Ҳуқуқ ҳимоячилари ҳимояга муҳтож!
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Сирдарё вилояти бўлими фаоли, “Одил ҳуқуқ” адвокатлар ҳайъати адвокати Зайниддин Жўрабоев Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссияси қарори билан фаолият лицензиясидан маҳрум қилинди.
Адвокатларнинг бошини силаши, лозим вақтда уни ҳимоя қилиши лозим бўлган палатанинг айрим коррупционер раҳбарлар буюртмаси билан амалга оширган провакацияси Жўрабоевга икки карра зарба бўлди. “Адвокатлар палатаси Сирдарё вилоят ҳудудий бошқармасига Суҳроб Рўзметов раис этиб тайинланди-ю, атрофига ўз ҳамфикрларини тўплаб олиши, ўз фикрига эга бўлган ва раъйига юрмаган адвокатларнинг бўлса бўлмаса лицензиясини бекор қилаверди” дейди кекса адвокат.
Адвокат судга берди, аммо ҳуқуқий жамият қарор топмаган, Сирдарёда амалдор-у тўралар нима хоҳласа қилиб ётган бир пайтда суддан адволат кутиб бўлармиди? Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё вилояти суди Палатанинг қарорини тўғри, деб топди. Ҳужжатларга кўра, адвокат Тоштурмадаги мижози олдига унинг розилигисиз кирганмиш?! Эътибор беринг, қўриқчи-ю миршаблар пашша ҳам учиб ўтолмайдиган Тоштурмага ёши етмишдан ошган адвокатнинг ноқонуний киришини, мижозининг қаршилигига қарамай унга ҳуқуқий ёрдам беришини тасаввур қилинг!
Навоий шаҳар Навоий кўчаси 35-А уй 4-хонадонда яшовчи, 2-гуруҳ ногирони, журналист Дилдора Боймуродова аччиқ ва кескир тили сабаб маҳаллий ,,Фазо” телевидениесидан бўшатиб юборилган. У шу йилнинг январидан Республика Президенти, Олий суд , Бош прокурор ва бошқа ҳукумат идораларига шикоят қилиб келади. Телевидение директори А.Носиров унинг 4 йил давомида имтиёзсиз ишлаб келганлиги, қатор йилларда бу заҳматкаш журналистнинг ҳатто маош олмаганига қарамай ишдан четлатилган. Аммо ТВ директорининг адолатсиз буйруғини ҳеч ким бекор қилолмаяпти!
Журналист ва инсон ҳуқуқлари ҳимочиси Турсунқул Остонақуловнинг туҳмат сабаб 5 ой тергов изоляторида, бир йил давомида Навоий шаҳридаги 29-сонли жазони ижро этиш муасасасида ва яна 5 ой 76-сонли манзил колонияда жазо муддатини ўтаб қайтди. У ўзининг озод қилиниши масаласида жамиятга миннатдорчилик мактуби йўллаган, аммо барибир адолатнинг қарор топмаётгани ва туҳтатчиларнинг жазога тортилмаётганини эътироф этади.
Тошкентнинг Бектемир туманида яшовчи ҳуқуқ ҳимоячиси Чамангул Негманова эса касбий фаолияти учун таъқибга учраётгани, электр таъминоти идораси унинг светини, газчилар эса газ таъминотидан узиб қўйгани, ўзининг суд томонидан безориликда айбланиб, жаримага тортилганини таъкидлайди. Шикоятлардан кўринишича, фуқароларга кўмак бериши лозим бўлган адвокат, журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг ўзи кўмакка муҳтож!
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти адвокатлар, журналист ва ҳуқуқ ҳимоячиларини бундай вазиятда ўзаро ҳамжиҳатлик ва иттифоққа чақиради!
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти матбуот варақчаси
Fikr bildirish