Москвада қўлга олинган ўзбекистонликларга экстрадиция хавф солмоқда
Шу йилнинг 15 ноябр куни ўзбекистонлик беш нафар фуқаро Москвадаги «Внуково» аэропортида полиция ходимлари томонидан ҳибсга олинди.
«Жараён»га маълум бўлишича, Абдусамад Нуриддин ўғли Дадаев, Раҳматуллоҳ Абдуллаевич Муҳаммадхўжаев, Авазбек Маматхонович Низомов, Олим Турсунович Жалолбоев ва Ҳаким Турсунович Жалолбоев Москвага Калининград шаҳридан учиб келганлар. Наманган шаҳрига учиб кетишга чоғланган бу ўзбекистонликларнинг ҳаммаси уйга қайтаётган эканлар.
Уларнинг ҳибсга олинишига Ўзбекистоннинг Наманган вилоят Ички ишлар бошқармасидан олинган ва майор Ш. Исломов томонидан имзоланган мактуб сабаб бўлган.
Хатда айтилишича, аэропортда ҳибсга олинмиш 1991-1993 йилларда туғилган йигитлар Ўзбекистон Жиноят кодекстининг 244-моддаси – «Диний экстремистик, айирмачилик, фундаменталистик ёки бошқа таъқиқланган ташкилотлар тузганлик, уларга раҳбарлик қилганлик, уларда иштирок этганлик» бўйича гумонланаётибди.
Марказий Осиё сиёсий муҳожирлари жамиятининг президенти, ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев билан суҳбат чоғида ҳибсга олинган ўзбекистонликлар ўзларига қўйилаётган айбловлардан таажжубда эканларини айтганлар.
«Улар Ўзбекистонда ҳам, Россия Федерациясида ҳам ҳеч қачон ҳеч қанақа ташкилотга аъзо бўлмаганлар, на махфий, на-да диний ташкилотга, – дейди Баҳром Ҳамроев. – Калининград шаҳрида улар шу йил бошидан қурилиш объектларида оддий қурувчи бўлиб ишлаб келганлар. Улар Янги йилни уйда кутмоқчи бўлган эканлар».
Ҳамроевнинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда бу йигитларга узоқ муддатли қамоқ жазоси хавф солмоқда.
«Наманган аэропортида бу йигитларни ҳибсга олиб, беш йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиб, Каримовнинг «Жаслиқ» деб номланган Гулагига йўллашлари мумкин эди. Уларнинг айбсизлиги ва ҳеч қанақа жиноят содир этмагани диктаторлик режими томонидан ҳаракатга келтирилган қатағон машинасини тўхтатиб қололмайди.
Бу Ўзбекистон расмийларининг ўз фуқароларига қарши содир этаётган жиноятларини пардалаш учун амалга оширилаётган давлат сиёсати бўлиб ҳисобланади. Бу мамлакат аҳолисини итоатда тутиш ва Ўзбекистондаги халқ бойлигидан ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш учун қилинади», – дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.
Шу билан бирга, Баҳром Ҳамроев ҳибсга олинган ўзбекистонликларга ҳозирда экстрадиция хавф солаётганини ҳам айтади. Аммо, ҳуқуқ ҳимоячисининг фикрича, бу йигитларнинг Россияда қўлга олингани бир жиҳатдан яхши ҳам бўлган.
«Энди бу йигитлар ўз мақсадларига эришиш учун қийноқлар қўллайдиган ва жиноий ишларни уйдиришда устаси фаранг бўлиб кетган Ўзбекистон махсус хизматлари қўлига тўғридан-тўғритушмаслиги учун уларни шу ерда қолдириш имкони бор. Бизнинг жамиятимиз бу йигитлар Ўзбекистонда узоқ йиллик қамоққа тушмаслиги учун, уларнинг ҳаётлари барбод бўлмаслиги учун қўлдан келган барча ишларни қилади. Биз бу болалар Ўзбекистон экстрадиция қилинишининг олдини олишга ҳаракат қиламиз», – деди ҳуқуқ фаоли Баҳром Ҳамроев.
Дарвиш Али
Fikr bildirish