Қозоғистоннинг БМТ инсон ҳуқуқлари Қўмитасига сайланиши танқидларга сабаб бўлмоқда
Ўзбекистонга 30 дан ортиқ қочқинни топширгани учун БМТдан дакки эшитган Қозоғистон ушбу ташкилотнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитасига аъзо этиб сайланди.
Қозоғистон номзодини 187 та давлат қўллаб-қувватлаган ва ушбу мамлакат 2013-2015 йиллар орасида 47 республика билан биргаликда дунёдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ қарорларни қабул қилишда иштирок этади.
Қозоғистонда фаолият юритадиган интернет сайтларида ушбу хабар чиқиши билан ўқувчилар хабар остини истеҳзоли изоҳлар билан кўмиб ташлади.
“Сарлавҳанинг тўғриси қуйидагича бўлади: Қозоғистоннинг БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитасига аъзолиги ушбу ташкилотнинг халқаро жамоатчилик орасида обрўси тушиб кетганини англатади”, – дейди Дима ники остидаги юзер.
Қозоғистон ҳукумати ва расмий матбуот эса ушбу аъзоликни мамлакатнинг халқаро миқёсда қўлга киритган навбатдаги эътироф, дея баҳоламоқда.
Жумладан, ушбу хабарни ёйинлаган Қозоғистон Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида: “Республиканинг ушбу нуфузли ташкилотга сайланиши мамлакатда инсон ҳуқуқлари борасида олиб борилаётган ишларнинг эътироф этилишидир”, дейилган.
Қозоғистон инсон ҳуқуқлари халқаро бюроси раҳбари Евгений Жовтис матбуотга берган изоҳида ушбу аъзоликка муносабат билдиришдан олдин қўмитанинг асли қандай ташкилот эканлигини билиб олиш зарурлигини урғулайди.
“БМТнинг Инсон ҳуқуқлари қўмитаси 2006 йили тарқаб кетган Инсон ҳуқуқлари комиссиясининг ўрнига ташкил топган органдир. Ушбу қўмитага 47 давлат 3 йил муддатга сайланади ва у БМТ Бош Ассемблеясига кўмакчи орган ҳисобланади. Гап шундаки, бир муддатга сайланган давлат иккинчи муддатга қайта сайлана олмайди. Шу жиҳатдан, Қозоғистоннинг ушбу қўмитага аъзо бўлиши табиий ҳолдир”, – дейди Евгений Жовтис.
Қозоғистон 2011 йили 29 нафар бошпана изловчини, ҳуқуқ ҳимоячиларининг норозилигига қарамасдан, Ўзбекистонга топшириб юборган эди.
Ўша пайтда “Ўтюраклар Клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилотининг саъй-ҳаракатлари билан Франциянинг АСАТ ташкилоти ушбу иш юзасидан БМТнинг қийноқлар қўмитасига ариза билан мурожаат қилган.
Қочқинлар топширилганидан бир йил ўтиб БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Қозоғистон ўзи имзолаган халқаро конвенциянинг икки банди бўйича меъёрни бузганини маълум қилди.
Қўмита Қозоғистонга қийноқлар мунтазам қўлланилувчи давлатга бошпана изловчиларни топширмаслик кераклигини урғулаб, уларни ортга қайтариш ва товон пули тўлашни талаб қилди.
Бироқ Қозоғистон ҳукумати ушбу талабни бажармади ва унга расмий жавоб ҳам бермади.
“БМТ Қийноқларга қарши қўмитасининг ушбу қарори тавсия ўрнида ўтади. Ташкилот ушбу қарор юзасидан Қозоғистонни сўроққа олиб, суриштириб туриши мумкин. Аммо Қозоғистон қарорни бажармади ва афтидан, бундан кейин ҳам бажармайдиган кўринади. Қозоғистон Ўзбекистондан ташқари Хитойга ҳам сиёсий қочқинларни топширган”, – дейди ҳуқуқ ҳимоячиси Евгений Жовтис.
Ҳозирда Қозоғистоннинг вақтинчалик сақлаш ҳибсхоналарида Ўзбекистон томонидан экстрадиция қилиниши талаб этилган икки қочқин ўтирибди.
Шу йил апрел ойида Ақтўбе шаҳрида ҳибсга олинган Хайрулло Турсунов ва Олмаота шаҳрида қўлга олинган Мақсад Жаббарбергеновларни ўтган йили Ўзбекистонга бериб юборилган 29 қочқиннинг тақдири кутиб турган бўлиши мумкин.
Fikr bildirish