ЎИҲЖни ким қандай топиб келган?
Қодирий домла айтмоқчи, “Мозийга қайтиб иш кўриш хайрли, дейдилар…” Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг фахрий президенти Толиб ака Ёқубов ана шундай хайрли ишга ўз ташкилоти фаолиятига оид диққатга сазовор айрим воқеаларни сўзлаб бериш орқали ҳисса қўшишга лутфан розилик бердилар.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш совет даврида қандай кўринишда бўлган?
Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг (ЎИҲЖ) тарихи расман 1992 йилнинг 2 февралидан, яъни шу куни Тошкентда унинг Таъсис Қурултойи ўтказилганидан бошланади. Совет даврида “инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” тушунчасига демократик мамлакатларда бериладиган мазмун деярли йўқ эди.
Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тузилган касаба уюшмалари (профсоюзлар), яъни турли касб эгалари (завод-фабрика ишчилари, темирйўлчилар, қишлоқ хўжалиги меҳнаткашлари, ёзувчилар, композиторлар, рассомлар, ўқитувчилар ва ҳ.) уюшмалари эса нодавлат ташкилотлари бўлсалар-да, улар юз фоиз давлат назорати остидаги ташкилотлар эди. Бундай “нодавлат” ташкилотларининг раҳбарлари кўп ҳолларда давлатдан маош олиб ишлар ва, демак, улар ҳукуматнинг чизган чизиғидан чиқмас эди.
Ҳар бир корхона қошида касаба уюшмаси бўлиб, ким шу корхонага ишга кирса, мазкур уюшмага аъзо бўлишга мажбур эди. Касаба уюшмалар аъзолари уюшма кассасига ойлик бадал (взнос) тўлашарди, тўғрироғи, бадал ишчининг маошидан “босиб” қолинар эди. Бадалдан тушаётган ҳазилакаммас катта пуллар қаёққа кетаётганини, табиий, ҳеч ким билмас, ҳеч ким тўғри ҳисобот бермас эди. Одамларни лақиллатиш учун СССРда “Тинчлик фонди” ўйлаб топилган бўлиб, кимдир бадаллар тақдири билан қизиқса, унга: “Бадаллар Тинчлик фондига ўтказилди” деб тушунтириларди.
“Тинчлик фонди нима?” деб сўраганларга битта схема (қолип)да тушунтирилар эди: “Мана, Анголада халқ Португалия мустамлакачиларига қарши озодлик кураши олиб бораяпти, Шимолий Вьетнам коммунистлари АҚШ босқинчиларига қарши курашаяпти, Кубада Фидель Кастро тарафдорлари, коммунистлар, диктатор Батистани ағдариш учун мардона кураш олиб бораяптилар. Доҳийларимиз бекорга: “Бутун дунё пролетарлари, бирлашингиз!” деган шиорни ўртага ташлашмаган-ку! Биз бахтли-саодатли озод ҳаёт кечираяпмиз, демак, биз мазлум халқлар озодлиги учун курашаётган одамларга ёрдам қилишимиз керак. Тушунарлими?”
Гарчи совет матбуоти дунёда энг ёпиқ матбуотлардан бири бўлса-да, дунёда бўлаётган воқеалар ҳақида тўғри маълумот қуюқ фильтрдан ўтказиб берилса-да, юқоридаги жавобга ишонмайдиган одам деярли йўқ эди. Бир вақтлар менинг ўзим ҳам ишонганман.
Эркинлик бўлмаган мамлакатда ҳамма нарса сохталаштирилади, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тушунчаси эса биринчи навбатда зарбага учрайди. Бир ҳақиқатни ўғри ҳам, тўғри ҳам яхши тушунарли: мамлакатда инсон эркинлиги, халқ эркинлиги қанча чегараланган бўлса, шу мамлакатда ижтимоий иллатлар, яъни порахўрлик, коррупция, ўғрилик, талон-тарож, инсонни таҳқирлаш, таъмагирлик, етимнинг ҳаққини ейиш, ноҳақдан қамаш ва ҳатто ўлдириш ўшанча урчийди. Давлат одами ўғри бўлса (порахўр бўлса, коррупционер бўлса, етимнинг ҳақини ейишдан ҳазар қилмаса ва ҳ.), табиий у давлат қонунларини бузаверади ва, демак, инсонларнинг ҳуқуқлари бузилаверади.
