Суд Елена Урлаевани мажбурий равишда даволаш тўғрисида қарор чиқарди
6 апрель куни Тошкентдаги суд “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари Альянси” йўлбошчиси Елена Урлаеванинг руҳий хасталар шифохонасида мажбурий равишда даволаниши тўғрисида қарор чиқаргани маълум бўлди.
Ҳуқуқ ҳимоячисининг яқинлари шифохона ходимлари Урлаевага нисбатан яхши муносабатда эканликлари, қариндошларига Еленани келиб кўриш ман қилинмаганини билдиришди. Аммо маълум бўлишича, ҳуқуқ ҳимоячисининг аҳволи ҳамон оғирлигича қолмоқда. Шу билан бирга, қизининг руҳий аҳволи салбий томонга ўзгарганини кўрган ва юрагига яқин олган Елена Урлаеванинг 80 яшар онасининг соғлиғи ҳам ёмонлашгани маълум бўлди.
Эслатиб ўтсак, ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева Тошкентдаги руҳий хасталар шифохонасига жорий йилнинг 5 апрель куни ўз яқинлари томонидан ётқизилганди. Баъзи мустақил интернет нашрлар ҳуқуқ фаолининг шифохонага жойлаштирилишига унинг яқин ўтмишда хориж сафаридан қайтиб келгач, православликдан воз кечиб, Ислом динини қабул қилгани ва шунинг оқибатида руҳий аҳволи ёмонлашгани сабаб бўлганини ёзишмоқда.
“Жараён” Ўзбекистондаги ҳуқуқ фаоллари билан боғланиб, бу вазиятга ойдинлик киритишга ҳаракат қилди. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси иштирокчиларидан бирининг айтиши бўйича, Елена Урлаева яқинда Туркияга сафар қилган ва у ердан қайтиб келганидан кейинги илк кунлари унинг ҳолатида ҳеч қандай ўзгариш сезилмаган. У касбдошларига муслима бўлганини айтган.
Манбага кўра, кейин унинг руҳий аҳволи секин-аста ўзгариб, гап-сўзларида чалкашликлар сезила бошланган. Охирги уч кунда эса Урлаеванинг вазияти оғирлашиб қолган. Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Абдулла Тожибой ўғлига Елена Урлаева билан бирга ишлайдиган Шуҳрат исмли “Альянс” вакили қўнғироқ қилиб, Еленанинг тоби йўқлигини айтган. У Абдулла Тожибой ўғлига:“Еленанинг уйига бориб кўрсангиз, аҳволи чатоқ. Қўрқиб кетманг тағин”, деб айтган.
Абдулла Тожибой ўғли ушбу қўнғироқдан кейин яна бир ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Баҳодир Намозов билан биргаликда Елена Урлаеванинг хонадонига боришган. Қуйида Абдулла Тожибой ўғлининг “Жараёнга” йўллаган маълумотини келтирамиз:
“Тўғридан-тўғри воқийликни ёритаман. Биз, мен ва Баҳодир Намозов биргаликда Еленанинг уйига соат 11.30 ларда бордик. Бизни Елена эшик ортидан кутиб олди, у эри келганидан кейин уйига таклиф эта олишлигини, сабаби у Исломни қабул қилганини, бизларга ҳам Исломга кириб, беш вақт ибодатда бўлишимизни таклиф қилди.
Баҳодирнинг “Нима, энди сен фаолликдан қайтдингми?” деган саволига, у “Қуръонда бу ман этилмаган”, деди, менинг соғлиғи масаласида берган саволимга эса, у “Мен соппа-соғман”, деб жавоб берди.
Биз уни балкондан қарашини илтимос қилдик, у қаради. 3-чи қават балконидан қараган Еленанинг ўзи эди ва у рўмолга ўраниб олган эди. У бизга қараб “Оллоҳу акбар” деб бир неча бор қичқирди. Кейин биз кетдик”.
Бошқа ҳуқуқ фаолларининг “Жараёнга” айтишларича эса, Урлаева уларга “иккита нотаниш одам келиб уйимнинг эшигини бузмоқчи бўлишди”, деган. Маълум бўлишича, Елена Урлаева уйидаги кўплаб ҳужжатларни ёқиб юборган, маълум қисмини эса БОМЖ кампирга макулатура учун бериб юборган.
Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳужжатларни қутига солиб чиқиб кетаётган кампирни тўхтатмоқчи бўлганларида, кампир ҳам, Елена Урлаева ҳам бақир-чақир қилишган.
Ҳуқуқ фаоли Абдулла Тожибой ўғли жорий йилнинг май ойида Елена Урлаева Женевада бўлиб ўтиши режалаштирилган тадбирда Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари вазияти бўйича нутқ сўзлаши кутилгани ва шу мақсадда у катта ҳисобот ҳам тайёрлаб қўйганини айтади. Бироқ яқинда руҳий аҳволи ёмонлашган Урлаева ҳамкасбларига, Женева сафари учун тайёрланган ҳужжатларнинг ҳаммасини йўқ қилиб ташлаганини айтган.
“Жараёнга” маълум бўлишича, 5 апрель куни, тушдан кейин Елена Урлаеванинг аҳволи ниҳоятда оғирлашган. У ойнага қараб, “Бу мен эмасман, шайтон менга қараяпти”, дея дод солган. Унинг аҳволини кўрган, яқинда Россиядан қайтиб келган ўғли Денис, онасини видеотасвирга туширган.
