Швеция ва Россия расмийларини Юрий Жуковский иши бўйича маълумот беришга чақирамиз
12 октябрь куни Швеция ва Россиянинг қатор оммавий ахборот воситалари ҳамда Ўзбекистонга оид хабарларни ёйинловчи интернет нашрлар ўзбекистонлик машҳур имом Обидхон қори Назаровга суиқасдда гумонланиб, қидирилаётган Юрий Жуковский Россия Федерациясида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан қўлга олингани ҳақида хабар тарқатгандилар. Тахминларга кўра Ўзбекистонда туғилган 34 ёшли Юрий Жуковский икки мамлакат (Ўзбекистон ва Россия) фуқароси бўлган.
Таниқли имом Обидхон қори Назаров Ўзбекистон расмийлари томонидан мунтазам таъқиб қилинавергач, мамлакатни ташлаб чиқиб кетишга мажбур бўлган ва 2006 йили БМТ қочқинлар ишлари бўйича олий комиссари бошқармаси ёрдами билан Швецияга кўчирилганди. Эътиборли имомга суиқасд 2012 йилнинг 22 февраль куни Швециянинг Стромсунд шаҳрида Назаров яшаган уй йўлаги олдида содир этилган. Ўшандан буён Обидхон қори Назаров касалхонада беҳуш ётибди.
Оммавий ахборот воситаларида гумонланувчи Юрий Жуковский қўлга олингани ҳақида хабар қилинганидан буён орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтди, бироқ ўшандан бери жамоатчилик бу борада янги маълумот ололгани йўқ.
«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти таниқли имомга суиқасдда гумонланаётган киши атрофидаги жараён ёпиқлигича қолиши мумкин эмас, деган фикрда собит. Билъакс, биз Россия Федерацияси ва Швеция расмийлари Юрий Жуковский атрофидаги жараёнлар максимал даражада шаффоф ва очиқ бўлиши учун қўлдан келган барча ишларни амалга ошириши лозим, деб ҳисоблаймиз.
Сўнгги пайтларда Россия Федерацияси ва Ўзбекистон ўртасида ўзаро ҳамжиҳатликни йўлга қўйиш уринишлари кузатилмоқда. Яқинда Ўзбекистон расмийлари МТС-Ўзбекистон активларини давлат тасарруфига ўтказмасликка қарор қилдилар. Россия уяли алоқа ширкатининг шўъба корхонаси фаолияти Ўзбекистонда жорий йил ўрталарида тўхтатилганди.
«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти президент Ислом Каримов режими МТС-Ўзбекистон иши ижобий ҳал қилиниши учун шарт ўлароқ «Юрий Жуковскийнинг Швецияга экстрадиция қилинишига йўл қўймаслик»ни талаб қилиши мумкинлигидан хавотирда.
Шу муносабат билан «Ўтюраклар клуби» Швеция ва Россия Федерацияси расмийларини Юрий Жуковский иши бўйича жамоатчиликка шубҳага ўрин қолдирмайдиган маълумотлар тақдим этишга чақиради.
Мўътабар Тожибоева,
«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Халқаро ташкилоти раҳбари
Fikr bildirish