Маҳаллийчилик кимга керак эди?

Нияти бузуқ, халққа эркинлик беришни истамаган ҳукуматлар сиёсий ҳаётда жамият фаоллашмаслиги, одамлар орасида зиддиятли кайфиятни муттасил ушлаб туриш, миллат ягона куч бўлиб бирлашишига йўл қўймаслик учун қилиниши мумкин бўлган ва ҳатто мумкин бўлмаган ҳар бир ишни амалга оширишга ҳаракат қилади.

Бу – одамларнинг тинкасини қуритадиган, бироқ бундай шароитда уларга қарши курашиш деярли имконсиз бўлган коррупция, порахўрлик, ошна-оғайничилик, маҳаллийчилик ва бошқа ижтимоий иллатларга кенг йўл очиб беришдан иборатгина эмас, бу – одамлар ҳаётида илгаридан катта, бироқ илм-фан, иқтисодий ривожланиш ва маънавият олдида асосий тўсиқ ролини ўйнаган маҳаллий тузилмалар, удумлар, анъаналар (ва б.) ҳамдир ва улар юқорида айтилган мақсадда ҳукумат томонидан кенг ишлатилади.

Ўзбекистонда, масалан, маҳаллий тузилмалар – “Маҳалла фуқаролари йиғини”, “Оқсоқоллар кенгаши”, “Элликбошилик”, “Хотин-қизлар кенгаши”, удумлар – “ош бериш”, “суннат тўйи қилиш”, “ўғил уйлантириш”, “қиз чиқариш”, “бешик тўйи қилиш”, “худойи оши бериш”, “гап-гаштак уюштириш”, “куёв-келин чарлари”,  анъаналар – “отамнинг чироғини ёқиб ўтиришим керак”, “элимнинг ичида бўлганим яхши”, “ўлганни ота-онасининг ёнига қўйиш лозим”, “ўз уйинг – ўлан тўшагинг”, “яхши қўшничилик қилиш” ва бошқалар ана шулар жумласидандир.

Францияда вилоятлар кўп бўлса-да, ҳеч ким бир-биридан: “Сен қаерликсан?” деб сўрамайди. Бу ерда одамлар бир-биридан “Қаерда туғилгансан?” деб сўраши мумкин, холос.

Францияликлар мамлакатнинг қаери ўзига ёқса ёки қаерда ўз касбига яраша яхши иш топса, ёки болалари қаерда яхшироқ билим олса, ҳеч иккиланмасдан ўша ёққа кўчиб кетаверадилар. Улар учун уй-жой масаласи, одатда, деярли қийинчилик туғдирмайди. Баъзан қўшнилар бир-бири билан танишишга ҳам улгурмаслиги мумкин. Бу давлатда маҳаллий тузилмалар фақат фуқаронинг “оғирини енгил” қилиш учун хизмат қилади, холос.

Юқорида келтирилган Ўзбекистондаги удумлар ва анъаналар француз жамиятида ҳеч қандай шаклда учрамайди. Дабдабали тўйлар, соатлаб тавозеъланиб ошга келаётган меҳмонларни кутиш, исрофгарчилик умуман йўқ. Ривожланган мамлакатларнинг барчасида тартиб деярли бир хил. Французларнинг айтишича, бундан бир неча асрлар илгари айниқса қишлоқ шароитида қавм-қавм бўлиб яшаш урф бўлган экан. Бироқ ўрта аср мутафаккирлари бу ҳаёт ривожланишга асосий тўсиқ, деб ҳисоблашган ва аҳолини эркин яшашга даъват қилишган.

Афсус, совет турмуш тарзи қон-қонига сингиб кетган ўзбек мутафаккирлари мустақиллик даврида халқни эркинликка эмас, аксинча, азалдан сақланиб келаётган архаик (қадимги), биқиқ, ҳавоси айниган турмуш тарзини давом эттиришга даъват қилишди.