Давлат адолатни ва одил судни йўлга қўймаган бўлса, яъни давлат одамларининг аксарияти ижтимоий иллатлардан ҳазар қилмаса, у ҳолда давлат қароқчилар тўдасига айланади. Инсон адолатсизликка учраса, уни инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи давлат органлари [прокуратура, полиция (милиция), …, президент] ҳимоя қилмаса, бу инсонни ҳимоя қиладиган давлатнинг охирги идораси суд қолади, холос. Шу сабабли ҳам эрамизнинг IV асрида яшаган римлик файласуф Августин Аврелий ўзининг юқорида келтирилган: “Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда давлат қароқчилар тўдасига айланади” ҳикматини ёзиб кетган.
Зулмга асосланган давлат бошлиқлари, бир томондан, безбет ва сурбет бўлса, иккинчи томондан, қўрқоқ бўладилар. Безбетлик ва сурбетлик уларни ўз қонунларини сурункасига бузаверишга ундайди, дўппи тор келганда эса қўрқув шу қадар кучли бўладики, улар ўз айбини бошқаларга тўнкашга ҳаракат қилишади.
2005 йилда Андижон отилгандан кейин Жиззах вилоят ҳокими Убайдулла Ёмонқулов буйруғи билан “халқ”нинг кўпминглик митинги ташкил қилинди. Одамлар митингга вилоятнинг турли туманларидан мажбурий олиб келинди. Сўзга чиқувчилар: “Ҳуқуқ ҳимоячилари АҚШнинг жосуслари!”, “Ҳуқуқ ҳимоячилари халқ душманлари!”, “Ҳуқуқ ҳимоячиларига орамизда жой йўқ!” дея қичқиришди. Гўёки Андижон аҳолисини жиззахлик ҳуқуқбонлар отгандек! Бундай митинглар мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам уюштирилган.
Одатда, Ўзбекистонга ўхшаган мамлакатларда инсон ҳуқуқларини астойдил ҳимоя қилиш билан шуғулланмоқчи бўлган инсонлар ва ташкилотларни ҳукумат маҳаллий ва марказий матбуот ва телевидениега яқинлаштирмайди. Бундай инсонлар ва ташкилотлар ҳақида аҳоли тамоман бехабар бўлиши учун ҳукумат қўлидан келган барча ишларни қилади. Шундай бўлса-да, одамлар қандайдир йўллар билан бу инсонлар ва ташкилотларни таний бошлайдилар.
Бир одамга яхшилик қилсанг, яъни уни беминнат ҳимоя қилсанг, ўша одам бу яхшиликни ўзининг таниш-билишларига, улар эса ўз таниш-билишларига етказади ва бу занжир узайиб бораверади. ЎИҲЖ фаолиятида ҳам шу нарса кузатилган. Масалан, ЎИҲЖнинг Самарқанд, Сирдарё, Сурхандарё ва Фарғона вилоятлари, Тошкент шаҳри ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси бўйича раислари Маматқул Мухторов, Аъзам Фармонов, Холида Шойимова, Маъмур Аминов, Елена Урлаева ва Турсинбой Ўтамуратов (Аллоҳ раҳмат қилсин) ташкилотимизни ўзлари излаб келишган. Мазкур эсдалик-мақоламни мен Маматқул Мухторов ва Азам Фармоновга бағишламоқчиман.
Маматқул Мухторов бизни қандай топган?
