Екатерина Назаршоева: Муҳожирот муаммоси давлатлар муаммосидир
9 октябрь куни Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида тожикистонлик муҳожир фаррошларнинг иш ташлаши бўлиб ўтди. Иш ташлаганлар орасида Ўзбекистон фуқаролари бўлган муҳожирлар ҳам бор эди.
Россиялик касаба уюшма фаолларининг сўзларига кўра, иш ташлаган фаррошларнинг аксариятини ишга рухсатномаси бўлган легал муҳожирлар ташкил қилган. Бу одамлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва бир неча ойдан буён ойликлари тўланишига эришиш учун иш ташлаганлар.
Ҳуқуқ фаоллари тожикистонлик, қирғизистонлик ва ўзбекистонликлар энг кўп борадиган Россия ва Қозоғистонда меҳнат муҳожирлари ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишда катта қийинчиликларга дуч келишини айтиб келадилар. Ўз ҳуқуқини ҳимоя қилишга оид ҳар қандай уриниш улар учун иш жойини йўқотиш, ҳибсга олиниш, мамлакатдан бадарға қилиниш, маъмурий жарима ва бошқа кўплаб салбий оқибатларга олиб келиши мумкин.
Бугунги кунда Марказий Осиё мамлакатларидан бўлган муҳожирлар билан боғлиқ муаммолар долзарб бўлиб қолишда давом этмоқда. Кузатувчилар ҳозирда Россия муҳожирларсиз қийин аҳволда қолиши мумкинлигини айтиб келаётганига қарамасдан, Россия оммавий ахборот воситаларида муҳожирлар ҳақида жанжалли кўрсатув ва мақолалар кўплаб бериб келинмоқда. Муҳожирларнинг ўзлари эса Россияда тобора кўпроқ номақбул муҳитга тушиб қолаяпти.
“Жараён” Россиядаги марказий осиёлик муҳожирлар муаммоси тўғрисида “Мемориал” аксилдискриминацион маркази юристи Екатерина Назаршоева билан суҳбатлашди.
Жараён: Екатерина, Санкт-Петербургдаги муҳожир фаррошлар иш ташлаши ҳақида гапирадиган бўлсак, буни алоҳида олинган ҳолат деб қараш керакми ёки муҳожирларнинг бу шаклда норозилик ифода қилиши Россияда тенденцияга айланиб улгурдими?
Назаршоева: Бу, бизга маълум бўлишича, якка ҳолат. Одатда меҳнат муҳожирлари ўз норозилигини изҳор қилишга қўрқади, чунки уларнинг кўпи расмий меҳнат шартномасига эга эмас. Шунинг учун ҳам 9 октябрь кунги муҳожир фаррошларнинг иш ташлаши Петербургдаги касаба уюшмалари раҳбарлиги остида ўтказилди. Норозиликнинг бу қадар очиқ-ошкор ифода қилиниши муҳожирлар учун муайян хатар туғдиради, чунки у расмийларнинг, шу жумладан, Федерал миграция хизматининг диққат-эътиборини жалб этади.
Жараён: Сўнгги пайтларда Россия оммавий ахборот воситалари Марказий Осиёдан бўлган муҳожирлар турли жиноятларни кўп содир этаётгани ҳақида тез-тез ёзадиган бўлди. Бу ҳақиқатан шундайми ёки буларнинг ҳаммаси журналистлар томонидан сунъий равишда бўрттирилаяптими?
Назаршоева: Статистика чет элликлар томонидан содир этилаётган жиноятлар миқдори жуда кам – 2,6 фоиз эканидан далолат беради. Шундай экан, муҳожирлар Россияда жиноятчиликни авж олдираётгани тўғрисидаги фикр россиялик журналистлар ва уларга бу ҳақда мақола ёзишга буюртма бераётган кишилар томонидан урчитилмоқда, чунки оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчилик фикрига таъсир ўтказиш осон.
