Тожикистонда мустақил сайтларга тўсиқ қўйиш давом этмоқда
Матбуот эркинлиги бўйича Тожикистондаги вазият таранглашмоқда. Сўнгги икки ой давомида бу мамлакатда “Азия плюс”, “ББС” ва “РИА новости” сингари маҳаллий ва хорижий сайтлар тўсиб қўйилганди. Куни кеча улар сафига “Тожнюс” ҳам қўшилди.
“Тожнюс” масъулларининг айтишича, Тожикистон Алоқа хизмати ҳеч бир огоҳлантиришсиз сайтга тўсиқ қўйган.
Мазкур сайт муассиси “ИНДЕМ” жамоатчилик ташкилотининг 20 сентябр куни ёйинланган баёнотида “матбуот эркинлиги билан мамлакатдаги вазият ёмонлашаётгани”дан хавотир билдирилган.
“Биз бу қарорни Тожикистон фуқароларининг эркин матбуотдан баҳраманд бўлиш ҳуқуқи поймол қилаётган, шунингдек сўз эркинлиги ва журналистларга ўз касбий фаолиятини давом эттиришлари йўлида тўсиқ бўлаётган ҳамда мамлакат Конституцияси ва жорий қонунларига зид, деб биламиз. Энг муҳими Алоқа хизмати бу қадами билан мамлакат матбуот хавфсизлигини савол остига қўймоқда”, дейилади “ИНДЕМ” жамоатчилик ташкилотининг пайшанба куни айрим хабар агентликлари орқали тарқатилган баёнотида.
Жорий йил ёзида Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида ҳукумат кучлари билан мухолифат ўртасида қуролли тўқнашув содир бўлганди. Ҳукумат қуролли кучларининг минтақа бўйлаб бошлаб юборган кенгкўламли ҳарбий амалиётларини бевосита ёритиб борган мустақил сайтлар, хабарларга кўра, махсус буйруқлар асосида тўсиб қўйила бошлаган эди.
Fikr bildirish