Мўътабар, 50 ёшингиз муборак бўлсин!
Бугун, 2012 йил 25 августда, ўтюрак синглимиз, “Ўтюраклар” Клуби раҳбари, инсон ҳуқуқларини шиддатли ҳимоячиси Мўътабар Тожибоева 50 ёшга тўлади. Шу муносабат билан, бу қутлуғ ва ёруғ ёш билан мен Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамиятидаги сафдошларим номидан ва шахсан ўзим номимдан Мўътабар Тожибоевани самимий табриклайман.
Адашмасам, Мўътабар Ўзбекистонда шаклланган ҳуқуқбонлик ҳаракатига 2000 йилда кириб келди. Оддий кириб келди эмас, шиддат билан кириб келди. Танишганимиздан бир-икки ой ўтгач менда “Ҳуқуқбонлик Мўътабарнинг қонида бор экан!” деган фикр уйғунлашди ва тез орада мен бунга амин бўлдим.
Мўътабар ҳуқуқбонлик ҳаракатини асосан Фарғона водийсида олиб борди. Тез орада унинг номи халққа танилди, унинг сафдошлари пайдо бўлди. Одамлардан: “Мўътабарнинг бир ўзи ўнта эркакнинг ишини қилаяпти” деганларини эшитганман. Мўътабарнинг мисли кўрилмаган фаолияти Ўзбекистонда шаклланган сиёсий бошқарув одамларини жиддий ташвишга туширди.
Ҳукуматнинг оғзига қарамаган фуқаровий жамият вакилларини қамашга ўрганган Ўзбекистон кучишлатар органлари Мўътабарни 2005 йил 7 октябрда қамоққа олишганда: “Энди Мўътабар Тожибоева қамоқдан товбасига таяниб чиқади” деб ўйлаган бўлсалар керак, бироқ улар қаттиқ адашдилар. Қамоқнинг ичида унинг ўзи курашди, ташқарида унинг учун бутун дунё курашди. Мўътабар қамоқдан ҳукумат кутганидай синиб чиқмади, аксинча, у янада курашга чанқоқ бўлиб чиқди.
Биз бундан кейин ҳам инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдай мўътабар вазифани Мўътабар ҳормай-толмай, оғишмай ва янада шижоат билан давом эттираверади, деб умид билдирамиз.
Биз Мўътабарни унинг 50 ёшлик байрами билан табриклаб, унга сиҳат-саломатлик, умрига барака, ишларига ривож тилаймиз.
Толиб Ёқубов
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти фахрий раиси
25 август 2012 йил 24-август
Франция
Fikr bildirish