Ташкилотимиз кенг кўламли фаодият юритгани сабабли бизнинг асосий йўналишларимиздан бири қамоқхоналарда инсон ҳуқуқлари бўйича мониторинг (кузатув) ўтказиш эди. Бекободдаги УЯ 64/21 қамоқхонаси давлат хизматида ишлаган одамлар учун мўлжалланган. Бу қамоқхонада ташкилотимизнинг Жиззах вилоят бўлимининг раиси, собиқ Олий Мажлис депутати Мели Қобилов 8 йил жазо муддатини ўтаган. Чамаси, ё 1999, ёки 2000 йил бўлса керак (аниқ сана ёдимдан кўтарилган), мен Мели Қобиловни унинг оила аъзолари билан бирга шу зона ичига кириб кўрганман ва 3-4 соат суҳбатлашганман. Айни зонада ўша пайтлар самарқандлик Маматқул ака Мухторов ҳам қамоқда бўлган. Табиий, у пайтда мен Маматқул акани танимас эдим.
Қамоқлар ҳақидаги маълумотларни биз асосан ўз одамларини кўргани борган инсонлардан олар эдик ва бу маълумотлар ҳақиқатга мос эканлигига амин бўлиш учун имкон қадар бошқа манбалардан аниқлаб, сўнг уларни билдиришнома, бюллетень ёки давлат идораларига мурожаат сифатида тарқатар эдик.
Шундай материаллар асосида ташкилотимиз УЯ 64/21 қамоқхонасидан олинган материаллар киритилган бир бюллетень тарқатди. Бюллетенга хусусан шу зонада сақланаётган 51 нафар, асосан ҳарбийлардан иборат маҳбусларнинг мамлакат президенти номига ёзилган мурожаати ҳам киритилган эди. Бюллетенимиз қандайдир йўл билан шу зонага етиб борган. Маматқул аканинг айтишича, бюллетень яширинча ўқилган ва қўлдан-қўлга ўтиб турган. Охири бюллетень увадага айланган, ўқиб бўлмайдиган даражага етган. Маматқул ака бюллетендан ташкилотимиз адресини ҳар эҳтимолга қарши ёзиб олганлар.
Маматқул ака озодликка чиққач, менга хат ёзганлар. Хатда уй адреслари, уй телефони рақами ва ўзлари ҳақида бир неча сатр маълумот келтирганлар ҳамда Самарқандга таклиф қилганлар. Мен ўйланиб қолдим: Ким бу одам? Илгари ким бўлган? Мақсади нима ва ҳ. Мен хатни кўринадиган жойга, деворга илиб қўйдим. Шундан сўнг Самарқандга мен бир йил ўтиб бордим. Аввал телефон қилиб бораётганимни айтдим ва муддат белгиладим, бироқ ҳар эҳтимолга қарши, чалғитиш мақсадида 2-3 кун кечикиб бордим.
Катта қийинчилик билан Маматқул ака турадиган кўпқаватли уйни топдим, бироқ квартиралари ёзилмагани учун яшаш хоналарини топиш қийин бўлди. Бир подъезд олдида, ташқарида ўтирган бир одамдан сўрадим. Маматқул аканинг ўзлари экан: “Мен сизни кутиб, уч кундан бери кўчада ўтирибман”, дедилар Маматқул ака. Мен Маматқул аканикида бир кеча тунадим, деярли ухлаганимиз йўқ, суҳбат қизиқарли ва жиддий бўлди. Маматқул ака ўзларининг қамоқдан илгариги ва қамоқда ўтган ҳаётларидан сўзлаб бердилар, мен эса ЎИҲЖ фаолияти ҳақида маълумот бердим.
Хуллас, эртасигаёқ Маматқул ака 10-15 таниш-билиш ва ҳамфикр дўстларини тўплашни ва менинг иштирокимда ташкилотимизнинг Самарқанд вилоят бўлимини тузиш конференциясини ўтказишга келишдик. Конференция жуда кўтаринки руҳда ўтди. Қатнашувчилар бир овоздан Маматқул акани янги ташкилотга раис, раис ўринбосари қилиб олий ўқув юртларидан бирининг профессорини сайлашди.
