Диктатор қизининг лойиҳаларида иштирок этманг!
Шу кунларда таниқли француз актёри Жерар Депардьe Гулнора Каримова сценарийси бўйича суратга олинадиган фильмда роль ўйнашга розилик бергани ҳақида маълум бўлди. Бир қарашда, бунда фавқулодда бир жиҳат йўқдек – шоу-бизнес оламида ўз касбининг устаси сифатида артистлар, актёрлар ўз иқтидорининг турли қирраларини намоён этиш, шу билан бир қаторда, пул ишлаб олишга ҳам тўла ҳақлилар.
Бироқ жаноб Депардьега Ўзбекистондаги сиёсий режим дунёдаги энг шафқатсиз режимлардан бири эканини, бу ҳақда нафақат халқаро ва маҳаллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари, балки кўплаб демократик мамлакатлар ва халқаро ташкилотларнинг салоҳиятли мутахассислари ҳамда расмий тузилмалар масъуллари ҳам бонг ураётганини эслатиш шартмикин?
Бундай пайтда мустабиднинг қизи билан ҳамкорлик қилиш аҳлоқ қоидаларига зид келмасмикин, бу демократик жамият ёрқин вакилининг ҳаётий позицияси принципларига қарама-қарши келмасмикин?
Биз жаноб Депардье Ўзбекистондаги ҳақиқий сиёсий ва ижтимоий вазиятни билмаслиги мумкинлигини истисно қилмаймиз. Инчунун, гап агар айнан Ўзбекистон президентининг оила аъзоси билан бевосита боғлиқ бўлган лойиҳа ҳақида кетаётган бўлса, у бу борада етакчи мутахассислар билан маслаҳатлашмаган бўлмаса керак.
Афсуски, сўнгги пайтларда бу каби кўринишларга борган сари кўп дуч келинаяпти. Агар бу каби кўриниш биргина Франция миқёсида қараб чиқиладиган бўлса, бундай ҳолат Ислом Каримовнинг кичик қизи томонидан 2010 йили Мовий соҳилда уюштирилган лойиҳада иштирок этишга рози бўлган биринчи даражали юлдуз Моника Белуччи билан кузатилганди.
Мазкур воқеа Франция жамоатчилиги ҳамда Ўзбекистонда фаолият юритувчи халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари орасида кўламли ижтимоий акс-садога эга бўлганди. Ўша кечада бошқа бир таниқли актёр Ален Делон, Франция собиқ президенти Жак Ширакнинг рафиқаси Бернадет Ширак хоним ҳамда Франциянинг яна бир собиқ президенти Николя Саркозининг укаси иштирок этганди.
Гап сиёсат билан бевосита ёки билвосита боғлиқ бўлган одамлар ҳақида борган пайтда бунга ҳайрон қолмаса ҳам бўлаверади. Бироқ таниқли маданият арбобларини, юмшоқроқ қилиб айтганда, сохта обрўга эга бўлган шахслар даврасида кўрганимизда, бу бизда чуқур таассуф уйғотади, холос.
Агар жаноб Депардье ҳақиқатан ҳам бехабар бўлса, билиб қўйсинки, биринчидан, бўлажак фильмда унга роль учун ваъда қилинган гонорар (табиийки, у оддий сценарий муаллифлари ва продюсерларнинг оддий фильмларидаги роллар учун бериладиган оддий гонорардан анча кўп бўлади) – бу ўзбекистонлик оддий одамлар уқубати ва мусибати эвазига жамғарилган ёки ундан ҳам баттари – халқаро миқёсдаги турли фирибгарлик йўллари билан ювилган (сўнгги пайтларда айнан Гулнора Каримова иштирокида ана шундай ишлар амалга оширилгани атрофида шов-шувлар кўпайгандан кўпаймоқда) пуллардан бошқа нарса эмас.
Иккинчидан, бу тўланажак гонорарлар кишиларни ўзига хос йўсинда сотиб олиш бўлиб (Катта пул эвазига ҳамма ишни бажарса бўлади!), бу жаноб Депардьенинг обрўсига обрў қўшмайди. Гулнора Каримова ва унга ўхшаган кишилар кўпчиликнинг назарида бўлган одамларни ўзларининг “хўжакўрсин” лойиҳаларига авраб жалб қилиш орқали машҳурларни бир чақалик қиладилар ҳамда шу тахлит халқаро даражада сиёсий капитал жамғариб, унинг меваларидан баҳраманд бўлишга умид қиладилар.
Ислом Каримов режимининг репрессив табиатини, Каримовлар оиласининг обрў-эътибори сохталиги ва диктаторлик режимида мансабдор шахс бўлган Гулнора Каримованинг ролини ҳисобга олган ҳолда актёр Жерар Депардьени Гулнора Каримова билан ҳамкорлик қилишдан бош тортишга, унинг лойиҳаларида иштирок этмасликка чақирамиз!
Мўътабар Тожибоева,
“Ўтюраклар клуби” Халқаро инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти раҳбари
Fikr bildirish