Музаффар Сулейманов: Азимжон Асқаров ўзига юксак мукофот берилгани эшитиб, хурсандликдан йиғлаб юборибди

Жорий йилнинг 20 ноябрь куни Нью Йоркда Журналистлар ҳимоя қилиш қўмитасининг 2012 йилдаги матбуот эркинлиги учун Халқаро мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Мазкур мукофот, ҳаёти учун таҳдид бўлганига қарамай, расмийлар суиистеъмолини ёритган тўрт нафар халқаро журналистга топширилди. 

 

Бу мукофот лауреатларидан бири Жанубий Қирғизистондан бўлган ҳуқуқ фаоли ва мустақил журналист, мамлакат куч ишлатар тузилмалари вакилларининг жиноий хатти-ҳаракатларини фош қилиш билан шуғулланган «Воздух» ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотининг раҳбари 61 ёшли Азимжон Асқаров бўлиб ҳисобланади. Бироқ Асқаров ҳозир қамоқда бўлгани учун мукофот топширилиш маросимида иштирок этолмади.

Қирғизистон жанубида 2010 йилда қирғизлар ва ўзбеклар ўртасидаги этник тўқнашувлардан кейин Азимжон Асқаров уйдирилган айбловлар бўйича ҳибсга олинганди. Уни Бозорқўрғон туманида милиция ходимининг ўлдирилишида айблагандилар. 2010 йилнинг 15 сентябрь куни суд уни умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилган. Бироқ қатор нуфузли халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаров ўз касбий фаолияти туфайли қамалганини билдириб келадилар.

Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг (ЖҲҚ) Европа ва Ўрта Осиё дастури тадқиқотчиси Музаффар Сулейманов «Жараён»га берган интервьюсида Азимжон Асқаровга мукофот бериш ҳақидаги қарор қандай қабул қилингани, қўмитанинг ҳуқуқ ҳимоячисини озод қилиш тўғрисидаги чақириғига Қирғизистон расмийлари қандай муносабат билдирганлари ва бошқалар хусусида сўзлаб берди.

Жараён: Бугун Нью Йоркда Журналистлар ҳимоя қилиш қўмитасининг 2012 йилдаги матбуот эркинлиги учун тўрт нафар журналистга Халқаро мукофотини топшириш маросими бўлиб ўтди. Бу мукофот лауреатлардан бири ҳуқуқ фаоли ва журналист Азимжон Асқаров бўлиб ҳисобланади. Музаффар, айтингчи, мукофот лауреатлари, хусусан, Асқаров қайси мезонларга асосланган ҳолда танланди?

Музаффар Сулейманов: Лауреатларни танлаш бўйича қандайдир конкрет мезонлар ҳақида гапиришим қийин, чунки у ёки бу журналистга мукофот бериш тўғрисидаги қарорни Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитасининг директорлар кенгаши қабул қилади. Мазкур кенгашга медиа соҳасида ишлаётган ёки аввал ишлаган машҳур америкалик ёки халқаро журналистлар ва муҳаррирлар киради. Улар кенгаш мажлисида мукофот олиш учун номзодлар рўйхатидаги ҳар бир кишининг иши ва хизматларини муҳокама қиладилар.

Бироқ мен бу ерда аниқ айта оламанки, мукофотга даъвогарлар исми осмондан олинмайди – ЖҲҚ минтақавий дастурларининг ҳар бири бизнинг фикримизча ўз иши билан сўз эркинлиги ва журналистикага садоқатини исбот этган журналистлар рўйхатини тақдим этади. Матбуот варақчамизда айтилганидек, 2012 йилдаги матбуот эркинлиги учун Халқаро мукофотнинг тўртала лауреати ҳам Бразилия, Либерия, Хитой ва Қирғизистон каби ўз мамлакатларида инсон ҳуқуқларининг бузилиши ва расмийлар томонидан ваколатларнинг суиистеъмол қилиниши ҳақида ҳикоя қиларкан, ўз ҳаёти ва эркинлигини хавф остига қўйганлар.

Уларнинг ҳар бири ҳужумлар, таҳдидлар ва қийноқлар дохил аёвсиз қатағонга дучор қилинган. Лауреатлардан иккиси – Азимжон Асқаров ва тибетлик документалист Дхондуп Ванчэнь қилган иши учун ўч сифатида ҳисбга олинган ва қамалган. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси бош директори Жоэл Саймон айтганидек, « ҳақиқат учун курашга метин садоқати учун катта товон тўлаган бу журналистлар ўрнаги бизни илҳомлантиради».

Жараён: Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси бу янгиликни Азимжон Асқаровнинг ўзига етказишга муваффақ бўлолдими?

Музаффар Сулейманов: Афсуски, ЖҲҚ Азимжон Асқаров билан бевосита боғлана олмади – Қирғизистон расмийлари биз билан ҳамкорлик қилувчи Си-Эн-Эн (CNN) журналистининг қамоқхонадаги Асқаровни зиёрат қилишига рухсат беришмабди. Бироқ у ўзига мукофот топширилиши ҳақида шу йилнинг 13 сентябрь куни «Америка Овози»га берган интервьюимиз орқали хабар топгани тўғрисида хат чиқарибди. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, маросим меҳмонлари ва мукофотимиз лауреатлари номига йўлланган мактубда Асқаров қамоқхона ертўласидаги камерада радио тинглаб ўтириб, менинг «Америка Овози»га берган интервьюимни эшитиб, ўз иши халқаро миқёсда юксак баҳоланганидан хурсанд бўлиб, йиғлаб юборганини билдирибди.

