Халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари Фарҳодхон Мухторов ҳимоясига чиқди
Жорий йилнинг 1 октябрь куни “Ўтюраклар Клуби” халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти, Ўзбекистон виждон тутқунларини озод қилиш қўмитаси, Инсон ҳуқуқ фаоллари ҳуқуқларини ҳимоя қилиш обсерваторияси, Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси ҳамда Қийноқларга қарши бутунжаҳон ташкилоти Бишкекда ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Фарҳодхон Мухторовнинг таъқиб қилиниши юзасидан ўз хавотирларини билдириб, матбуот варақчасини ёйинлади. Мазкур баёнотни Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Халқаро Жамияти фахрий президенти Толиб Ёқубов ҳам имзолаган.
“Ташкилотларимиз жаноб Фарҳодхон Мухторов Ўзбекистонга қайтарилган тақдирда қийноқларга дучор қилиниши мумкинлиги юзасидан ташвишда. Биз Қирғизистон ҳукуматини ҳуқуқ ҳимоячиси ва унинг оила аъзолари хавфсизлигини таъминлашга чақирамиз. Қирғизистонда ҳимоя излаётган ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Фарҳодхон Мухторов қийноқлар мавжуд бўлган мамлакатга депортация қилиниш хавфи остидадир”, -дейилади халқаро ташкилотлар эълон қилган матбуот варақчасида.
Аввалроқ “Жараён” жорий йилнинг 14 сентябрь куни Қирғизистон пойтахти Бишкекда 44 ёшли ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Фарҳодхон Мухторов ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан қўлга олингани ҳақида хабар қилганди. Ўшанда милиция ходимлари ҳуқуқ фаоли хотини ва фарзандлари билан бирга яшаб турган ижара уйи эшигини бузиб киришган, Мухторовнинг қўлларини қайириб, уриб, уни Ички ишлар вазирлигининг Жиноят қидирув бош бошқармасига олиб кетишган. Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари Мухторовни бир неча соат давомида сўроқ қилган ва Ўзбекистонга экстрадиция қилиш билан таҳдид қилгандилар.
Ўзбекистон расмийлари томонидан Конституциявий тузумга тажовуз қилганликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган ҳуқуқ фаоли ўша куннинг ўзида Бишкекдаги “Фуқаролар коррупцияга қарши” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти кўмагида озод қилинганди.
Аммо ҳибсдан озод бўлган Мухторов уйига қайтиб келганидан сўнг ижарага олинган квартира эшигининг қулфи алмаштириб кетилганига гувоҳ бўлганди.
Маълум бўлишича, қўлга олиш пайтида милиция ходимлари Фарҳодхон Мухторовнинг шахсий буюмлари, хусусан, унинг ҳужжатлари, ноутбук, флешка ва CD дискларини ноқонуний равишда олиб қўйгандилар.
Бир неча кун ўтгач эса Мухторов Бишкек шаҳар Октябрь туман ички ишлар бўлимига чақиртирилганди. У ерда милиция капитани Нурбек Амрақулов ишонч телефонига қўнғироқ қилган шахс Мухторовни “Ҳизбут-Таҳрир” ва Исломий жиҳод иттифоқи каби радикал гуруҳларга аъзоликда айблаганини ҳамда унга тегишли электрон ахборот ташувчи воситалар экспертиза учун Миллий хавфсизлик хизматига юборилганини маълум қилган. Фарҳодхон Мухторовнинг ўзи эса бу каби айбловларнинг мутлоқо ноўрин эканини таъкидлайди.
“Мен ҳеч қачон бу ташкилотларнинг аъзоси бўлмаганман. Бундан ташқари, мен уларнинг ғоясига умуман қаршиман”, – деди “Жараён”га Фарҳодхон Мухторов.
Унинг айтишича, 28 сентябрь куни ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоли Бишкек шаҳар ички ишлар бош бошқармасига чақиртирилган.
“Азад исмли Ички ишлар бош бошқармаси ходими менга мен кимлигим, Қирғизистонга қачон ва қаердан келганим, жорий йилнинг 14 сентябрь куни нима бўлгани, мен турган уйнинг эшигини ким ва нима сабаб бузгани, мен бузилган эшик ҳақини тўлаш-тўламаслигим бўйича ҳар хил саволлар бера бошлади. Сўнг Бақит исмли терговчи келди ва у ҳам менга шу саволларни бера бошлади. Сўроқ пайтида мен ижарага турган уй эгасини онаси ҳам қатнашди ва у менга нисбатан ақл бовар қилмас айбловлар билдириб, менга нисбатан руҳий босим ўтказа бошлади. Ўйлашимча, у менга қарши руҳий босим ўтказиш учун кимнингдир қўлида қуролга айланган ва кимдир унга буларни ўргатмоқда. Ахир бундан аввал маҳаллий махфий хизматлар мени ўзлари томонга оғдиришга ҳаракат қилиб кўрдилар, аммо ўйлаган ниятларига етмадилар”, – дейди Фарҳодхон Мухторов.
Унинг айтишича, ҳуқуқ фаоли кеча ҳам Бишкек шаҳар Октябрь туман ички ишлар бўлимига борган.
“Чунки терговчи Нурбек Амрақулов экспертиза натижалари 1 октябрь куни чиқишини ва менинг радикал гуруҳларга аъзо эмаслигим исботланган тақдирда, нарсаларим қайтариб берилиши ҳақида айтганди”, – дейди Фарҳодхон Мухторов.
Аммо душанба куни ҳам ҳуқуқ фаолига ашёлари қайтариб берилмаган – терговчи унга экспертиза муддати яна 20 кунга узайтирилганини айтган.
Айни пайтда қатор халқаро ташкилотлар Қирғизистон ҳукуматини Фарҳодхон Мухторов ва унинг оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлашга, ҳуқуқ фаолини қўлга олиш ва унинг уйида тинтув ўтказиш пайтида ноқонуний олиб қўйилган унинг шахсий буюмларини қайтариб беришга ундамоқдалар.
Шу билан бирга, инсон ҳуқуқлари ташкилотлари қирғиз расмийларини Мухторовнинг ноқонуний равишда қўлга олиниши бўйича ҳолат юзасидан текширув ўтказиш ва унда қатнашган шахсларнинг халқаро ҳуқуқ меъёрларига мувофиқ равишда жавобгарликка тортишга чақирмоқдалар.
“Ташкилотларимиз БМТнинг қочқинлар бўйича ваколатхонасини қирғиз ҳукумати билан биргаликда охирги ҳодисалар юзасидан тегишли чоралар кўриб, Фарҳодхон Мухторовнинг оиласи билан биргаликда учинчи давлатга кўчириш бўйича кўмак кўрсатишга чақиради”, – дейилади матбуот варақчасида.
Эслатиб ўтамиз, Фарҳодхон Мухторов Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари алянсининг собиқ аъзосидир. У 2009 йили товламачиликда айбланган ва беш йилга озодликдан маҳрум этилганди.
2010 йилда муддатидан аввал қамоқдан озод қилинган Мухторов зудлик билан Ўзбекистонни тарк этишга ва бошқа мамлакатдан бошпана сўрашга мажбур бўлганди. Ўша пайтдан бери у оиласи билан бирга Бишкекда яшаб келмоқда.
Fikr bildirish