг олдини олиш борасида муваққат ҳукумат томонидан ҳеч қандай чоралар кўрилмагани айтилган.
Комиссия томонидан берилган тавсияларда эса, айниқса Қирғизистонда ўта миллатчилик ва миллат ажратиш ҳолларига қарши кескин курашмоқ лозимлиги айтилган.Шунингдек, халқаро мустақил тергов ҳайъати тавсиясида 2010 йилги июн воқеалари ортидан юз бераётган ўзбошимча ҳибсга олиш ва қийноқ ҳолларига барҳам берилиши кераклиги таъкидланган.
Бунга жавобан Қирғизистон парламенти жаноб Киммо Киллюненни Қирғизистон учун исталмаган шахс дея тан олиш ва унга Қирғизистонга киришни ман қилиш ҳақда қарор қабул қилди.
Ўтган ой аввалида Қирғизистон парламенти олдида чиқиш қилган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раиси Шамил Атаханов Ўш воқеалари ҳақида ҳикоя қилувчи “Шоқоллар вақти” филми ва китоби ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева ва айни кунларда қидирувда бўлган қирғизистонлик Макситов деган шахс томонидан яратилгани ва тарқатилгани ҳақидаги айблов билан чиқди.
Бунга жавобан баёнот қилган ҳуқуқ ҳимоячиси МХДҚ раиси томонидан билдирилган айбловларни тилидан чиқаётганини ақли у қадар англамаётган бир тутуруқсиз кимсанинг мантиқсиз минғирлаши дея баҳолади. М.Тожибоевага кўра, аслида у фақат китобнинг асл муаллифлари томонидан қилинган илтимосига биноан уларни кенг оммага тарқатиш ишида иштирок этган холос.
“Шамил Атахановнинг парламентдаги чиқишидан сўнг менга қирғиз касбдошларим боғланишди ва июнь қирғинига оид ҳужжатли китоб ёзишни таклиф қилишди. Мен бизнинг қўлимизда мавжуд бўлган барча маълумотларни ва қирғиз касбдошлар юбормоқчи бўлаётган янги маълумотларни қўшиб, майли “Шоқоллар вақти” деб аталмаса, сал бошқача, бироз аниқроқ ном остида китоб битиш ниятидаман ва мана шу имкониятдан фойдаланиб ваъда қиламан, китобнинг илк нусхасини, шахсий имзоим ва энг “самимий” тилакларим билан бирга шахсан Қирғизстон МХДҚ раиси Ш.Атахановга юбораман. Балким китобнинг презентациясига таклиф ҳам қиларман. Зеро Мўътабар Тожибоеванинг Ш.Атахановдек мухлиси бор экан, мухлиснинг истагини бажариш биз учун шараф”, деган эди М.Тожибоева ўзининг жавобий баёнотида.
Fikr bildirish