“Эзгулик” жамияти: Фуқарони миршаблар ўғирлаб кетди

Жорий йилнинг 19 сентябрь куни соат 11.30 да Боёвут тумани Боёвут разъезд маҳалласида яшовчи, 1984 йилда туғилган, 2 нафар гўдакнинг отаси Хўрозбоев Абдураҳмон Тўйчиевични Жиззах вилояти ИИБнинг жиноят қидирув бўлими ходимлари олиб кетишган, дея хабар қилади Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти.

“Эзгулик” маълумотига кўра, ЖҚБ миршабларидан бирининг исми Олмос Ахмедов, иккинчиси номаълум. Ўша кундан бери Абдураҳмон ҳеч қаерда йўқ. Судсиз, санкциясиз тумандаги Президентнинг намунали уйлари қурилаётган “Зарбдор” хўжалигидан олиб кетилган, сўнгра ғойиб бўлган бу йигит оддийгина автокранчи бўлган.

Айтилишича, Абдураҳмон ҳақида ҳеч ким яқинларига маълумот бермаган. Сўнгра улар сирдарёлик эзгуликчилар ҳамроҳлигида қамоққа олиш учун санкция бериши мумкин бўлган судлар, изоляторлар, вақтинчалик сақлаш ҳибсхоналари, прокуратура, МХХ органларига кириб чиқишган. “Лекин Абдураҳмондан дарак йўқ, аксинча, Жиззах шаҳар ИИБ навбатчиси, сержант Нуриддин Қобилов 20 сентябрь куни икки нафар ЖҚБ ходими уни аллақаёққа олиб кетишаётганини кўрганини айтди”, дейилади “Эзгулик” матбуот варақчасида.

Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиларининг сўзларига кўра, Абдураҳмоннинг отаси Тўйчи бобонинг юраги хаста, онаси бетоб. Орадан ўтган 8 кунда улар адойи тамом бўлганлар. Қариндошларнинг кўнглига ваҳм оралаган.

“Участка нозири Абдураҳмонни тутиб келишларини ИИБ бошлиғи буюрганини айтмоқда, аммо миршаббошининг ҳузурига пашша ҳам учиб киролмайди, у бировни қабул ҳам қилмайди. Хуллас, Абдураҳмон соғми, тирикми, дунёда борми-йўқми – ҳеч ким билмайди. Уни миршаблар олиб кетган, тўғрироғи, ўғирлаб кетган. Аксинча, олиб кетилган одам ҳақида маълумот берилади-ку!” деб ёзади эзгуликчилар.

Абдураҳмоннинг қариндошлари ваҳима ичида ўтирган соатларда Европада Ҳамкорлик ва Хавфсизлик Ташкилотининг Варшавада инсон ҳуқуқларига оид анъанавий саммити ўтмоқда.

“Дунёнинг ривожланган кўплаб мамлакатлари қаторида бизнинг пўрим делегациямиз, гапга чечан жанобларимиз ҳам Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларининг барқ ураётганидан гапиряпти. Бу ерда эса ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳатто ушлаб кетилган, ҳибсга олинган, қамалган шахс ҳақида яқинларига, ҳимоячиларига маълумот беришни ҳам эп кўришмайди. Чунки инсон ҳуқуқининг алифбоси саналмиш бу амалиётни миршабларимизнинг ўзи билишмайди-да!” дейилади “Эзгулик” хабарида.

Айни пайтда Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти бу гал Жиззах вилояти прокуратураси ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари маъмуриятини Абдураҳмон Хўрозбоев тақдири юзасидан маълумот беришга чақирмаган.

Зеро, эзгуликчилар фикрича, уларнинг барчаси бундан бохабар, фақатгина профессионал бурчи бўлган мажбуриятни саботаж қилмоқда.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.