Муҳожирларни жиноятга кўпинча уларнинг ҳақсиз экани, иш берувчилар томонидан ойликларнинг берилмаётгани, ҳужжат расмийлаштириш учун воситачи фирмаларга мажбуран мурожаат қилиш кабилар ундайди, чунки бу процедура ўта мураккаб бўлиб, Федерал миграция хизматига шахсан мурожаат қилган тақдирда улар турнақатор навбатда узоқ муддат туришлар керак бўлади. Ахир улар ватанларига ишлаб топилган пулсиз боролмайдилар – улар туғилиб ўсган мамлакатларда иқтисодиёт жуда оқсоқ.
Жараён: Агар Россия жамиятида муҳожирларга нисбатан салбий муносабат шаклланган бўлса, бунга муҳожирларнинг ўзлари билан боғлиқ сабаблар ҳам бўлса керак? Нима деб ўйлайсиз, Россия жамиятининг муҳожирларга нисбатан муносабати ижобий тарафга ўзгариши учун улар томонидан қандай қадамлар қўйилиши керак?
Назаршоева: Балки бу ерда саволни бошқачароқ қўйиш керакдир: “Россия жамиятида муҳожирларга нисбатан муносабат ўзгариши учун уларни қабул қилаётган ва муҳожирлар келаётган мамлакатлар нима қилишлари керак?” дея. Ҳамма айбни меҳнат муҳожирлари тўнкаб қўйиш жуда осон. Фуқароларнинг ўзлари қонунларни бузаётган, коррупция даражаси юқори бўлган, ҳар қадамда товламачи ва жиноятчилар тўрига тушиб қолиш мумкин бўлган мамлакатда юрган муҳожирлар аҳолининг заиф тоифаси бўлиб ҳисобланади.
Чет эллик фуқаролар учун ўз мамлакати томонидан ҳам, Россия Федерацияси тарафидан ҳам хавфсизлик ва муҳофаза кафолати берилмаган. Шунинг учун ҳам соғлом ва хавфсиз меҳнат муҳожирлигини ривожлантириш учун барча зарур шарт-шароитларни яратиш ҳар иккала давлат мажбурияти бўлиб ҳисобланади.
Жараён: Екатерина, сизнингча, муҳожирларнинг Россия жамиятига яхшироқ интеграция бўлиши учун Россия ҳукумати қонунчилик бўйича қандай ишларни амалга ошириши лозим?
Назаршоева: Яхшироқ интеграция учун миграция жараёнини енгиллаштириш, иш учун рухсатнома ва бошқа ҳужжатларни олиш тартибини осонлаштириш зарур. Чунки Россия Федерацияси ҳукумати миграцион қонунчиликни қанча кескинлаштирса, коррупция учун, бечора муҳожирлар пулини шилиш учун шунча кўп имконият пайдо бўлаяпти.
Бундан ташқари, муҳожир болаларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳам кафолатланиши зарур. Уларга камида ота-оналарига иш учун рухсатнома берилган муддатгача Россияда қонуний юришига рухсат берилиши керак. Яъни улар ҳозирда бўлгани каби уч ой эмас, балки бир йил юра олишлари лозим. Интеграция жараёни муҳожирларнинг болалари Россия мактабларига борган тақдирда тезлашади, шу тариқа улар ўзлари тезроқ жамиятга мослашади ва ота-оналарини ҳам рус маданиятига ошно этади.
Жараён: Интервью учун раҳмат, Екатерина.
Маълумот ўрнида: “Мемориал” аксилдискриминацион марказининг қароргоҳи Санкт-Петербург шаҳрида бўлиб, у дискриминацияга дучор бўлган одамлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун барпо этилган. Ташкилотнинг мақсади давлат миқёсида дискриминациянинг бартараф этилишига, Россияда аксилдискриминацион қонунчиликни яхшиланишига эришиш; жамиятда ирқчилик ва дискриминациянинг бошқа барча турларига қарши курашиш; Россия аҳолисида толерантлиликни тарбиялаш бўлиб ҳисобланади. “Мемориал” АДМ ходимлари ҳуқуқни муҳофаза қилишга оид тадқиқотлар билан шуғулланади, муҳтож кишиларга юридик ва психологик кўмак кўрсатади.
Fikr bildirish