Мухолифатчи Баҳодир Чориевнинг отаси устидан жиноят иши очилди

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамиятининг вакили Абдураҳмон Ташановнинг “Жараён”га маълум қилишича, жамият фаоли Ҳасан Чориев ҳокимга туҳмат қилганликда айбланмоқда.

Маълумотларга кўра, жорий йилнинг 4 октябрь куни Қашқадарё вилояти Яккабоғ туман судида 69 ёшли жамият фаоли Ҳасан Чориев устидан жиноят иши кўрила бошланди.

Бу ҳақда “Жараён” билан суҳбатлашган Абдураҳмон Ташанов Қашқадарё вилояти Қамаши туман Ички ишлар бўлими томонидан қўзғатилган жиноят иши материалларида ҳуқуқ фаоли Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг 139-моддаси 3-қисми (туҳмат) билан айбланганини айтади.

“У гўё Қамаши туман ҳокими Рашид Муҳаммадиевга туҳмат қилган”, – дейди Абдураҳмон Ташанов.

Жиноят иши материалларига кўра, ҳуқуқ ҳимоячиси Чориев жорий йилнинг 6 июнида Миллий хавфсизлик хизматининг Қашқадарё вилоят Чироқчи туман бўлинмасига Қамаши туман ҳокими Р. Муҳаммадиевнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан ариза билан мурожаат қилган.

Ҳуқуқ фаоли ўз аризасида Қамаши тумани Чимқўрғон чорраҳасидаги давлатга тегишли  441-контурда жойлашган 37 гектар ер майдонида ҳоким ўз чорва молларини боқтираётганини таъкидлаган. Текширишлар жараёнида ҳокимнинг мансаб ваколатини суиистеъмол қилиши билан боғлиқ фактлар гўё ўз исботини топмаган.

Ҳозирда гаров пули ва муносиб ҳулқ-атворда бўлиш ҳақидаги тилхат эвазига очиқда юрган Ҳасан Чориев маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг мақсади ўзини қаматтириш эканини айтмоқда.

Таъкидлаш керакки, шу йилнинг июнида Ҳасан Чориевга нисбатан жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман судида милиция ходимларини ҳақорат қилганлик айби билан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш кўрилган ва ҳуқуқ фаоли 1 258 400 сўм миқдоридаги жарима билан жазоланганди.

Ҳасан Чориев ўн нафар фарзанднинг отаси. Уларнинг саккиз нафари АҚШда истиқомат қилади. Ҳуқуқ фаолининг ўғилларидан бири Баҳодир Чориев мухолифатдаги “Бирдамлик” ҳаракати раҳбаридир.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти жиноят ишлари бўйича Яккабоғ туман судига мурожаат қилиб, уни кекса ҳуқуқ ҳимоячиси иши юзасидан инсонпарварлик принципларига амал қилиш, адолатли ҳукм чиқаришга чақирган.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.