Маҳбуслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиб келган ҳуқуқ фаоли Курамшин ҳибсда сақланмоқда

31 октябрь куни қозоғистонлик ҳуқуқ ҳимоячиси Вадим Курамшин касбий фаолияти туфайли Петропавловск шаҳрида ҳибсга олинди.

Бу ҳақда Курамшинни ҳимоя қилиш қўмитаси мувофиқлаштирувчиси Андрей Цуканов маълум қилди.

“Курамшиннинг яна бир бор ушланиши албатта унинг касбий фаолияти билан боғлиқ. Шикоят билан танишиб чиққан адвокатлар маҳкама қарорини бекор қилишга арзигулик бирорта ҳам далил йўқлигини айтишмоқда”, – деди Андрей Цуканов.

2 ноябрь куни эса ҳибсда сақланаётган Вадим Курамшин шоҳ томирини кесганлиги ҳақида хабар тарқалганди.

Ҳуқуқ фаолининг яқин дўсти ва ҳимоячиси Андрей Цуканов Курамшинни кўп йиллардан буён яхши билишини ва у ўз жонига қасд қилишга мойил эмаслигини айтади. Цуканов сўзларига кўра, ҳуқуқ фаоли бу ишга қийноқлар ва жинсий зўрлашга ҳаракат бўлганидан кейин қўл урган бўлиши мумкин.

Бироқ Шимолий Қозоғистон вилоят прокуратураси матбуот хизмати Курамшин фитна чиқариш мақсадида томирини кесганини ва вақтинчалик тергов изоляторида унга нисбатан ҳеч қандай қонунбузарлик содир этилмаганини иддао қилган.

Вадим Курамшин 31 октябр куни Жамбил вилоят суди қарорига асосан Петропавловск шаҳрида ҳибсга олинди ва шоҳ томирини кесганидан сўнг Тараз шаҳрига этап қилинди.

Жамбил вилоят суди биринчи инстанция қарорини бекор қилди ва Курамшин билан боғлиқ ишни қайта кўриб чиқиш ҳақида қарор қабул қилди.

“Курамшин иши” 2012 йил 23 январидан бошланган эди. Ўшанда Курамшин Жамбил вилоятига қарашли Қўрдай поселкаси полициячилари томонидан прокурор ёрдамчиси Мухтар Удербаевдан пул талаб қилганликда айбланиб қўлга олинган.

Ҳуқуқ ҳимоячисини деярли 4 ой – майдан августгача суд қилишди. Давлат қораловчиси Вадим Курамшинга 14 йил қамоқ жазоси берилишини ва мол-мулки мусодара қилинишини сўради.

Бироқ ҳакамлар айбловчи томон иддоаларига ишонмади ва Курамшинни бир йил озодликдан маҳрум қилиш ҳақида қарор чиқарди. Ҳуқуқ ҳимоячиси тергов ва суд вақтида ўтирган муддати эвазига суд залидан озодликка чиқди.

Муқаддам судланган Вадим Курамшин Қозоғистонда маҳбусларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш билан танилган.

Сўнгги бор ҳибсга олинишидан олдин у қамоқхоналарда аёлларнинг зўрланиши ва жазони ўташ муассасасидан жасади чиққан икки маҳбуснинг ишини кўтараётган эди.

23 ёшли Орзу Имроншоев ва Шамил Ярославлевларнинг қийноқ излари акс этган суратлар Курамшиннинг веб-саҳифасида чоп этилган ва ҳуқуқ фаоли жамоатчиликни ушбу даҳшатга эътибор қаратишни сўраган эди.

Қамоқхона маъмурияти Имроншоевнинг ака-укаларига экспертиза ўтказишга рухсат беришмаган. Бунинг учун марҳумнинг онаси ёки турмуш ўртоғининг аризаси керак, деган талабни айтишган. Астанада унинг яқинлари мустақил текширув ўтказишга ҳаракат қилган, аммо Курамшиннинг ёзишича, бунга ҳам қаттиқ қаршилик кўрсатишган.

Ҳуқуқ ҳимоячиси суратларда акс этган бадандаги жароҳат излари экспертизага ҳожат қолдирмаганлигини ва жамоатчилик ушбу ҳолатга жиддий муносабат билдириши кераклигини айтган.

Курамшин ҳибсга олингани боис суратлари интернетга қўйилган марҳум маҳбусларнинг тақдири борасида маълумот йўқ.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.