Яна бир ўзбек қочқини Қозоғистондан экстрадиция қилиниши мумкин
Қозоғистон Бош прокуратураси ўзбекистонлик бошпана изловчи Хайрулло Турсуновни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш борасида қарор қабул қилди.
Қозоғистон Бош прокуратураси Ақтўбе шаҳридаги вақтинчалик тергов изоляторида 7 ойдан бери ҳибсда сақланаётган қочқин Хайрулло Турсуновни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш бўйича сўровни қондирган ва Турсуновнинг айбловини унинг ўзига етказган.
Айбловда Хайрулло Турсунов 2011 йили Ўзбекистонга бериб юборилган 29 нафар қочқинга алоқаси бор дейилган. Улар билан тил бириктириб Ўзбекистонда Конституцион тузимни ағдаришни мақсад қилгани айтилган.
Ҳужжатда Турсунов “Ўзбекистон Исломий ҳаракати” ва “Туркистон ислом жиҳодий ҳаракат”ларига аъзоликда айбланган.
Хайрулло Турсунов барча айбловларни рад этмоқда. Қочқин бир ойнинг ичида Бош прокуратуранинг қароридан маҳкамага шикоят қилишга ҳаққи бор.
Унинг адвокати Кенес Жусупов Бош прокуратуранинг қароридан норози бўлиб, Ақтўбе шаҳар маҳкамасига шикоят аризаси ёзгани маълум бўлди.
“Биз аризада барча айбловлар қуруқ туҳматлигини ва Турсуновнинг айбсиз бўлиб тезроқ озодликка чиқарилишини сўрадик”, – дейди “Жараён” мухбири билан телефон суҳбатда Жусупов.
Ариза топширилгач уни шаҳар маҳкамаси кўриб чиқади. Ариза қондирилмаган тақдирда Турсунов ва унинг адвокатида вилоят маҳкамасига шикоят қилиш ҳуқуқи бор. Адвокатнинг айтишича, шундан сўнг барча ҳуқуқий чоралар тугайди ва Турсунов Ўзбекистонга бериб юборилиши мумкин.
Хайрулло Турсунов 2009 йилнинг декабрь ойида БМТнинг қочқинлар билан ишлаш Олий комиссарлигининг Алмати шаҳридаги ваколатхонасига қочқинлик мақоми сўраб мурожаат қилган. Ўзининг айтишича, ушбу идорадан ҳеч қандай расмий жавоб ололмаган.
Қозоғистон Бош прокуратураси 2011 йилнинг июнь ойида бир йиллик ҳибсда сақлашдан сўнг 29 нафар ўзбек қочқинини Ўзбекистонга топширганди.
Қозоғистоннинг ушбу қарори халқаро миқёсда танқидларга сабаб бўлган.
Қароргоҳи Францияда жойлашган “АСАТ Франс” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти томонидан БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига қочқинлар борасидаги ёзилган ариза тўлиқ қондирилган эди.
Қочқинлар экстрадициясидан бир йил ўтиб чиққан талабда 29 нафар қочқинни бериб юборгани учун Қозоғистон айбдор деб топилди ва мамлакат расмийларидан Ўзбекистонга бериб юборилган қочқинларни қайтариш сўралди.
БМТ Қийноқларга қарши қўмитасининг қарорида айтилишича, Қозоғистон қочқинларни Ўзбекистонга бериб юбориш орқали ўзи имзолаган Конвенциянинг 3 ва 22 бандларини бузган.
Ушбу бандларда маҳбусларга нисбатан қийноқ қўллаш амали одатга айланган мамлакатга одамларни бериб юбориш таъқиқланади.
Қўмита қочқинларни қайтариш ва уларга товон пули тўлашни ҳам талаб қилган.
Бироқ Қозоғистон расмийлари ушбу қарорга бирор изоҳ бермади ва ўзбек қочқинлари ортга қайтарилмади.
Хайрулло Турсунов Ўзбекистонга бериб юборилган тақдирда, Қозоғистон ўзи имзолаган Конвенцияни яна бир марта бузган бўлиб чиқади.
Fikr bildirish