Шерик Карамхудоев – сиёсий маҳбус
Бундай баёнот 12 ноябр куни Тожикистон Ислом уйғониш партияси масъуллари тилидан янгради.
“Ҳуқуқ-тартибот идоралари Шерик Карамхудоевни жамоатчиликка Хоруғ фуқароси эмас, балки Ислом уйғониш партиясининг шаҳар бўлим раҳбари сифатида таништираяпти. Ундан ташқари, Миллий хавфсизлик терговчилари Карамхудоевни партиямизга қарши кўрсатмалар беришга мажбурлаганидан ҳам хабаримиз бор.
Ҳуқуқ-тартибот идораларининг айрим масъуллари Ислом уйғониш партиясини ғаразли мақсадда ўша июл воқеаларига алоқадор қилиб кўрсатмоқчи. Шуни назарга олган ҳолда, бизнингча, Шерик Карамхудоев сиёсий маҳбус саналади”, дея билдирди душанба куни ТИУПнинг Душанбедаги идорасида ўтказилган матбуот анжуманида сўзлаган партия масъулларидан бири Ҳикматулло Сайфуллозода.
Ислом уйғониш партияси вакиллари Карамхудоевнинг адвокатларидаги маълумотларга таяниб, партия фаоли Миллий хавфсизлик қўмитаси ҳибсхонасида қийноққа солинганини иддао қилмоқда.
Маҳбуснинг рафиқаси Манижа Шаҳбозбекова ҳам эрининг қийноққа солинганига шубҳа қилмайди. Аёл тўрт ой давомида қамоқда қолаётган эри билан учрашиш учун қилган уринишларидан бирор натижа чиқмаганини айтди.
“Ўтган тўрт ой давомида фақат қайнонамга ўғли билан учрашишга рухсат берилди. Лекин мен ва фарзандларим у билан учраштирилмаяпти. Негалигини ҳеч ким изоҳламайди ҳам. Мен эримнинг тақдиридан жуда хавотирдаман” , дейди у.
Шаҳбозбекова хоним эри хавфсизлик хизматлари томонидан ноқонуний ҳибсга олинганини, зеро, у бегуноҳ эканини гапирди.
“24 июл куни Хоруғда тўс-тўполон бошланиб кетганидан кейин Шерик эрталаб уйдан чиққанича қайтиб келмади. Биз унинг ҳибсда сақланаётганини ахборот воситаларидан билдик. Мен шахсан ҳеч қачон унинг қўлида қурол кўрганим йўқ. Хоруғда рўй берган қонли воқеа гувоҳлари ҳам буни тасдиқлайди”, дейди сиёсий мотивлар билан қамалгани иддао қилинаётган маҳбуснинг рафиқаси Шаҳбозбекова.
12 ноябр кунги йиғинда Тоғли Бадахшон вилояти жамоасидан вакил сифатида қатнашган Улфатхон Мамадшоева Шерик Карамхудоевнинг адвокатларидан норози эканини айтди.
“Шерикнинг адвокатларидан фақат биргина Зебо Қосимова жиддий иш олиб бораяпти. Бошқа адвокатлар ишида фаоллик сезилмайди, гўё улар нимадандир чўчиётгандек”, дейди Мамадшоева хоним.
Шу йилнинг 24 июл куни Тоғли Бадахшон вилояти марказида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг шу вилоят бўйича бошқармаси бошлиғи, генерал-майор Абдулло Назаровнинг ўлдирилишига алоқадор бўлган қуролли гуруҳларни зарарсизлантириш бўйича махсус амалиёт ўтказилганди.
Мухолифатдаги партия фаоли Шерик Карамхудоев ўша амалиёти чоғида бедарак йўқолган эди. Кейинчалик у хавфсизлик ходимлари томонидан ҳибсга олингани маълум бўлди.
Тожикистон Бош прокуратураси сентябр ойи бошларида тарқатган баёнотида Шерик Карамхудоевни 21 кишидан иборат гуруҳга бошчилик қилгани ва бу гуруҳ ҳукумат кучларига қуролли қаршилик кўрсатганини билдирганди.
Бош прокуратура маълумотига кўра, Шерик Карамхудоев Тожикистон жиноят Кодексининг 187- (жиноий гуруҳ тузганлик) ва 195- (ноқонуний қурол-аслаҳа, ўқ-дори ва портловчи моддалар сотиб олганлик, сотганлик, сақлаганлик ва ташиганлик) моддалари билан айбдор, деб топилган. Айни пайтда унга нисбатан очилган жиноий иш бўйича терговни Миллий хавфсизлик қўмитаси олиб бормоқда.
Мухолифатдаги партия фаоли Шерик Карамхудоев ўз адвокатлари билан у ҳибсга олиниб, Хоруғдан Душанбега олиб келинганидан роппа-роса икки ой вақт ўтгачгина учраштирилган эди.
Ўшанда Адвокат Бобохон Ёқубов Карамхудоевнинг саломатлиги ташвишланарли эканини, боши дока билан ўраб ташланганини ва унинг баданида қийноқ излари сақланиб қолганини айтганди.
Fikr bildirish