Ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаевнинг дараги чиқди

“Озодлик” радиосининг ҳуқуқ фаолининг укасига таяниб маълум қилишича, Ўктам Пардаев халқни пахта териш мажбуриятига қарши исёнга чиқаришга уринганликда гумон қилинмоқда.

Ўткир Пардаевнинг айтишича, сентябрь ойи охирида Жиззах шаҳрида қўлга олинган акаси – ҳуқуқ фаоли Ўктам Пардаев судланган ва 15 суткалик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Ҳозирча Ўктам Пардаевга нисбатан жиноят иши очилгани ҳақида маълумот йўқ. Ҳуқуқ фаолининг укаси сўзларига кўра, суднинг қарори нима асосда чиққани ëки ҳуқуқ фаолининг айнан нимада айбланаëтгани унинг яқинлари учун ҳозирча қоронғу.

Ҳуқуқ фаолининг қариндошлари суд қарори нусхасини ҳам ололмаганларини айтишган. Суд ҳаттоки Ўктам Пардаевга шахсий адвокат ёллашга рухсат бермаган.

“Адвокат ҳам давлатнинг одами”, – дея маълум қилган Ўткир Пардаев Озодлик радиосига.

Давлат адвокати ҳуқуқ фаолининг қариндошларига Ўктам Пардаев халқни пахта теримига чиқмасликка чақиргани ва шу орқали гўёки халқни исёнга даъват қилишга урингани учун судланганига ишора қилган.

Аввалроқ “Жараён” Ўктам Пардаев 30 сентябрь куни Жиззах шаҳар ички ишлар бўлимининг 7 кишидан иборат махсус гуруҳи томонидан қўлга олиниб, номаълум тарафга олиб кетилгани ҳақида хабар қилганди. Ҳуқуқ ҳимоячиси ўзининг олиб кетилаётгани ҳақида сўнгги лаҳзада укаси Ўткирга телефон орқали хабар қилишга улгуриб қолган.

34 ёшли Ўктам Пардаев 2006 йилдан буён Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилояти бўлимига раҳбарлик қилиб келади.

2006 йилнинг 29 июнида жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар суди ҳукмига мувофиқ, у мамлакат Жиноят кодексининг 105-моддасида (Тан жароҳати етказиш) айбланиб, 4 йилга озодликдан маҳрум қилинган ва 2007 йилнинг 11 январида Амнистия акти билан озод қилинганди.

 

www.Jarayon.com

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.