Маматқул ака тиним билмай ишладилар. Қамалмасдан илгари кўп йиллар ўрмон хўжалигида инженер, савдо системасида, кейин эса милицияда ишлаганлари сабабли у кишининг бой ҳаётий тажрибаси бор экан. Ҳаётий тажрибадан ташқари, Маматқул акада инсонларга беминнат, сидқидилдан ёрдам бериш туйғуси ҳам кучли экан. Маматқул ака кўп одамларни судларда ҳимоя қилдилар. Кўпчилик, хусусан, судьялар Маматқул акани адвокат деб ўйлашар экан. Бир сафар мен Самарқандга сафар қилганимда Маматқул ака билан шаҳар судига бордик ва судьялар Маматқул акадан жиддий ҳайиқишига гувоҳ бўлганман.
Маматқул аканинг ёшлари катта бўлишига қарамасдан, ҳеч чарчоқни билмайдиган, жисмонан кучли одам эдилар. Сабаби оддий: Маматқул ака ёшликдан овга қизиққан одам бўлганлар; айтишларича, Ургут тоғларининг кезмаган жойлари қолмаган экан: ҳафталаб очиқ ҳавода ов излаб, тоғларда қолиб кетар эканлар. Шу сабабли Маматқул ака ов жиҳозлари билан савдо қилувчи магазин ҳам очган эканлар.
Маматқул ака ҳуқуқбонлик билан шуғуллана бошлаганларидан кейин ҳукуматнинг кучли синовидан ҳам ўтдилар. У кишининг бир ўғиллари Қорақалпоғистонда, Туркманистон чегарасида ҳарбий қисмда капитан лавозимида хизмат қилиб юрган пайтларда туҳмат уюштириб, Миллий хавфсизлик хизмати томонидан қамоққа олинган. Бу – Маматқул аканинг ҳуқуқбонлик фаолиятига зарба бериш ва ҳуқуқбонликдан бездириш учун қилинган ҳукуматнинг жинояткорона ҳатти-ҳаракати эканлигини ҳамма тушунди. Маматқул ака ўғли учун қаттиқ курашдилар ва бир йилдан кейин уни озод этилишига эришдилар.
Аъзам Фармонов бизни қандай топган?
2001 йил ёзида менинг уйимга бир йигитча кириб келди. Гулистон шаҳридан экан. Айтишича, унинг поччасининг бир кичик дўкони бўлган, унда унинг инвалид укаси сотувчи бўлиб ишлаган. Бир куни 8 нафар маст-аласт солиқ инспекцияси ходимлари келиб, 5000 сўм пул талаб қилишган. Тортишув бошланган. Тортишув устига дўкон эгаси келиб қолган ва жанжал кучайган. Солиқчилар дўкон эгасини рўпарасидаги чала қурилган бино ичига судраб кириб, уни ўласи қилиб урганлар.
Бироқ улар дарҳол милицияга: “Бизни фалончи урди” деган мазмунда ариза топширишган. Дўкон эгаси қамоққа олинган. “Тергов” тез кунларда ўтказилиб, жиноий иш судга оширилган. Ташкилотимизни излаб келган йигит ўзини Аъзам Фармонов деб таништирди ва поччасининг суди 4 кундан кейин бошланишини айтиб, ёрдам беришимизни илтимос қилди. Мен унга Гулистонга боришимни айтдим ва суддан 2 кун олдин бордим. Судья Раҳмонов ишхонага ҳар куни ҳаммадан илгари келар экан. Мен Аъзам билан суд биноси олдида судьяни кутиб турдик ва у пайдо бўлиши билан мен ундан 10 минутга қабул қилишини илтимос қилдим.
