Жамшид Мухторовнинг укаси Хуршид Қозоғистонни тарк этган бўлиши мумкин

Ўзбекистонлик собиқ ҳуқуқ фаоли ва хозирда радикал гуруҳларга алоқадорликда айбланаётган қочқин Жамшид Мухторовнинг укаси Хуршид Мухторов ҳибсдан озод қилинган бўлиши мумкинлиги ҳақида Jarayon.com га 2 апрель куни айни пайтда Канадада истиқомат қилаётган мустақил журналист Улуғбек Ҳайдаров хабар қилди.

Унинг сўзларига кўра, Хуршиднинг Олмаотадаги ҳибсхонадан қўйиб юборилгани ҳақида журналистга ака-ука Мухторовларнинг онаси Робия Мухторова маълум қилган.

“У Хуршидни озод қилишгани ва ўғли 2-3 кун оиласи билан бирга бўлиб, сўнг Истанбулга жўнаб кетганини айтди. Аммо Хуршиднинг хотини Гулжан қайнонаси эрининг ҳибсдан озод қилиниши учун фақат 16 минг танга (100 АҚШдолларидан кўпроқ) миқдорида пултўлаганини ва эри ҳозирча озод қилинмаганини айтаяпти”, – деди Улуғбек Ҳайдаров.

Аввалроқ у Хуршид Мухторовнинг Ўзбекистонга депортация қилиниши мумкинлиги юзасидан хавотир билдирганди.

Эслатиб ўтсак, Хуршид Мухторов акаси Ўзбекистондан чиқиб кетганидан сўнг 2009 йилда мамлакатни тарк этишга мажбур бўлганди. Уч йил мобайнида у Олма ота шаҳрида БМТ қочқинлар иши бўйича олий комиссарлигининг Қозоғистондаги ваколатхонасидан қочқинлик мақомини олишни кутиб яшаб келган. Бироқ 2012 йилнинг 14 февраль куни Хуршид Олмаотада полиция ходимлари томонидан қўлга олинди.

Унинг ҳибсга олиниши бир пайтлар Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиб келган ва 2007 йили АҚШдан сиёсий бошпана олган акаси Жамшид Мухторов жорий йилнинг 21 январь куни Истанбулга учиб кетаётган пайтда Федерал тергов бюроси ходимлари томонидан О’Хэр аэропортида қўлга олинганидан сўнг содир бўлди.

ФТБ Жамшид Мухторов Туркия орқали Покистоннинг Вазиристон шаҳрига “кофирларга қарши курашиш учун” учиб кетаётганини маълум қилган. Қўлга олиш чоғида Мухторов махфий хизмат ходимларига қаршилик кўрсатмаган.

Ҳозир АҚШда Жамшид Мухторов устидан суд жараёни кетмоқда. Жамшид ўзига нисбатан билдирилаётган барча айбловларни инкор қилаяпти. АҚШнинг Денвер шаҳрида Катлин Тафоя раислигида бўлиб ўтган бир маҳкама чоғида Жамшид Мухторов: “Оллоҳга қасамки, мен ҳеч қачон буларни содир қилмаганман”, деди. Мухторовнинг сўзларига кўра, қўлга олинганидан бери ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари унга террорчига нисбатан муомала қилгандек муносабатда бўлишаяпти, уни айбланувчи якка ҳолда сақланадиган камерада тутиб туришибди ва хотини билан телефонда сўзлашишга рухсат беришмаяпти.

Жамшид Мухторовга нисбатан АҚШ Жиноий кодексининг 18-моддаси 2339Б қисмига мувофиқ, яъни террорчи ташкилотга кўмак ва моддий ёрдам кўрсатганлик айблови қўйилган.

Америка расмийлари Мухторов АҚШ ҳудудида ҳам бирор-бир террорчилик ҳаракати содир этишни режалаштиргани бўйича далил-исботларга ҳозирча эга эмасликларини билдирганлар. Жамшид Мухторовнинг айби судда ўз исботини топган тақдирда, унга 250 минг АҚШ доллари миқдорида жарима солиниши ва у 15 йилга озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

Jarayon.com ака-ука Мухторовларнинг тақдирини яқиндан кузатиб, бу ҳақда ўз ўқувчиларини хабардор қилиб боради.

 

 http://www.Jarayon.com/

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.