Ўзбек матбуоти Гулшан Қораевани бадном қилишга уринмоқда
“Qashqadaryo” газетасида қаршилик ҳуқуқ фаоли Гулшан Қораева танқид қилинган мақола чиқди. “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева мазкур материални “буюртма” деб атади.
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари жамиятининг Қашқадарё вилоятидаги вакиласи Гулшан Қораева “Жараён” мухбири билан суҳбатда газетада чиққан мақола ҳақида танишларидан эшитганини айтади.
“Бу газета 16 октябрь куни чиққан экан. Мен “Союзпечать”га бориб, ўша газетани сотиб олдим”, – дейди Қораева.
Ҳуқуқ фаоли “Пашшадан фил ясашдан мақсад нима?” сарлавҳали бу мақоланинг сканерланган нусхасини бизга юборишга муваффақ бўлди. Биз эса, ўз навбатида, ундаги айрим парчаларни муштарий эътиборига ҳавола қиламиз.
Мақола муаллифи Гулшан Қораева арзимаган хабарларни интернет воситасида тарқатиш орқали имкон бўлиши билан пашшадан фил ясашга уринишини ёзади.
“Қаршилик Гулшан Қараева уйида чироқ ўчиб қолса ҳам “дард”ини интернет сайтига “тўкиш”ни одат қилибди”, – деб ёзади мақола муаллифи.
Мақолани ўқиганимизда уни журналист эмас, куч ишлатар тизим ходими ёзибди, деган таассурот қолди. Нега шундай фикрга келганимизга қуйида изоҳ берамиз.
Мақола бошиданоқ муаллиф Гулшан Қораеванинг фамилияси, исми ва отасининг исми, яшаш жойи, туғилган санаси, фарзандлари сони, маълумотига оид шахсий маълумотларни келтиради, ҳуқуқ фаолининг акаси хорижда яшаши ва ҳоказолар ҳақида ёзади.
Шу ўринда “Бу анкета маълумотларининг оддий муштарийга нима кераги бор ва вилоят газетасининг оддий журналисти қўлига ҳуқуқ фаолига оид шахсий маълумотлар қандай тушиб қолди?” деб сўрагинг келади. Буни ё муаллиф муайян қасд билан йиққан, ёки унга бу маълумотларни мазкур мақоланинг “буюртмачи”си лутфан тақдим этган. Шу жойда яна савол туғилади: буларнинг ҳаммаси қандай мақсадни кўзлаб амалга оширилган?
Қайд этиш жоизки, ҳуқуқ ҳимоячисига қарши мақола ҳаққоний бўлмаган фактлар ва далиллар устига қурилган бўлиб, уни ёзган одам қуруқ, асоссиз айбловлар қўйиш орқали кин ва ғазабини тўкиб солади.
Мақоладан қисқа парча келтирамиз: “Кимларгадир юртимиздаги улуғвор ислоҳотлар, бунёдкорлик ишлари ёқмаяпти. Кимлардир осойишта ва фаровон ҳаётимизга ола қарашда давом этишаяпти. Кимлардир тотли ошимизга оғу солишга тиш-тирноғи билан ҳаракат қилишаяпти. Бунда Гулшан Қараева кабилардан фойдаланишмоқда”, – деб ёзади мақола муаллифи.
Мақолада ҳаё ва андиша каби ўзбекча қадриятлар ҳақида кўп эслатилса-да, муаллиф шаҳар ижтимоий таъминот бўлими томонидан ҳуқуқ фаолининг касал ўғли Муҳаммад Бозоровга ногиронлар араваси ва бошқа совғалар берилгани каби воқеаларни эслатишдан тортинмайди. Бунга жавобан муаллифга “Яхшилик қил – дарёга ташла…” деган ўзбекча нақлни эслатгинг келади.
“Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева Гулшан Қораевага қарши ёзилган мақолани ўзбек махсус хизматларининг буюртма мақоласи, деб атайди. Мазкур мақолани ёзган муаллиф Шоҳиста Бозорова эса, ҳуқуқ фаолининг фикрича, Ўзбекистонда фуқаролик жамияти вакилларига босим ўтказишда Миллий хавфсизлик хизмати қуролига айланган.
“Ўзбекистон ҳукумати ўзининг олиб бораётган ғайриинсоний сиёсатига қарши турадиган, инсон ҳуқуқлари муаммолари юзасидан фикр юритадиган ва ҳуқуқ бузилишларига қарши курашадиган ҳар қандай куч, ҳар қандай инсонга нисбатан ваҳшийлик ва ўта ёвузлик билан жавоб қайтариши ҳеч кимга сир эмас.
Энг ачинарлиси, халқнинг дардкаши бўлиши керак бўлган ўзбек матбуоти вакиллари бугунги кунда ўзбек халқининг муаммоларини кўтариш ўрнига бир ҳуқуқ фаолига, аёл кишига қарши туҳмат мақолаларни ёзиш даражасида тубанлашаётганидир”, – деди Мўътабар Тожибоева.
Бу маҳаллий расмийлар томонидан қаршилик ҳуқуқ ҳимоячисига босим ўтказиш бўйича биринчи уриниш эмас. Бунгача Гулшан Қораева ҳужумга учраган, унга таҳдид қилинган, обдон қўрқитилган. Шу йил баҳорида унинг уйи деворига ҳақоратли сўзлар ёзиб кетилганди.
Бундан ташқари, ҳозирги пайтда Гулшан Қораева ва унинг акаси Санжар Қораевга нисбатан жиноий иш қўзғатилган. Қарши милицияси ходимлари Санжарни ўз қўшниларига тан жароҳати етказганликда, Гулшанни эса уларни ўз таҳқирлаганлик ва уларга бўҳтон қилганликда айблаб келмоқдалар.
Шу йилнинг 13 октябрь куни ҳуқуқ фаолининг 100 ёшни қоралаб қолган момоси Бибисулув Алимардонова ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан турли фитналарга рўбарў қилинаётган ва ноҳақ босимга дучор этилаётган набиралари Гулшан ва Санжар ҳимояси учун Қашқадарё вилоят ҳокимияти биноси олдида пикет ўтказишга чоғланганди.
Бироқ маҳаллий расмийлар бу акциянинг ўтказилишига монелик қилганлар. Пикет ўтказилиши керак бўлган куни Гулшан Қораева ва унинг момоси милиция ходимлари томонидан ушлаб кетилган. Қарши шаҳар Ички ишлар бўлими биносида ўтказилган бир неча соатдан кейин иккала аёл ҳам озод қилинган.
Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари аввалроқ Гулшан Қораева билан боғлиқ вазият юзасидан хавотир изҳор қилиб, Ўзбекистон расмийларини ҳуқуқ фаолининг хавфсизлигини таъминлашга чақирганди. Бироқ маҳаллий амалдорлар ҳали бу чақириқларга бирон марта ҳам расмий жавоб қайтаргани йўқ.
Кузатувчилар Гулшан Қораева билан содир бўлган сўнгги воқеани унинг ҳуқуқ ҳимоячилик фаолияти ҳамда уни Ўзбекистондаги диктаторлик режимига қарши жим туришга мажбурлаш уриниши билан боғламоқдалар.
Fikr bildirish