Мен нотаниш одам бўлсам-да, Раҳмонов мени жуда яхши қабул қилди ва биз 20 минутча суҳбатлашдик. Ўзимни таништиргач, мен судьяга: “Сиз шу кечаю кундузда фалончи устидан суд жараёнини бошлар экансиз. Бизнинг ташкилот суд жараёнларини мониторинг қилиш билан ҳам шуғулланади. Бўлажак судга мен ташкилотимизнинг бир вакилини юборсам ва у суд залида кузатувчи сифатида ўтиришига рухсат берсангиз”, дея илтимос қилдим.
Судья ҳеч қандай эътирозсиз илтимосимни қабул қилди. Судга ташкилотимизнинг Жиззах вилоят бўлимининг раиси Бахтиёр Ҳамраевни йўлладик. Бу орада бизга Гулистондан Аъзамжон телефон қилиб, “Солиқчи аризачилар “биз даъвомиздан кечдик” деб ариза беришганмиш, деган гапни эшитдик”, деб айтди. Суд бўлган куни Бахтиёр Ҳамраев телефонда хушхабар айтди: судланувчи оқланибди ва озодликка чиқибди.
Бир ҳафталар ўтгач, уйимга Аъзам Фармонов поччаси билан хурсанд ҳолда кириб келишди. Суҳбат давомида улар ташкилотимиз билан қизиқишди, саволлар беришди, мен эса саволларга батафсил жавоб бердим. ЎИҲЖнинг Таъсис Қурултойидан олдин кўп вилоятлар қатори Гулистон шаҳрида ҳам қонун талаби бўйича ташкилотнинг Сирдарё вилоят бўлими тузилган эди, бироқ ташкилот раҳбарининг уқувсизлиги туфайли бўлимимиз ишламади ва тарқаб кетди. Суҳбат чоғида ЎИҲЖнинг Сирдарё вилоят бўлимини тиклашга қарор қилинди. Тез орада Аъзамжон 10-12 одам иштирокида конференция ташкил қилди ва мени таклиф этди. Конференция Аъзам Фармоновни ташкилот раиси этиб сайлади.
Аъзам Фармонов ва унинг атрофида уюшган команда ҳуқуқбонлик сирларини тез ўзлаштирди, инсон ҳуқуқлари масалаларига бағишланган кўпгина халқаро ҳужжатлар билан танишиб чиқишди, ЎИҲЖнинг 2001 йил 5 октябрида, 2003 йил 2 октябрида ўтган 3- ва 4-Қурултойларида фаол қатнашишди, халқаро ташкилотлар уюштирган тренингларда иштирок этишди. Ташкилотимизнинг Сирдарё вилоят бўлими ҳуқуқбонлари асосан уч йўналишда фаолият юргизишар эди: суд жараёнларини мониторинг қилиш, фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш (хусусан, судларда) ва мигрантлар (Сирдарё ва Жиззах вилоятига Тожикистон ва Қирғизистондан кўчиб келганлар) ҳуқуқлари бўйича мониторинг ўтказиш. Шу ишлардан айримлари ҳақида тўхталаман.
Кашфиётчи Муҳаммад Раҳмонқулов қисмати
Қишлоқ хўжалиги техникаси бўйича олим ва кашфиётчи, 1-гуруҳ ногирони Муҳаммад Раҳмонқулов юқори самарали қишлоқ хўжалигида ишлатиладиган машина ихтиро қилади ва Ўзбекистон Республикаси Патент бюросининг паиентини олади. Бироқ бу патент унга мисли кўрилмаган кулфатлар келтиради. Тез орада шу патентга кўз олайтирган одамлар ҳам пайдо бўлади. Бу одамлар патентни чет давлатларга катта пулга сотиш мумкинлигини яхши тасаввур қилишган. Улар аввал ихтирочига анчагина пул ҳам ваъда қилишади, бироқ Раҳмонқулов: “Менинг бисотимда бор бойлигим шу ихтиро қилинган машина, ундан бошқа менинг ҳеч нарсам йўқ, мен уни ҳеч қандай пулга сотмайман”, дейди.