Эсимда бор, 90-йиллар бошида Ўзбекистоннинг бош коммунистик газетаси “Совет Ўзбекистони”да тарих фанлари доктори, профессор Ҳамид Зиёевнинг “ОШ” деган мақоласи берилди. Бу газета ўша пайтлар энг катта форматда чиқарилар, мазкур мақола газетанинг ТЎЛИҚ бир саҳифасини эгаллаган, “ОШ” сўзини ташкил этувчи икки ҳарф баҳайбат катталикда саҳифанинг қоқ ўртасига жойлаштирилган эди. Мақолада марҳум профессор “ош бериш” удумининг афзалликлари, унинг тарихи, маҳалла аҳлини бирлаштиришдаги аҳамиятини рангли бўёқлар билан ёзган эди.

Тез орада маҳалла ҳақида қонун қабул қилинди ва унга алоҳида статус (мақом) берилди. Совет давридаги “Қишлоқ кенгашлари” (сельсовет) “Қишлоқ фуқаролар йиғини”га айлантирилди, “Оқсоқол”, “Оқсоқоллар кенгаши” каби даққиюнусдан қолган тушунчалар ишлатила бошланди. Ҳар бир маҳаллада Миллий хавфсизлик хизмати ва милиция томонидан айғоқчи-хуфялар (посбонлар) хизмати ташкил қилинди, уларнинг кўпчилиги давлатдан маош олиб турадиган бўлишди.

Ҳукумат маҳаллани тўлиқ назорат қила бошлади. Колхозлар (қишлоқ жамоа хўжаликлари) ва маҳаллалар нодавлат ташкилотлари бўлган бўлсалар-да, совет даврида улар ҳам тўлиқ давлат назорати остида эди, бироқ мустақиллик йилларида назорат бир неча марта оширилди.

Еб-ичиш, уй-рўзғор қилиш ва кийиниш инсон учун бирламчидир

Ҳар бир инсон аввало биологик (жонли), иккинчи навбатда эса сиёсий-ижтимоий мавжудотдир. Биринчи навбатда, у ўзи ва оиласининг биологик эҳтиёжларини – еб-ичиш, уй-жойли бўлиш ва кийинишни ўйлайди ва шу эҳтиёжларни таъминлашга ҳаракат қилади. Коммунистик жамият қуриш ғоясини ишлаб чиққан, XIX асрнинг буюк файласуфларидан бўлган Карл Маркснинг кашфиётларидан бирини у шундай тушунтиради:

“Ҳар бир инсон сиёсат, фан, санъат, дин ва бошқа соҳаларда шуғулланиш ҳолатида бўлиши учун у аввало ейиши, ичиши, уй-жойга эга бўлиши ва кийиниши лозим; демак, ҳаёт учун бевосита моддий ашёларни ишлаб чиқариш ва шу туфайли халқнинг иқтисодий ривожланишининг ҳар бир мазкур поғонаси ёки даври шундай асосни ташкил қиладики, ундан давлат идоралари, ҳуқуқий тушунчалар, санъат ва ҳатто одамларнинг диний қарашлари ривожланади (юзага келади) ва улар айнан шу билан тушунтирилиши лозим – тескариси билан эмас”.

Яъни, одам ҳаёт бўлиши (яшаши) учун у бевосита моддий ашёлар (озиқ-овқат, уй-жой ва кийим-кечак) барпо қилишда қатнашиши керак. Одамларнинг бундай фаолияти халқнинг иқтисодий ривожланишининг турли поғона ёки даврини вужудга келтиради. Иқтисодий ривожланишнинг ҳар бир поғонаси (даври) эса давлат идоралари, ҳуқуқий тушунчалар, санъат, фан ва ҳатто одамларнинг диний қарашлари ривожланиши (юзага келиши) учун асос бўлади.

Совет даврида одамлар бу аксиомани содда қилиб “аввал иқтисод, кейин сиёсат” дейишган. Бошқача айтганда, биологик ҳаёти таъминланмаган одам ҳақида гапиришнинг мазмуни йўқ, яъни унинг ҳаётининг маъноси ҳақида гапириш маънога эга эмас. Биологик ҳаёти таъминланган одамгина инсон ҳаётининг бошқа соҳалари (сиёсат, фан, санъат, дин ва ҳ.)да фаолият олиб бориши мумкин.

