Тожикистон: ҳуқуқий саводсизлик аёлларга панд бермоқда
Ўзи ва фарзандларининг ҳуқуқи учун курашаётган тожикистонлик аёлларнинг кўпи аксарият ҳолларда маҳкамада ютқазаётгани кузатилади.
Хатлон вилоятининг Жомий туманида туғилиб ўсган Рухшона Акрамова ўшандай “ожиз ва нотавон” аёллардан биридир.
Тўрт норасида гўдакнинг онаси 25 ёшли Рухшона қарийб икки йилдан буён суд идораларида сарсону саргардон.
“Аммо, – дейди у, – бирор идорада бизнинг арз-додимиз эътиборга олинмаяпти. Бошқа томондан ҳуқуқий жиҳатдан саводсизлигим менга панд бераяпти. Ахир менда савод нима қилсин, чунки турмушга узатилганимда 8-синфда ўқирдим”, дейди Рухшона.
Чимилдиқ кўрмаган келинчак
“14 ёшимда Душанбе шаҳрида яшайдиган қариндошимизнинг ўғли Муродга никоҳландим. Эримнинг онаси касалманд бўлгани сабабли отасининг қистови билан отам мени бу хонадонга ёрдамчи бўлиш учун турмушга бериб юборди. Ҳали жуда ёш эдим, турмуш нима эканини билмасдим.
Улар мени сепсиз, тўйсиз, фақат бошимга битта рўмол ёпиб, уйимиздан олиб кетишди. Чимилдиқ ҳам, орзу-ҳавас ҳам насибим бўлмади”, дейди омон-омон замонда ҳам йўқчилик пайтидаги каби турмушга узатиб юборилганидан норози бўлган Рухшона.
Она сути оғзидан кетмаган Рухшонанинг тўнғичи у ҳали 17 ёшга тўлмаёқ дунёга келган.
“Мен ҳали ҳеч нарсани тушунмасдим, бола боқишни ҳам билмасдим. Ҳеч ким менга ёрдам бермади ҳам. Йиғлаб-йиғлаб, боламни катта қилиб олдим. Тақдир, эр шу экан-да, деб яшаб юрдим. Қайнотам Душанбе шаҳридаги мактабларнинг бирида ўқишни давом эттиришимга ваъда берган эди.
Лекин улар мени алдашди. Аттестатим йўқлиги сабабли бугун бирор ерга ўқишга киролмайман, ишга жойлашишни-ку қўяверинг. Ўзим билан бирга болаларимнинг ҳам қисмати аччиқ бўладиган бўлди”, дейди Рухшона.
Суҳбатдошимизнинг гапига ишонадиган бўлсак, ўтган ўн йил давомида эри у билан жуда яхши муносабатда бўлган.
“Муаммолар болаларнинг боғча ёшига етиб қолганидан кейин бошланди. Эрим ҳеч қаерда ишламас эди. Қайнотам яшаб турган уйимиздан ташқари ижарага берилган уйдан тушадиган даромад эвазига оилани боқарди. Шунинг учун бўлса керак, қайнотам болаларни боғчага бермаслигимизни, чунки улар учун ортиқча пул тўлашни истамаслигини айтарди.
Шунга қарамай, эрим ўғил бола албатта таълим олган бўлиши кераклигини айтиб, ўғлимиз Муҳаммадалини боғчага бердию балога қолдик. Эрим отаси билан бу борада тўрт йил баҳс қилгандан кейин айбни мендан қидира бошлади ва ҳеч бир сабабсиз менга уч талоқ бериб, 2011 йили айни қиш чилласида бизни уйдан ҳайдаб юборди”, дейди Рухшона қуйилиб келаётган кўз ёшларини кафти билан артаркан.
Балоғатга етмаган болалари билан кўчада қолган Рухшона Акрамованинг эри билан фақат шаръий никоҳи бузилган, аммо расмий никоҳи ҳамон сақланиб қолган экан.
Рухшонанинг адвокати Қимматгул Розиева ўз ҳимоясидаги аёлнинг ҳуқуқлари у ҳали балоғат ёшига етмаёқ топталгани ва ҳали-ҳамон топталаётганини айтади.
“Биринчидан, Рухшонанинг ҳуқуқлари унинг ота-онаси ва бўлажак қайнона ҳамда қайнотаси томонидан у балоғат ёшига етмаёқ оёқости қилинган. Қонунда 14 ёшли қизни эрга бериш жиноят экани белгилаб қўйилган, лекин ота-оналар ўзаро келишган ҳолда, икки ёшни ими-жимида никоҳлаб қўйган. Бошқа томондан ҳимоямдаги шахс Сино туман судининг шу йил 14 феврал куни чиқарган қарори асосида фарзандлари билан бирга аввал яшаган уйига киргизиб қўйилиши шарт эди.