Тахминан кундузги соат тўртларда Елена Урлаеванинг аҳволи оғирлашганда, уни тинчлантиришга кучи етмай қолган онаси ва ўғли тез тиббий ёрдам чақиришга мажбур бўлишган. Улар аёлни руҳий хасталар шифохонасига ётқизишни кўзлаб эмас, балки шифокорлар унга тинчлантирувчи муолажа қилишлари учун тез тиббий ёрдамга мурожаат қилишга мажбур бўлишганини айтишган.
Бироқ воқеа жойига етиб келган тез тиббий ёрдам шифокорлари ҳуқуқ ҳимоячисига тиббий ёрдам кўрсатиш, унга тинчлантирувчи муолажа қилиш ўрнига, аёлни дарҳол руҳий хасталар шифохонасига олиб кетишган.
Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева билан содир бўлган воқеага нисбатан ўз фикрини билдирган «Ўтюраклар Клуби” Инсон Ҳуқуқларини Ҳимоя Қилиш Халқаро Ташкилотининг раҳбари Мўътабар Тожибоева бундай дейди: “Мени фикримча Ўзбекистон ҳукумати халқаро майдонда танилиб улгурган ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаевадан қутилиш ва шу билан биргаликда бошқа ҳуқуқ ҳимоячиларини ҳам қўрқитиб қўйиш мақсадида бу фитнани уюштирган. Чунки охирги вақтда Еленанинг руҳий ҳолатининг ёмонлашишига олиб келиши мумкин бўлган воқеалар кўпайганди”.
Бундан аввал Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари альянси раисаси Елена Урлаеванинг ўзи ҳам яқин орада руҳий хасталар шифохонасига мажбуран ётқизилиши эҳтимоли, ўзбек расмийлари буни амалга ошириш учун астойдил ҳаракат қилиб келишаётгани ҳақида Uznews.net Интернет нашрига ўтган йилнинг декабрь ойи бошида берган интервьюсида айтиб ўтганди.
Ўшанда Урлаева, унинг руҳий хасталар шифохонасида даволаниши кераклиги тўғрисида акт тузилиб, у якуний қарор чиқарилиши учун судга бериб юборилганини, унинг руҳий хасталар шифохонасида даволаниши кераклиги ёки керак эмаслиги бўйича суд ўз қарорини 2012 йилнинг май ойида чиқариши кераклигини ҳам маълум қилганди.
Шунингдек, ўз интервьюсида Елена Урлаева 2003 йили Москвада мустақил психиатрик экспертизасидан ўтгани, натижада россиялик шифокорлар уни руҳан мутлақо соғломлигини билдиришгани, бироқ ўзбек ҳукумати бу экспертиза натижасини тан олишдан бош тортаётганини ҳам айтиб ўтган.
“Аввалроқ мен уларга бир неча маротаба медицина кўриги натижаларини кўрсатгандим, аммо улар менга бошқа давлат экспертизаси ҳеч қандай роль ўйнамаслигини айтишди”, -деганди ўз интервьюсида Елена Урлаева ва ўзбек расмийларининг унинг руҳий носоғломлигини исботлашга қилаётган урунишлари фақатгина ҳуқуқ ҳимоячисининг касбий фаолияти сабаб юзага келганини алоҳида таъкидлаб ўтганди.
Эслатиб ўтсак, бундан бир неча йил аввал ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева шаҳар марказида ўтказган пикети учун руҳий хасталар шифохонасига ётқизилганди. Ҳуқуқ ҳимоячиси жойлаштирилган шифохона ходими эса “Жараён” ходими билан суҳбатда шифохонага олиб келинган пайти Урлаеванинг руҳан соғлом бўлганини, бироқ даволаш муассасасида унга кўплаб зарарли дорилар берилгани ва керагидан ошиқ эмланганини айтиб ўтганди.
“Урлаевани олиб келишганида мен у билан шахсан ўзим гаплашгандим. Унинг ақли, гап-сўзлари жойида эди. Кейин эса унга роса кўп зарарли дорилар ичиришган, зарарли уколлар қилишганди. Кунига олтмишга яқин укол оларди бечора. Ҳаммаси уни овозини ўчириш учун қилинганди”, – деганди Тошкент шаҳар руҳий хасталар шифохонаси ходими.
Бундан аввал ўзбек расмийлари ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаевага босим ўтказиш ва унинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича фаолиятига тўсқинлик қилиш мақсадида унинг асранди боласи Муҳаммад Машуровни тортиб олишга ҳаракат қилишганди.
Ўшанда Тошкент шаҳар ҳокимиятига Уралева ўз эри билан боланинг зарурий тарбиясини бера олишмаяпти, қабилида шикоят топширилганди. Бундан ташқари ҳуқуқ фаоли президент Ислом Каримовнинг Дўрмондаги қароргоҳига юриш уюштирмоқчи бўлган пайти, махфий хизматлари унинг турмуш ўртоғи Мансур Машуровга нисбатан босим ўтказиб, уни ҳуқуқ фаоли бўлган хотинига қарши қўйишган ва ҳаттоки қўл кўтаришига ҳам мажбурлашганди.
Баъзи ҳуқуқ ҳимоячилари юқорида келтирилган нохуш воқеаларнинг ҳаммаси Елена Урлаеванинг руҳий аҳволига салбий таъсир этган бўлиши мумкинлигини эҳтимолдан соқит қилишмаяпти.
“Жараён” ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Елена Урлаева вазиятини яқиндан кузатиб, бу борада ўз ўқувчиларини хабардор қилиб боради.
Fikr bildirish