1992 йил 8 декабрда қабул қилинган Ўзбекистон Конституциясини ишлаб чиққан мутахассислар негадир фуқароларнинг муносиб уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқини давлатнинг асосий қонунига киритишни “унутиб” қўйишган. Яъни, эътибор қилинг, Ўзбекистон Республикасининг мустақиллик даврида қабул қилинган Конституциясида ҳар бир фуқарога муносиб уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқи берилмаган. Фуқароларнинг ҳуқуқлари 24 – 42 моддаларда санаб берилган ва уларда “Шахсий ҳуқуқлар ва эркинликлар” (24-31 моддалар), “Сиёсий ҳуқуқлар” (32-35 моддалар), “Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар” (36-42 моддалар) ичида “Муносиб уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқи” йўқ.

Францияда давлат кўчада юрган, муқим уй-жойи йўқ одамлар (бомжлар), қочқинлар ҳамда бошқа шаҳардан иш билан келган, бироқ меҳмонхонада туришга маблағи кам бўлган одамлар учун тунаш уйлари (ночлежка) ташкил қилинган. Тунаш текин бўлган бу уйлар салкам меҳмонхоналардай шинам бўлиб, у ерда туновчилар ресторанлардан олиб келинадиган сифатли текин овқат билан таъминланадилар, мусулмонлар учун ҳалол овқатлар алоҳида олиб келинади.

Ўзбекистонда текин “ночлежка”-ку йўқ, фуқаро муносиб уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқидан ҳам маҳрум қилинган. Нега? Тасодифми? Йўқ, тасодиф эмас! Юқорида кўрдик, ҳар бир инсон биологик мавжудот сифатида асосан учта нарсага муҳтождир: озиқ-овқат, уй-жой ва кийим-кечак. Уларнинг биринчиси инсон тирик бўлишининг асосидир, озиқ-овқат инсонга ҳар бир дақиқада зарур бўлиши мумкин, учинчиси эса инсонга фақат чиройли кўриниш учун эмас, балки, муҳимроғи, авратини яшириш, жамиятда хулқ-атвор меъёрларини сақлаш учун ўта муҳимдир. Иккинчиси-чи?

Совет даврининг маълум йилларидан бошлаб давлат шаҳарларда асосан кўп қаватли уй-жойлар қура бошлаган ва фуқароларга иш жойида навбатда туриш йўли билан квартиралар ажратилган. Бу қоида Ўзбекистонга ўхшаш республикаларга энг охирида кириб келган, совет давридан олдин аҳолига уй-жой қурилишининг давлат программаси бўлмаган – ҳамма уй-жойни ўз кучи ва ўз маблағига асосан ҳашар ёрдамида қурган. Ўзбекистонга ўхшаш республикаларда қишлоқларда ва шаҳар маҳаллаларида барча одамлар уй-жойни ўзлари қуришган. Ривожланган мамлакатларда уй-жойлар давлат томонидан ҳам, хусусий бизнес томонидан ҳам, одамларнинг ўз ташаббуси билан ҳам қурилса-да, мамлакат Конституцияси фуқароларни муносиб уй-жойга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этган эмас.

Аҳоли ҳаракати нима?

Ривожланган мамлакатларда ривожланиш асосининг бир бўлаги сифатида товар (маҳсулот) эркин ҳаракати каби аҳолининг эркин ҳаракатига ҳам асосий омиллардан бири деб қаралади.

Аҳолининг эркин ҳаракати, яъни инсоннинг мамлакатнинг ўзи истаган ҳудудида яшаш ва ишлаш ҳуқуқ-истаги сиёсий нуқтаи назардан ҳам муҳим ва нияти тоза давлат раҳбарлари буни олқишлайдилар. Нияти бузуқ раҳбарларни эса аҳолининг эркин ҳаракати қаттиқ чўчитади. Ўзбекистондаги маҳалла институти ва одамларнинг уй-жойга эга бўлиш конституцион ҳуқуқининг бекор қилиниши моҳиятан аҳолининг эркин ҳаракати олдига қўйилган асосий тўсиқдир.

Қизиқ бир факт. 1999 йил 16 февраль куни Тошкентда содир бўлган портлашлардан роппа-роса 15 кун илгари, яъни 1 февралда Тошкент ёпиқ шаҳар даражасига туширилди, бошқа ҳудудлардан келган фуқароларни пропискага қўймаслик, уларга шаҳардан уй-жой сотиб ололмаслик шартлари қонунчилик даражасида амалга оширилди, шаҳарга кириб-чиқиш кескин кучайтирилди, яъни аҳолининг эркин ҳаракатига чек қўйилди. Нима бу? Ҳукумат яқин орада портлашлар содир этилишини билганми ва олдиндан тайёргарлик кўрганми? Пойтахт шаҳарда бундай мудҳиш чекловларни жорий қилиш ҳукуматга нега керак бўлиб қолди?

