Мўътабар Тожибоева: Қутлуғ айёмда сабр-бардош тилашдан бошқа қўлимиздан ҳеч нарса келмаётганидан афсусдаман
Дунё мусулмонларнинг қутлуғ айёми – ИЙДИ ҚУРБОН муносабати билан “Ўтюраклар Клуби” Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти, “Жараён” веб-сайти ходимлари номидан ҳамда шахсан ўзимнинг номимдан барча мўмин-мусулмонларни табриклайман.
Ушбу қутлуғ санада мўмин-мусулмонлар бир-бирларини йўқлайдилар. Яқинларидан, дўстларидан, ҳаммаслакларидан айрилганлар ўз яқинларини яхши сўзлар билан эслаб, дуои фотиҳа қиладилар.
Ўзбекистон қамоқхоналарида минглаб диндор маҳкумлар қийноқларга дучор қилинаётган, мамлакатдаги ва ҳаттоки мамлакатни тарк этишга мажбур бўлган мусулмонлар таъқиб ва тазйиқларга учраётган бир пайтда мен барча мўмин-мусулмонлар сингари барчангизни ушбу айём билан қутлашдан ташқари узоқ йиллардан буён Ўзбекистон дея аталмиш бу улкан қамоқхонада ўз эътиқоди учун жабр-ситам тортаётган, мусулмонлиги сабабли таъқибу босимларга дуч келаётган диндошларимизга Оллоҳдан сабр-тоқат тилайман. Қамоқхоналардаги қийноқлар сабабли ҳаёт билан видолашаётган ватандошларимни жойлари жаннатда бўлишини Оллоҳдан сўрайман.
Диктатура режими қурбонлари бўлмиш маҳкумлар навбатдаги Қурбон ҳайитини ҳам қамоқхоналарда кутиб олаяптилар.
Мен бу қисматдошларим – маҳкум ва маҳкумаларга тоқатларидан ортиқ синов бермаслигини, ҳар йили Қурбон ҳайитини яқинлари, жигарлари билан кутиб олишларини, ўзбек мусулмонлари бошига тушган кулфатларни Оллоҳим ўзи кўтаришини, золимларга инсоф ва иймон беришини сўраб, қилган илтижолари қабул бўлишини тилаб қоламан.
Мен ҳам 3 йил давомида Рамазон ва Қурбон ҳайитларини қамоқхонада кутиб олишимга тўғри келди. Шундан 2 йиллик ҳайитларни УЯ 64/7 рақамли Аёллар қамоқхонасида нишонладим. Одатда Ўзбекистон қамоқхоналарида бу диний байрамлар нишонланади ва Ҳайит кунлари дам олиш куни деб эълон қилинади. Лекин айнан шу кунлари қамоқхонадаги назорат ўта кучайтирилади.
Эрталабки текширувдан сўнг диний эътиқоди учун қамалган маҳкумалар ташқарида бир жойга тўпланиб, Қуръон тиловат қиладилар. Бошқа маҳкумалар ҳам қўрқа-писа уларнинг атрофига тўпланади. Қамоқхонанинг ҳар бурчига ўрнатиб қўйилган видеокамералар орқали маҳкумаларнинг бир жойга, айниқса диний эътиқоди учун қамалган маҳкумалар атрофида тўпланаётганларини кузатиб турганлари учун қўлларидаги дубинкаларини кўтарган дубачкалар (назоратчилар) ҳар томондан югуриб келиб, маҳкумаларни тарқата бошлайдилар.
Аёллар қамоқхонасида Ҳайит муносабати билан ош пиширилади. Баъзи бир маҳкумалар бу кунда соғинганлари, бир йилда атиги икки-уч мартагина пишириладиган тансиқ таомни ейиш учун, керак бўлса, бир-бирларини бошларига чўян чўмич билан уриб, яралашдан ҳам тойишмайди.
Айнан Ҳайит кунлари нафақат мусулмон маҳкумалар, балки бошқа диндаги маҳкумалар ҳам диндор маҳкумаларнинг тезроқ бу зулмлар, қийноқлар барҳам топишини, оилалари, фарзандлари олдига соғ-омон қайтишни тилаб қилаётган дуоларига қўшилиб, қўлларини фотиҳага очадилар.
Маҳкумалар шу куни асраб-авайлаб юрган ширинликлари, оила аъзолари келтирган тансиқ нарсаларни дастурхонларига қўйиб, ўзларига яқин бўлган маҳкумаларни меҳмонга чақирадилар. Айнан мана шундай Ҳайит ва байрам кунларигина маҳкумалар маълум бир вақт ичида ўзи яшаётган туркумдан бошқа бир туркумга меҳмонга кириш ҳуқуқига эга бўлади.
Мен учун бундай кунлар ортда қолди. Лекин диний экстремизм, терроризмда айбланиб, қамоққа олиниб, узоқ йиллик қамоқ жазоларига ҳукм қилинган фарзандлари, оталари, акалари Президентнинг номига кечирим хати ёзишга кўнмагани учунгина уларга босим ўтказиш мақсадида уларнинг қамоққа олинган оналари, аёллари, опа-сингиллари ва қизлари ҳанузгача қамоқхонадан чиқарилмаганига ишонаман ва уларга сабр-тоқат тилашдан бошқа ҳеч қандай ёрдам кўрсата олмаётганимдан таассуфдаман.
Мўътабар Тожибоева,
“Ўтюраклар Клуби” Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари.
Fikr bildirish