Патентқуварларнинг бири Сирдарё вилоят ИИБ тергов бўлимининг катта терговчиси подполковник Бозорбой Қодировга қариндош бўлади ва ишга милиция подполковниги киришади. У бир гуруҳ маска кийган ва қуролланган милиция ходимлари билан ихтирочининг уйига бостириб киради ва ноқонуний тинтув ўтқазади. Гарчи тинтув пайтида Раҳмонқуловнинг уйидан хавотирли бирор нарса топилмаган бўлса-да, терговчи унга сохта долларлар чиқариш бўйича айблов эълон қилади. 1-гуруҳ ногиронига нисбатан қўлланилган қийноқлар устида шахсан Б.Қодировнинг ўзи туради. Уч кеча-кундуз қийноқлардан кейин Раҳмонқулов ўлиш даражасигача боргач, терговчи уни касалхонага жўнатади. Раҳмонқулов касалхонада уч ой ётади ва шу давр ичида унинг кровати олдида икки қуролланган милиция ходими узлуксиз ўтиришади.
Бир куни унинг олдига Сирдарё вилоят судининг судьяси Эркин Хидирбоев келади ва: “Сиз яхшилаб тузалаверинг, касалхонадан чиққанингиздан кейин судингизни ўзим ўтказаман” деб айтиб кетади. Э.Хидирбоев 7 ёш мусулмон йигит устидан суд жараёнини олиб борганда судланувчилар тергов пайтида даҳшатли қийноқларга солинганларини айтишганда, уларнинг бирортасининг ҳам шикоятини инобатга олмаган ва ҳаммасини узоқ муддатли қамоқ жазосига ҳукм қилган.
Мана шу икки машъум воқеани Аъзам Фармонов “Ногиронлар ҳуқуқлари” ва “Менинг милициям мени шарманда қилди” (М.Раҳмонқулов тақдирига бағишланган) ҳамда “Ҳуқуқ қаёққа кетди?” (Судланган мусулмон йигитлар тақдирига бағишланган) сарлавҳали мақолаларини ташкилотининг учта бюллетенида акс эттирган ҳамда уларни давлат ва халқаро ташкилотларига юборган. Ҳуқуқбоннинг бу иши вилоят ҳуқуқ-тартибот ва суд органлари раҳбарларини ғазаблантирган ва уни қамоққа олишга қарор қилишган. Аъзам Фармонов ва ЎИҲЖнинг Мирзаобод туман бўлими раиси Алишер Караматов 2006 йил 29 апрель куни қамоққа олинадилар ва тергов подполковник Бозорбой Қодировга, суд қилиш эса Эркин Хидирбоевга топширилади.
Сирдарё вилояти ИИБ терроризмга қарши кураш бўлимининг бошлиғи полковник Мусо Ражабов Аъзам Фармоновни кўча-куйда кўрганда: “Ҳой бола, жим юрмасанг, мен сени бир кунмас бир кун Жаслиқ қамоқхонасига жўнатаман”, дер экан. Буни Аъзамжон менга 2-3 марта айтган эди. Ҳозирги кунда Аъзам Фармонов Жаслиқдаги УЯ 64/71 қамоқхонасида 6,5 йилдан бери ўтирибди.
Мусо Ражабов ваъдасининг устидан чиқди. Мусо Ражабовнинг укаси наркотиклар сотадиган каттагина савдогар экан. У қўлга тушиб, қамалиб кетгач, милициядан Мусо Ражабовнинг думи тугилди. ЎИҲЖнинг икки аъзосини қамоққа ҳукм қилгандан кўп ўтмай, судья Эркин Хидирбоев маст ҳолда машинасида КаМАЗ машинасининг тагига кириб кетган, ўлмаса ҳам бундайроқ бўлган.
Толиб Ёқубов,
ЎИҲХЖ фахрий президенти
Fikr bildirish