Жавоб: ҳукумат мазкур портлашларда камида ҳамкор бўлган, бироқ портлашлар ҳукуматнинг ўз ихтиёри ва қўли билан уюштирилгани ва амалга оширилгани ҳақида мутахассислар (мас., ҳарбий мутахассислар) ўша куннинг ўзидаёқ гапира бошлаган эди. Аслида мамлакат ҳудудлари ва пойтахт орасидаги аҳоли ҳаракатларини қонун билан чеклаш ва портлашлар ҳукуматнинг жамиятга ўтказаётган зулмини хас-пўшлаш, халқни яна бир бор қўрқитиб қўйиш ҳамда ўз жиноятларини бошқаларга ағдаришга қаратилган бўлган, чунки халқ норозилиги ва кўчага чиқишларининг энг таъсирлиси фақат пойтахтларда бўлиб келган.

Бир вазиятни қисқача тахлил қилайлик. Кимдир Ўзбекистоннинг А регионидан Б регионига кўчиб келиб ишламоқчи бўлса, у биринчи навбатда уй-жой масаласини ҳал қилиши керак. Ўзбекистонда Франциядагидек мурожаат қилган одамга уй-жой таклиф қиладиган ёки излаб қисқа муддат ичида топиб берадиган ташкилотлар йўқ. Уй-жой сотиб олишга маблағи етишмайди, уй-жой қуришга имконияти йўқ, бировникида ижарага туриш оғир. Бунақа ишни юзта одамдан биттаси ижобий ҳал этса ҳам Ўзбекистон учун катта кўрсаткич дейиш мумкин.

 

1-Хулоса: Ўзбекистон ҳукумати аҳоли ҳаракати йўлига АТАЙЛАБ тўсиқ қўйиб келмоқда.

Бўлган воқеа: 2000-йиллар бошида Жиззах темирйўл вокзали ёнидаги бозорни кенгайтириш мақсадида унинг ёнидаги, унга туташ кичик бир маҳаллани бузишга қарор қилинган. У маҳалланинг барча аҳолиси 50-йилларда вокзал депоси ва бошқа корхоналарида ишлашга Ўзбекистоннинг бошқа бир ҳудудидан кўчириб келинган одамлар бўлиб, уйлари эса пастқам-пастқам ҳужралардан иборат экан. Оилаларга: “Кўчинглар, жойни бўшатинглар, бу ерда бозор қурилади, сизларга уй-жой берилмайди” деган талаб қўйилган.

Жанжал, тўполон, “келгиндилар”нинг шикоятига ҳеч ким қулоқ солмайди. Шу жамоадан кимдир Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятига мурожаат қилди. Мен борсам, даҳшатли вазият устидан чиқдим: бульдозер ишлаяпти, 2-3 та уйчалар бузиб ташланган, оилаларнинг уй анжомлари ер билан битта бўлиб ётибди, қий-чув, одамлар бақирган, бульдозер навбатдаги уйни бузишга бурилаяпти, …, “иш” бошида бозорқўм, ҳожи бобо, Ўзбекистон Қаҳрамони Зокир Олимов турибди.

Мен бульдозерни тўхтатдим. Менинг олдимга бозорқўм бошчилигида 5-6 одам келди (улар орасида милиция вакили ҳам бор эди) ва “жанг” бошланди. Мен ҳар эҳтимолга қарши “Уй-жой кодекси”ни олиб келган эдим. Маълум бўлдики, бозорқўм қўлида маҳаллани бузишга рухсат берувчи бирорта ҳукумат ҳужжати йўқ экан. Мен кодекс талабларини кўрсатдим ва бозорқўм устидан жиноят иши қўзғашни талаб қилиб прокуратурага шикоят ёзишимни айтганимдан кейин улар қайтиб кетишди. “Жанг” пайтида, ёнида ҳукумат вакили (милиция ходими) бўлишига қарамай, бозор вакили: “Бу келгиндилар ўз юртларига кетсин, улар бизга еттиёт бегона одамлар” дейишгача борди.

