Қирғизистон: Ҳукумат уйини босиб олиш ҳаракати муваффақиятсиз якунланди
Бишкекда мухолифатчи депутатлар томонидан уюштирилган митинг иштирокчилари Оқ уйни босиб олишга уринган пайтда милиция билан тўқнашди.
Юзлаган киши иштирокидаги тўқнашув чоғида, сўнгги маълумотларга қараганда, 12 киши тан жароҳати олган, улардан 7 нафари милиция ходимларидир.
3 октябрь куни эрталаб Қумтор олтин конини давлат тасарруфига ўтказиш талаби билан митинг бошлаган кишилар мухолифатчи депутат, “Ата Журт” партияси лидери Қамчибек Ташиев нутқидан кейин жунбушга кела бошлади.
Ташиев ўз нутқи якунида: “Керак бўлса, Чингизхон ўзининг 17 фарзанди билан ҳокимиятни олиб қўйган. Нима учун биз бу ерга 10 минг одамни йиғамиз, деб кутиб ўтиришимиз керак экан. Нима учун биз бу ерга 20 минг одамни йиғиб, кейин ҳокимиятни оламиз, деб кутишимиз керак экан. Ичингиздан 20 та одам чиқадими? Мен билан бирга юринглар, ҳозир бориб, ҳокимиятни оламиз. Олиш керак! Олиш керак! Олиш керак!” деб қичқирганидан кейин митингчилар Ҳукумат уйи томон оқа бошлади.
Бироқ Оқ уйни ўраб турган темир панжаралардан ошиб ўтган намойишчилар милиция қаршилигига дуч келди. Уларга қарши шовқин чиқарувчи гранаталар, кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлар қўлланди. Шундан сўнг куч ишлатар тизим ходимлари ҳужумчиларни Оқ уйдан ҳам, унинг қаршисидаги майдондан ҳам сиқиб чиқарди. Милицияга фаол қаршилик кўрсатган бир неча киши ушланди.
Оқ уйни эгаллаб олиш бўйича ҳаракатлар самара бермагач, митингчилар эртага яна йиғилишга келишиб, тарқала бошладилар.
Бу орада Давлат миллий хавфсизлик қўмитаси, Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратура ходимлари иштирокида Ҳукумат уйига ҳужум уюштирган митинг ташкилотчилари ва иштирокчиларига нисбатан жиноий иш қўзғаш масаласи билан шуғулланадиган идоралараро тергов-тезкор гуруҳи тузилди. Тез орада мазкур гуруҳ митинг ташкилотчиларига нисбатан “Ҳокимиятни куч билан эгаллаб олиш” моддаси бўйича жиноий иш қўзғаш ҳақида қарор чиқарди.
Митингдан сўнг маҳаллий ахборот агентликларига интервью берган Қамчибек Ташиев митингчиларни Оқ уйни эгаллаб олишга даъват этмаганини, у шунчаки ўз иш жойига ўтишга ҳаракат қилганини айтиб чиқди.
Оқшом пайти парламент депутатлари Қамчибек Ташиев ва Садир Жапаров Қирғизистон Давлат миллий хавфсизлик қўмитасида сўроқ қилинаётгани маълум бўлди.
Қирғизистон пойтахтида мухолифатчилар ҳокимиятни эгаллаб олишга уринаётган бир пайтда мамлакат президенти Алмазбек Атамбаев Туркияда дам олаётганди. Хабарларга кўра, Атамбаевнинг Қирғизистонга эртага қайтиши кутилмоқда.
Fikr bildirish