Албатта, биз ҳаммамиз Азимжон ака адвокатлари орқали чиқарган бу хатчадан жуда таъсирландик ҳамда у Нью Йоркка келиб, мукофотини олиб кета олиши учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Биздаги тартиб-қоидаларга кўра, агар мукофот эгаси қамоқхонада бўлса ёки бошқа бирор сабаб билан мукофот топшириш маросимига келолмаса, уни журналист келгунича ёнимизда сақлаб турамиз.

Жараён: Бизга маълумки, яқинда Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Қирғизистон президент Алмазбек Атамбаевни Азимжон Асқаровни зудлик билан озод қилишга чақирган. Айтингчи, шундан кейин Қирғизистон расмийлар томонидан бирор-бир расмий жавоб бўлдими?

Музаффар Сулейманов: Афсуски, Қирғизистон расмийлари бизнинг чақириқларимизга жавоб бермаяптилар. Собиқ президент Роза Ўтунбаева ҳам, ҳозирги лидер Алмазбек Атамбаев ҳам Асқаровни озод қилиш ёки ҳеч бўлмаганда, унинг ишини очиқ ва адолатли судда қайта кўриб чиқишга оид хат ва чақириқларимизга жавоб бермадилар. Биз мудом уларнинг демократия ғояларига содиқлик, сўз эркинлиги ва қонун устиворлиги ҳақидаги баёнотларини эшитиб турамиз, бироқ Асқаров ишидан кўриб турганимиздек, буларнинг ҳаммаси қуруқ гапдан бошқа нарса эмас экан.

Агар Қирғизистон расмийларининг ҳақиқатан ҳам айтаётган гаплари қилаётган ишлари билан мувофиқ бўлса, улар Асқаровни озод қилишлари ҳамда уни қамаган ва ҳибсда унга қийноқ қўллаган кишиларни жавобгарликка тортишлари лозим. Унгача эса Қирғизистон журналист ва ҳуқуқ фаолини умрбод қамоқ жазосига маҳкум қилган Европа ва Марказий Осиёдаги ягона мамлакат бўлиб қолаверади. Амин бўлингки, биз бу ҳақда жаҳон жамоатчилиги билиши чорасини кўрамиз. Аввал айтганимдек, ташкилотимиз директорлар кенгашига жаҳонда танилган журналистлар киради ва улар ўз ҳамкасбини оғир аҳволда ташлаб қўймайди.

Жараён: Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси Азимжон Асқаровни қамоқдан озод қилиш учун яна қандай чоралар кўради?

Музаффар Сулейманов: Биз Асқаров иши устида 2010 йил июнидан – у ҳибсга олинган пайтдан буён ишлаб келаяпмиз ва бундан кейин ишлашда давом этамиз ҳамда унинг озод этилиши учун барча имкониятлар ва минбарлардан фойдаланамиз. Сизга маълум бўлса керак, шу йилнинг июнь ойида биз халқаро жамоатчилик эътиборига Асқаров иши бўйича воқеалар ривожини батафсил баён қилувчи ҳисоботни ҳавола қилгандик. Унда Асқаров ўз фаолияти бошида ёритган ишлар; 2010 йилдаги миллатлараро зиддият ва ўша фожеий воқеалар чоғида у қилган ишлар; унга қилинган таҳдидлар; унинг ҳибсга олиниши, унга нисбатан қўлланилган қийноқлар ва адолатли судлов эмас, балки аслида майнавозчилик бўлган суд жараёни акс этган.

Биласизми, Асқаров ҳеч қанақа далил-исбот базасига эга бўлмаган уйдирма айбловлар билан судланган – бунга Асқаровга нисбатан чиқарилган ҳукмни ўқиган ҳар бир киши амин бўлиши мумкин. (Мен бу каби ишлар кўплигини ва Қирғизистон уларни қайта кўриб чиқиши лозимлигини қайд этиб ўтишим лозим.) Мазкур ҳисоботни биз Асқаров ишига оид бошқа ҳужжатлар билан биргаликда АҚШнинг Қирғизистондаги элчиси орқали президент Атамбаевга бериб юборганмиз, бироқ Қирғизистон томондан бу борада ҳеч қанақа муносабат билдирилмади.

Қирғизистон расмийлари ЖҲҚ ҳамда Қирғизистон Омбудсмени Турсунбек Ақун, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Нэви Пиллай ва БМТнинг қийноқларга қарши махсус вакили Хуан Мендес дохил бошқа бир неча ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари томонидан Асқаров ишида қайд этилган кўплаб қонунбузарликларга эътибор бермасликни маъқул кўрмоқдалар. Буларнинг ҳаммаси мукофот топшириш маросимида қайд этилади ва Қирғизистоннинг халқаро жамоатчилик томонидан бериладиган ва анча ёқимсиз бўлган саволларга жавоб беришига тўғри келади.

Бу саволларни фақат давлат раҳбарлари ва журналистларгина эмас, Асқаров ҳимояси учун уюштирилган петициямизни имзолаган оддий одамлар ҳам беради. Биз каби бу одамларнинг ҳаммасини ўзларини демократия ва қонун устиворлигига содиқ деб атовчи мамлакат расмийлари Асқаров иши бўйича анчадан буён кутилаётган адолатли судловни қачон амалга оширишлари ва ўч олиш мақсадида умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинган журналистни қачон озод қилишлари қизиқтирмоқда.

 Жараён: Суҳбат учун ташаккур, Музаффар.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.