 2-Хулоса: Мамлакатнинг турли регионлари аҳолиси орасида зиддият бўлишидан Ўзбекистон ҳукумати МАНФААТДОР! Бу – аҳоли ҳаракати олдидаги тўсиқлардан биридир.

 

Маҳаллийчиликдан қутилиб бўладими?

Жавоб оддий: Маҳаллийчиликдан ҳукумат менфаатдор бўлар экан – қутилиб бўлмайди.

Яна иккита мисол. Ўзбекистон ҳукумати коррупцияга қарши кураш бошлашини эълон қилди, халқаро антикоррупция ҳужжатларига имзо чекди, ҳатто коррупцияни давлат структураларидан йўқотиш учун “Миллий дастур” ишлаб чиқди ва бу муҳим ишни амалга оширишни … Бош прокуратурага топширди. Буюк масалчи И.А.Криловнинг “Деҳқон ва тулки” масалида бой деҳқон тулкига: “«Бу нима қилиқ – товуқларни ўғирлаш! Ҳамма сени қоралайди. Уят-ку, бу қилиғинг! Кел, қўй, ташла бу одатингни. Товуқларимни қўриқлашга менга ишга ўт.

Ўғри тулкилар найранглари ҳаммадан кўра сенга маълум. Қорнинг ҳам тўқ, овқатинг ҳам ҳалол бўлади» дейилганидай ҳукумат коррупцияга қарши курашни мамлакатнинг энг ашаддий коррупциялашган органига топширди. Бош прокуратура коррупцияга қарши курашаяптими? Асло! Коррупцияга қарши кураш 5-10 та мулозимни қамаш билан олиб борилмайди, мулозимлар коррупцияга қўл ура олмайдиган тузумни шакллантириш билан олиб борилади!

Қишлоқ хўжалигида болалар меҳнатидан безбетларча фойдаланаётгани учун Ўзбекистон ҳукуматини жаҳон жамоатчилиги қатор йиллардан бери қоралаб келаяпти. Бош вазир Ш.Мирзиёев уч йил давомида “Бўлди! Бу йил болалар пахта теримига жалб этилмайди!” деб қарор чиқаради. Бу йилги пахта болаларсиз териб олиндими? Ҳа, аксарият мактаб болалари пахта йиғим-теримига жалб қилинмади, бироқ мамлакат бўйлаб қатор мактаблар болалари бу ишга жалб қилинди. Пахтага чиқарилмаган болалар меҳнати ўқитувчилар ва бошқа касб эгаларининг мажбурий меҳнати билан алмаштирилди – икки 15 бир 30! Яна ўша хулоса: ҳукумат ўз фойдасига манфаатдор бўлиб турганда бундай ижтимоий иллатлар йўқолмайди.

Мақола бошида мен Ўзбекистон маҳаллаларида авж олган, бироқ одамларда қуллик, мутеълик, сохта обрў психологиясини шакллантираётган удумлар, анъаналар ва маҳаллий тузилмалар ҳақида ёздим. Ҳукумат бундан манфаатдор эканини исботлаб ўтириш шарт эмас. Ўзбек халқи маҳаллийчиликдан қутилишининг биринчи шарти ҳукумат бу манфаатдорликдан воз кечиши, хусусан, маҳалла ҳақидаги қонунни бекор қилиши, ва аҳолининг эркин ҳаракатига тўсқинлик қилувчи барча чекловларни олиб ташлаши лозимлигидир.

Албатта, бу билан иш тугамайди. Юқорида айтилган ислоҳот катта ариқдан оқаётган сув ён томонга бармоқ катталигидаги трубкадан жилдираб оқизиб қўйилган сув кабидек, холос. Халқ ўз ташаббуси билан қутилиши лозим бўлган жиҳатлар ҳам бор. Масалан, одамлар қўл-оёғи ва онгини занжирбанд қилиб турган зарарли удум ва анъаналардан воз кечиб, ривожланишнинг салмоқли ташкил этувчиларидан бири бўлган аҳолининг эркин ҳаракатини ташкил қилишлари керак.

Толиб Ёқубов,

ЎИҲХЖ фахрий президенти

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.