Аммо орадан саккиз ой вақт ўтган бўлишига қарамасдан, суд ижрочилари қарорни ҳамон бажармаган. Яъни Рухшона ва болаларнинг ҳуқуқлари Адлия тизими вакиллари томонидан ҳам топталаётир. Бу ҳеч кимнинг парвойига ҳам келаётгани йўқ”, дейди авдокат Розиева.
Адвокатнинг гапига қараганда, суд ижрочилари суд қарорини бажармагани баробарида уни Рухшона Акрамованинг қўлига ҳам тутқазмаган.
Қонунлар кимга хизмат қилмоқда?
“Бу суд ижрочисининг хизмат ваколатидан четга чиқиши бўлиб ҳисобланади. Республика Жиноят Кодексининг 363-моддасига биноан суд ижрочилари бундай ноқонуний ҳатти–ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликка тортилиши лозим. Бу масала юзасидан биз Сино туман суди ва прокуратурасига албатта шикоят ёзамиз”, деди адвокат Розиева.
Тожикистон қонунлари эридан ажраган аёлни уй билан таъминлаш масаласида эркакларга бир қадар енгиллик берган. Масалан, агар эркакнинг иқтисодий имконияти кўтармаса, у аёлига уй олиб бермаслик ҳуқуқига эга.
“Бироқ, – дейди тожикистонлик ҳуқуқшунос Файзинисо Воҳидова, – фарзандларнинг таълим тарбияси, саломатлиги ва уларнинг камолга етиши учун ота-она баравар ҳисса қўшиши шарт.
Бунга улар қонунан масъулдирлар. Бу масъулиятдан бўйин товлаган ота ёки она албатта қонун бўйича жиноий жавобгарликка тортилиши шарт”, дер экан ҳуқуқшунос 2011 йилнинг августида бу мамлакатда “Ота-она масъулияти тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши тожикистонлик ота-оналарнинг фарзандлар тарбияси билан боғлиқ масъулиятини янада кучайтирганини таъкидлади.
Мавзу юзасидан Душанбе шаҳрининг Сино туман судига ҳам бош суқдик.
Рухшона Акрамованинг ишини ўрганган судья Шарипов бир неча ой аввал Бадахшон вилоят судига ишга ўтиб кетгани маълум бўлди. Судья Шариповнинг шу йил феврал ойида чиқарган қарорини амалга ошириш суд ижрочиси Толиб Қаюмов зиммасига юклатилган экан.
Суд қарори нима учун шу кунгача бажарилмаганига оид саволимизга суд ижрочиси қуйидагича жавоб берди:
“Рухшона Акрамовани тополмаяпмиз. У бизга қолдирган телефон рақамлари нотўғри бўлиб чиқди. Томонлар қачон вақт топса, биз ўша куни қарорни амалга оширишга тайёрмиз”.
Рухшонанинг адвокати Қимматгул Розиева суд вакилларининг бу иддаоси асоссизлигини айтди. Унинг айтишича, суд ижрочилари Рухшона Акрамовани топа олмаган тақдирда бевосита унинг адвокати билан боғланиши мумкин эди.
“Лекин улар бундай қилмаган, чунки суд ижрочилари суд қарорини муҳлатидан ўтказиб юборишдан манфаатдор, деб ўйлайман. Аслида ҳуқуқий жиҳатдан саводсиз ва яхши даромадга эга бўлмаган тожикистонлик аёлларнинг ҳуқуқи ҳар қадамда топталади.
Коррупция авж олган бу жамиятда, хусусан, Адлия тизими вакиллари ишни маълум даромадга эга бўлган эркаклар фойдасигагина ҳал қилаётгани тажрибада кўп кузатилган. Рухшона Акрамова билан боғлиқ ҳолат жамият учун янгилик эмас”, дея таъкидлайди адвокат Қимматгул Розиева.
Рухшонанинг собиқ турмуш ўртоғи Мурод ва қайнотаси Баҳриддин Муҳсиддиновларга ҳам саволларимиз бор эди. Аммо улар саволларимизга жавоб бериш у ёқда турсин, бу мавзу матбуотда ўз аксини топган тақдирда, мақола муаллифи устидан ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилиш билан таҳдид ҳам қилди.
Fikr bildirish