Kаримов ҳақидаги китоб муаллифлари Mўътабар Tожибоевага ёрдам сўраб мурожаат қилдилар
“Шайтон-2” (“Дьявол-2”) ва “Мунофиқ-2” (“Иуда-2”) китобларининг муаллифлари ўзбекистонлик таниқли ҳуқуқ ҳимоячиси, Франциядаги “Ўтюраклар” халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоевага Ўзбекистон президенти Ислом Каримов жиноятларини фош қилувчи китобларни инглиз тилидаги нусхасини Европадаги нуфузли халқаро ташкилотлар вакилларига тарқатишда ёрдам беришини сўраб мурожаат қилдилар.
– Бу китобларнинг муаллифлари жамоатчилик Ўзбекистондаги амалдаги режим, хусусан, президент Каримов жиноятларидан воқиф бўлмоғи керак, деб ҳисоблайдилар. Шунинг учун биз уларга ёрдам беришга рози бўлдик, – дейди Мўътабар Тожибоева.
Китоблар мазмуни ҳақида икки оғиз сўз: юз бетдан иборат иккала китобда ҳам Ўзбекистон президенти Каримов тажовузкор ва золим ҳукмдор сифатида тилга олинган. Шунингдек, уларда Каримовнинг таржимаи ҳоли, у ва оила аъзолари томонидан содир этилмиш жиноятлар баён қилинган. Шу билан бир қаторда, китобларда Саддам Ҳусайн, Қаддафий ва Чаушеску каби мақтул диктаторлар расмлари билан бир қаторда Ислом Каримовнинг ҳам сурати келтирилган.
Мўътабар Тожибоева ушбу китоблар мамлакат ичкарисига ҳам олиб кирилиши керак, дея ҳисоблайди.
– Чунки бу китобларда келтирилган Каримов жиноятларидан ҳамма хабар топиши керак. Бу китоблар Каримов жиноятларининг оммага ошкор бўлган ва кўпчилик учун гизли бўлган қирраларини очадиган муҳим далилдир. Яна мени хурсанд қилган томони шуки, бу китобларнинг пайдо бўлиши Каримов режимига қарши курашда янги бир тўлқин юзага келганини англатади. Бу китоблар, фильмлар, саҳна кўринишлари, менимча, жамоатчилик фикрини шакллантиришга кўмак беради, – дейди ҳуқуқ фаоли.
“Шайтон-2” (“Дьявол-2”) ва “Мунофиқ-2” (“Иуда-2”) китоблари рус ва инглиз тилларида чоп қилинган. Мўътабар Тожибоева китоб муаллифларини билиши, аммо сўз бергани боис, уларнинг исмларини ошкор қилолмаслигини айтади. Муаллифлар илтимосига биноан Мўътабар Тожибоева мазкур китобларнинг инглиз тилидаги нусхасини Европадаги нуфузли халқаро ташкилотлар вакилларига топширмоқчи.
Китоб муаллифлари айни пайтда махсус сайт очиб, унга китобларнинг электрон версияларини жойлаштирганлари маълум бўлди. Энди ўқувчилар “Шайтон-2” (“Дьявол-2”) ва “Мунофиқ-2” (“Иуда-2”) ни http://iuda-2.com/ сайтига кириб ўқишлари ҳам мумкин бўлади.
Май ойи ўрталарида айрим оммавий ахборот воситалари ушбу китоблар минтақа ва хорижий мамлакатларда тарқатилгани ҳақида хабар қилгандилар. Бу орада “Шайтон-2” (“Дьявол-2”) ва “Мунофиқ-2” (“Иуда-2”) китобларининг адади ва уларнинг қанчаси одамларга тарқатилгани номаълумлигича қолмоқда.
Эслатиб ўтсак, 16 май куни Озодлик радиоси ўзининг душанбелик мухбири маълумотларига таянган ҳолда мазкур икки китоб Тожикистонда тарқатилаётгани ҳақида хабар қилганди.
Хабар қилинишича, китобларда баён этилмиш Роғун ГЭСи қурилиши атрофидаги можаро, ўзбек-тожик чегарасидаги муаммолар ҳамда икки миллат ўртасида кундан-кунга адоват кучайишига сабаб бўлаётган Ислом Каримов сиёсати тожик жамиятида бу нашрларга катта қизиқиш уйғотган.
Китоблар билан танишиб чиққан тожикистонлик кузатувчилар “Шайтон-2” (“Дьявол-2”) ва “Мунофиқ-2” (“Иуда-2”) даги баъзи маълумотлар мухолифатдаги “Эрк” партияси ва Ўзбекистон Халқ ҳаракати раиси Муҳаммад Солиҳга дохил сайтлардан олинганини айтмоқдалар. Аммо бу мавзу юзасидан Озодлик мухбири саволларига жавоб берган Муҳаммад Солиҳ ўзининг мазкур китоблар нашрига ҳеч қандай алоқаси йўқлигини айтган.
Fikr bildirish