Тошкентда ҳуқуқ фаоллари пикет ўтказди
Ҳуқуқ ҳимоячилари Абдулла Тожибой ўғли ва Нуриддин Жуманиёзов 5 октябрь куни Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги биносини пикет қилди.
Бу ҳақда Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянси хабар тарқатди.
Маълумотларга кўра, Тошкентда пикет ўтказган ҳуқуқ фаоллари бир неча кун аввал маҳаллий милиция ходимлари томонидан ҳибсга олинган ва 15 суткага қамалган жиззахлик ҳамкасблари Ўктам Пардаев ва сурхондарёлик мухолифатчи Фахриддин Тиллаевнинг озод этилишини талаб қилганлар.
Эслатиб ўтамиз, 30 сентябрь куни жиззахлик милиционерлар томонидан олиб кетилган ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаев ва 3 октябрь куни сурхондарёлик милиция ходимлари томонидан тутиб кетилган мухолифатчи Фахриддин Тиллаев кейинроқ 15 суткага қамалгани маълум бўлганди.
Бугун эрталаб маҳаллий вақт билан соат 9.30 да норозилик намойишини бошлаган ҳуқуқ ҳимоячилари Абдулла Тожибой ўғли ва Нуриддин Жуманиёзов зум ўтмай милиция ходимлари томонидан ҳибсга олинган ва пойтахтнинг Яккасарой туман ички ишлар бошқармасига олиб кетилган. У ерда 2 соатча ушлаб турилган ҳуқуқ ҳимоячилари кейин қўйиб юборилган.
Ўзбекистон ҳуқуқ ҳимоячилари альянсининг маълум қилишича, жума куни ҳуқуқ фаоли Аделаида Ким ҳам Бош прокурор қабулига кириш талаби билан пикет ўтказиш учун Ўзбекистон Бош прокуратураси биноси ёнига борган. Бироқ пикет жойига яқинлашган Ким хонимни милиционерлар қаршилаб, уни Бош прокуратура қабулхонасига олиб кирганлар.
Қабулхонада ҳуқуқ фаоли билан учрашган прокурор Зоиров Бош прокурор Рашид Қодиров айни пайтда ўз ўрнида эмаслигини айтиб, унга кейинги ҳафтада Бош прокурор билан учрашув уюштириб бериш ваъдасини берган.
Альянс фаоллари ўз талаблари бажарилмагунича норозилик намойишларини давом эттириш ниятидалар.
Fikr bildirish