Интернетда Ислом Каримов ҳақидаги янги видео роликлар пайдо бўлди
Жорий йилнинг май ойи ўрталарида Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ва унинг оила аъзолари содир қилган жиноятларни фош қилувчи “Шайтон-2” (“Дьявол-2”) ва “Мунофиқ-2” (“Иуда-2”) китобларининг тарқалиши кетидан RuTube видео порталига Каримов ҳақида суратга олинган “Мунофиқ-2” («Иуда-2”) (“Шайтон ва Фаришта») дея номланган саҳна кўриниши ҳам жойлаштирилди.
“Етар” Ўзбекистон ёшлар ҳаракати ва “Тўмарис” аёллар ҳаракати томонидан ҳозирлангани айтилаётган 23 дақиқали бу саҳна кўринишида Ислом Каримов ролини ижро этган актёр “Мунофиқ-2” (“Иуда-2”) китобини ўқиб, унда ўзи ҳақида келтирилган маълумотлардан жазавага тушгани кўрсатилади.
Хусусан, мазкур саҳна кўринишида Каримов аввалига Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати ичидаги яширин гуруҳ вакили экани тахмин қилинган “сиëсатшунос Усмон Ҳақназаров” мақолаларида айтиб келинган, сўнг эса “Мунофиқ-2” («Иуда-2”) китобидан жой олган ўзининг дунёга келиш тарихи, яъни Ўзбекистон президентининг онаси Санобар ва биологик отаси Исҳақ Мирзоқандов ўртасида бўлган зино оқибатида дунёга келгани, унинг болаликда раҳм-шафқатни билмайдиган бола бўлиб ўсгани, Самарқанднинг “Сиёб” бозорида қилган ўғирликлари, олий ўқув юртида таҳсил олган кезлари, боққан отаси Абдуғани Каримов қамалиб чиққани унинг Ўзбекистон компартияси биринчи котиби лавозимига тайинланишига тўсқинлик қилганидан сўнг Ислом Каримов унга қўл кўтаргани, шундан сўнг отаси томонидан оқ қилингани, шунингдек, унинг котиблик лавозимига тайинланишига кимлар ёрдам бергани ва бошқа маълумотларни ўқийди ҳамда бундан фиғони фалак бўлади.
Саҳна кўринишида Ислом Каримовнинг чап елкасига ўтириб олган шайтон ва ўнг елкасида турган фаришта тортишуви кўрсатилган. Саҳна кўриниши ижодкорлари талқинича, Каримовга доим инсофга чақириб турувчи фариштадан кўра мудом кимларнидир “таъзирини бериб қўйиш” иштиёқида ёнган шайтоннинг гапи кўпроқ маъқул. Саҳна кўринишида бош қаҳрамонига шайтоннинг муттасил равишда унга “хўжайин” дея ялтоқланиб мурожаат қилиши мойдай ёқаётгани кўрсатилади. Айни пайтда Ислом Каримов ҳам бу маддоҳни “Шайтонбой” дея эъзозлайди.
“Жараён” муштарийлари Ислом Каримов ҳақида суратга олинган “Мунофиқ-2” («Иуда-2”) (“Шайтон ва Фаришта») дея номланган саҳна кўринишини қуйидаги сайтга кириб http://rutube.ru/tracks/5650932.html кўришлари мумкин.
Франциядаги “Ўтюраклар Клуби ” Ҳалқаро Инсон Ҳуқуқларини Ҳимоя Қилиш Ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоевага кўра, “Етар” ёшлар ҳаракати ва “Тўмарис” аёллар ҳаракати томонидан тайёрланган дея талқин қилинаётган “Мунофиқ-2” («Иуда-2”) “Иуда-2” саҳна кўринишида баъзи хатоликларга ҳам йўл қўйилган. Унинг ижодкорлари ҳуқуқ фаоли Елена Урлаева билан журналист Елена Бондарни алмаштириб қўйгани ва бошқа жузъий камчиликлар шулар жумласидандир.
“Мен ушбу гуруҳнинг ишларига омад тилаш билан биргаликда уларнинг кейинги фаолиятларида бундай камчиликларни бартараф этишларини сўраб қолардим”, – дейди Мўътабар Тожибоева.
Айни пайтда ҳуқуқ фаоли мобил телефонлари орқали тарқатилишга мўлжалланган Ўзбекистон президенти Ислом Каримов ҳақида суратга олинган махсус қисқа роликлар ҳам пайдо бўлганини айтади.
