Тожикистон: Қамоқдаги қийноқлар бўйича кўрсатма берган маҳбуслар қийноққа солинди

Тожикистон пойтахтидаги жазони ўташ муассасаларидан мамлакат шимолига этап қилинган маҳбусларнинг яқинлари 7 ноябр куни норозилик намойиши ўтказди.

Душанбе шаҳридаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Бюрога ҳам шикоят билан мурожаат қилган намойишчилар Хўжанд шаҳридаги 23- жазони ўташ муассасасига  этап қилинган маҳбусларнинг аксарияти аёвсиз калтакланганини айтганлар.

Элликдан ортиқ маҳбуснинг Тожикистон пойтахтидан Хўжанд шаҳрига этап қилингани ҳақидаги хабар бу мамлакатдаги «Қийноқларга қарши кураш коалицияси» нодавлат ташкилоти вакиллари томонидан ҳам тасдиқланди.

Уларнинг сўзларига кўра, этап қилинган маҳбуслар орасида шу йил сентябрида қамоқхонада жон таслим қилган Ҳамза Икромовнинг ўлими билан боғлиқ иш юзасидан кўрсатма берган тўрт нафар маҳбус ҳам бор.

“Улар орасида менинг ўғлим Суннатулло Ризоев ҳам бор. У бунгача Душанбедаги 1-қамоқхона масъуллари томонидан босимга учраган. Кеча Хўжанд шаҳрига этап қилинганидан кейин эса Ҳамза Икромовнинг ўлими билан боғлиқ кўрсатмаларини ўзгартирмагани сабабли аёвсиз калтакланган, қийноққа солинган. Уни калтаклаган турма ходимлари: “Бу сен  бизни матбуотга сотганинг, Ҳамза Икромов ўлими ҳақида жар солганинг учун”, деган. Ҳозир ўғлимнинг аҳволи жуда оғир экандан ташвишдамиз”, дейди этап қилинган маҳбуслардан бирининг отаси Маҳмурод Ризоев.

Унинг айтишича, маҳбусларни, хусусан, Ҳамза Икромов иши юзасидан кўрсатма берганларни пойтахтдан узоқроққа этап қилишдан мақсад улардан халқ орасида “Гуантанамо” номини олган Хўжанд қамоқхонасида ўч олишдир.

“Прокуратурада аризамиз кўриб чиқилиши ва чора кўрилиши айтилди. Лекин қачон кўрилади,менинг ўғлим ҳам қийноқдан жон таслим қилганидан кейинми? Қамоқхоналарда  бу тартибсизлик қачонгача давом этади, қонунлар ким учун?” дейди норози оҳангда маҳбуснинг отаси Маҳмурод Ризоев.

Бошқа бир маҳбус – Садриддин Тошевнинг отаси Баҳриддин Тошев ҳам Хўжандга этап қилинганидан сўнг аёвсиз калтакланганини ва бу борада у билан телефон орқали суҳбатдан билганини гапирди.

“Ўғлим жуда қаттиқ калтакланганидан боши, юзи ва бутун бадани қорайиб, қовоқлари шишиб кетганини айтди”, дейди Баҳриддин Тошев.

2000 йил бошида ўғрилик, қотиллик, гаровга олиш ҳамда исёнчи Маҳмуд Худойбердиев гуруҳига аъзолик каби оғир жиноятларда айбланиб, йигирма йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган Садриддин Тошев 2011 йили Тожикистонда эълон қилинган “олтин авф”га биноан озодликка чиқарилмаганидан кейин норозилик билдириб, ўтган йилнинг сентябрида очлик эълон қилган эди.

Ўша норозилик акциясидан кейин маҳбуснинг яқинлари унга нисбатан босим кучайгани ва ҳуқуқ-тартибот идораларидаги айрим шахслар уни жисмонан йўқ қилиши мумкинлигидан хавотир билдириб келадилар.

Айни пайтда Тожикистон Адлия вазирлигининг қамоқхоналарни назорат қилиш бош бошқармаси расмийлари бир гуруҳ маҳбусларнинг пойтахтдан Сўғд вилоятига этап қилиниши ва бунинг сабабларига оид журналистлар саволларини жавобсиз қолдиришни афзал билмоқдалар.

Шу ўринда айтиш лозимки, 7 ноябр куни Женевада БМТ Инсон ҳуқуқлари Кенгаши мажлисида юқори даражали Тожикистон ҳайъати ҳисобот берган. Айтилишича, кечаги йиғилишда Тожикистон Бош прокурори Шерхон Салимзоданинг бу мамлакатда қийноқлар масаласига оид маърузаси тингланган.

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.