Тожикистонлик ўзбеклар: “Таълимга оид ҳуқуқларимиз топталмоқда”
Тожикистон ўрта таълим мактабларида жорий ўқув йилининг биринчи чораги якунланди.
Рудакий туманининг Сарикишти қишлоғида истиқомат қилаётган ота-оналар ўқув йилининг биринчи чораги натижаларидан келиб чиққан ҳолда,фарзандлари бесавод бўлиб қолаётганидан шикоят қилмоқдалар.
Улар ўзларининг бу иддаосини республика барча туманларидаги ўзбек мактабларининг ёппасига тожиклаштирилаётгани билан асосламоқдалар.
“Ўзингиз ўйланг, ўн йил ўзбекча ўқиган бола 11-синфда тожикча ўқий бошласа, нима бўлиши мумкин? Тожик тили йил сайин форсий калималар билан тўлдирилмоқда, ҳатто тожикларнинг ўзлари ҳам бу сўзларнинг маъносини тушунмаётганига гувоҳ бўлганман. Болалар саводсиз бўлиб қолаяпти, номигагина мактабга бориб келишаяпти, холос”, дейди Сарикишти қишлоғида яшовчи уй бекаси Манзурахон Ҳайдарова.
Манзурахоннинг 11-синфда ўқиётган қизи Ўғилой кўпроқ аниқ фанларни ўзлаштиришда қийналаётганини, унинг устига ўқитувчилар ҳам талаб даражасида дарс бера олмаётганини айтади.
“Маҳалламизда тожиклар оз бўлса-да, бор. Улар билан гаплашиб юрганимиз учун тожикчани тушунаман. Лекин дарсликлар роса қийин тилда ёзилган. Ҳатто ўқитувчиларимиз ҳам тушунмайди, чунки улар институтни ўзбекча тамомлаган. Мактабни битирсам, врач бўлишни орзу қиламан. Лекин бу йил химия, физика дарсларини умуман ўзлаштира олмаяпман, чунки тожикча адабий тилда ёзилган мавзуларни тушунмаяпман”, – дейди Ўғилой.
Шу қишлоқдаги 21-ўрта мактабда кўп йиллардан буён ҳуқуқшунослик фанидан дарс бериб келаётган Маҳмадали Тоҳировдаги маълумотларга кўра, сўнгги уч йил ичида Тожикистон ҳукуматининг ўзбек мактабларини тожиклаштириш сиёсати янада жадаллашган.
“Аҳолисининг 90 фоизи ўзбек бўлишига қарамай, кўпгина қишлоқларда мактаблар мажбурий равишда тожиклаштирилмоқда. Бош қонунимиз фуқароларнинг ўз она тилида билим олишларини кафолатлаган, лекин амалда ҳақ-ҳуқуқларимиз очиқчасига топталмоқда. Бу билан бировнинг иши йўқ”, – дейди кекса педагог.
Тожикистон Таълим вазирлигининг 2007 йил учун берган расмий статистик маълумотларига мувофиқ, республикада ўзбек мактаблари ва ўзбек тилида ҳам ўқитиладиган аралаш мактаблар сони олти юзга яқин эди.
Аммо ҳозирда республика бўйлаб нечта ўзбек мактаби ёки тожик мактаблари қошида қанча ўзбек синфи борлиги, улардан қанчаси тожиклаштирилгани ҳақида расмий статистика йўқ.
“90-йиллар бошида мустақилликка эришган Тожикистонда ўзбекча ўқиш истиқболсиз бўлиб қолгани сабабли одамлар фарзандларини бу мактаблардан олиб, тожик ва рус мактабларига бердилар. Бошқа томондан шўролар даврида Тожикистондаги ўзбек мактабларини дарслик китоблар билан Ўзбекистон тўла таъминлаб турарди.
Аммо қўшнимиз лотин алифбосига ўтиб олганидан сўнг бизда ўзбек дарсликлари жуда катта муаммога айланди. Тожикистон ҳукумати ўзбек мактабларини дарслик китоблар билан таъминлаш учун молиявий имкониятга эга эмас”, – дейди Рудакий туманидаги ўрта мактаблардан бирида кўп йиллардан буён ўзбек тили ва адабиётидан дарс бериб келаётган Холмуҳаммад Мамадалиев.
Душанбе шаҳри атрофи ва Хатлон вилоятидаги айрим туманлар аҳолиси билан ўтказган суҳбатларимизда фарзандини ихтиёрий равишда тожик мактабларига бераётган ота-оналар ҳам кўпчиликни ташкил қилишига гувоҳ бўлдик.
“Фарзандларимиз мактабга фақат дафтар, ручка олиб боради. Ўзбекча китоб анқонинг уруғи бўлиб қолган. Мактабларда ўзбек тилида дарс берувчи ўқитувчилар етишмайди. Энди нима қиламиз – кўпга келган тўй-да. Тожикчада бир йил, икки йил қийналади, кейин ўзлаштириб кетади, келгусида институтга кириши, ишга жойлашиши осон бўлади. Энди ҳамма шу фикрда боласини тожикча ўқитишга рози бўлаяпти-да”, – дейди Қабодиён туманида яшайдиган Зарнигор ая.
2009 йили Тожикистонда “Давлат тили тўғрисида”ги янги қонун қабул қилинди. Мазкур қонунда давлат барча идоралари, таълим муассасалари, корхоналар ва олийгоҳларда иш юритиш давлат тили, яъни тожик тилида олиб борилиши шартлиги кўрсатилган. Аммо қонунда мамлакатдаги бошқа миллат ва элатларнинг тожик тилида таълим олиши шарт қилиб белгиланмаган. Тожикистон Конституцияси миллий озчилик вакилларининг ўз она тилида таълим олишини кафолатлаган.
Шундай бўлса-да, мустақил таҳлилчилар мулоҳазасича, жойлардаги маҳаллий амалдорлар республикадаги ўзбек, туркман, қирғиз ва бошқа шу каби мактабларни тожиклаштиришга жон-жаҳдлари билан киришган.
“Бу сиёсат ортидан келгуси беш-олти йил ичида тожик жамиятидаги миллий озчилик вакиллари, жумладан, ўзбекларнинг маънавий ва интеллектуал жиҳатдан деградация бўлиш таҳдиди кучайди”, – демоқда кузатувчилар.
Fikr bildirish