Ўзбекистон раҳбари ҳақидаги 36 сонияли “Қовун ўғриси” ва 2 дақиқа 22 сониядан иборат “Шайтонга шукр” дея номланган бу роликлар мамлакат ичида ва хорижий ўлкаларда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар кўриши учун мўлжалланган.
Роликларнинг бирида Ислом Каримов ниқобини кийган актёр Ўзбекистон раҳбарининг келиб чиқиши ҳақида гапиради.
Роликларнинг иккинчисида эса қўлида пиво ушлаб олган Каримов тепада осилган ўз портрети пастда эса Гитлер ва ўз фарзандини ўлдирган Иван Грозний портрети олдига бориб гаплашади. Биринчи портретга қараб Ислом Каримов: “Сени ўз ўғлингни ўлдирганинг учун ҳурмат қиламан, лекин мен ўз ватаним ўғлонларини ўлдирдим”, – дейди.
Гитлер портретига қараб эса: “Сени эса, тўнғиз мўйлов, миллатчилигинг учун ҳурмат қиламан, мен эса нафақат еврейларни, мусулмонларни ҳам ўлдирганман, яъни мен бу қотилликни ХХI асрда қилдим, бунга катта маҳорат керак, лекин менга ҳеч нарса бўлмайди, чунки айблагани далил йўқ”, – дейди.
Кейин Каримов портретларга қараб: “Сен ҳам, сен ҳам, сен ҳам, барака топгур, – дея яна ўз портретига қараб, – бу жиноятларимиз учун катта обрў топганмиз, лекин бу ишларимиз учун шайтонга шукр қилишимиз керак”, – дейди.
Мўътабар Тожибоева бу роликларни нафақат хорижда юрган ўзбекистонликлар, балки мамлакат ичида яшаётган фуқаролар ҳам кўриши муҳим, дея ҳисоблайди.
“Бу роликлар асосан Ўзбекистон ичида ва ташқарида хор бўлиб юрган ўзбекларнинг кўзини очишга хизмат қилиши учун олинган. Менга, айниқса, мобиль телефонлар учун тайёрланган иккита қисқа ролик ёқди. Бу роликлар юморга бойлиги билан ўзбек халқига яқин, деб ҳисоблайман”, – дейди Мўътабар Тожибоева
Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистонда узоқ муддат яшаган ва иш олиб борган даниялик сиёсатшунос ва журналист Майкл Андерсен Каримов ҳақида олинган роликлар юмор билан ишланганига эътибор қаратади.
“Менга ролик муаллифларининг ҳазил ва сатирани ишлатганлари жуда-жуда ёқди. Ана у ерда маска кийиб олган Каримов кўринаяпти – бу жуда кулгули ва Ўзбекистон фуқаролик жамияти фаоллари ишларидаги янгилик, бу жуда ҳам яхши. Мени Марказий Осиёдан бўлган журналист ва фаолларнинг кинояни кам ишлатишлари ҳайрон қолдиради. Бу ерда эса аксинча! Албатта, кейинчалик уларда буни янада ривожлантириш имконияти бор. Мен учун уларнинг келгуси ишларини кўриш ҳам қизиқарли бўлади. Менимча, буни “отахон” (Каримов демоқчи) ҳам кўради”, – дейди Майкл Андерсен.
Айтиш жоизки, Ислом Каримов ҳақида суратга олинган саҳна кўриниши ва қўл телефонлари учун мўлжалланган роликлар май ойи охирида кўпгина мамлакатларда тарқатила бошланган Ўзбекистон президенти Каримов тўғрисидаги “Шайтон-2” (“Дьявол-2”) ва “Мунофиқ-2” (“Иуда-2”) китобларининг муаллифлари томонидан яратилди.
Айни пайтда ушбу китоблар, саҳна кўриниши ва роликлар муаллифлари АҚШда ўз веб-сайтларини яратганлар ва бу сайт Ўзбекистон президенти Ислом Каримов содир қилган жиноятларни фош қилишга бағишланганини билдирганлар.
Муштарийлар Ислом Каримов ҳақидаги китоблар, фильм ва роликлар билан http://iuda-2.com/ сайти ва мана бу линклар орқали таниша оладилар:
http://www.youtube.com/watch?v=kjkjIlPINcc, http://www.youtube.com/watch?v=P_mPbr4QVck.
Fikr bildirish