Сурхондарё милицияси мухолифатчини тутиб кетди
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида мухолифатдаги “Эрк” партияси фаоли Фахриддин Тиллаев маҳаллий милиция ходимлари томонидан ҳибс этилди.
Бу ҳақда “Озодлик” радиоси “Эрк” партиясининг бош котиби Отаназар Ориповга таянган ҳолда хабар тарқатди.
Ҳозирча милиция ходимлари мухолифатчини қаерга олиб кетгани маълум эмас.
Фахриддин Тиллаев ҳуқуқ фаоли Абдулла Тожибой ўғли ва Нуриддин Жуманиёзов билан биргаликда шу йилнинг 23 сентябрь куни Тошкентдаги Қўйлиқ мардикор бозорида иш топиш илинжида келган кишиларга «Мустақил мардикорлар касаба уюшмаси»га кириш учун варақалар тарқатишган ва шу ердан милиция ходимлари томонидан ушлаб кетилганди.
Шу куннинг ўзида уларни қонунга хилоф фаолиятда айбдор деб топган Тошкент шаҳар Ҳамза туман суди варақа тарқатувчиларнинг ҳар бирига 7 миллион 235 минг 500 сўмдан жарима солганди.
Суднинг бу қарорини асоссиз деб билган фаоллар ўша пайтда Ҳамза туман суди қарори бўйича Тошкент шаҳар судига арзланажакларини билдиргандилар.
Фахриддин Тиллаев ўтган йилнинг декабрь ойида ҳам Бойсун туман ҳокими истеъфосини талаб қилиб, пикетга чиққани учун милиция ходимлари томонидан ушлаб кетилган ва туман ички ишлар бўлими ҳибсхонасида беш сутка ётиб чиққанди.
Fikr bildirish