Қозоғистонда қабул қилинган журналистлар аҳлоқ кодекси танқидларга сабаб бўлмоқда

Мутахассислар ушбу кодексни амалда қўллаб бўлмаслигини айтишмоқда. Кодексни қабул қилганлар ҳам бу танқидларга жиддий қаршилик кўрсатмаяпти. Уларга кўра, мазкур кодекс ҳеч бўлмаганда журналистикага энди кириб келаётганлар учун асқотиши мумкин. 

Президент Нурсултон Назарбоевнинг ташаббуси ва топшириғи билан қозоғистонлик журналистлар илк аҳлоқ кодексига эга бўлди.

Кодекс Қозоғистон Журналистлар иттифоқи ва Бош муҳаррирлар клубининг қўшма йиғилишида қабул қилинди.

Уни ишлаб чиқувчилар муҳокамалар жараёнида юздан ортиқ нашрнинг бош муҳаррири иштирок этганини даъво қилмоқдалар.

Аммо танқидчилар ушбу кодексни “журналистларники” деб атаб бўлмаслигини айтишади.

Олмаотадаги КИМЕП университетининг Журналистика факультетида “Журналистик аҳлоқ” фанидан дарс берувчи Гулнар Ассанбаева кодекс юқоридан пастга туширилганини ва “яшаб кетиши”га ҳеч бир асос йўқлигини айтади.

“Кодексни қабул қилишда юздан ортиқ бош муҳаррир қатнашди, дейилади, аммо биз уларнинг кимлигини билмаймиз. Иккинчидан, бу кодекс замон талабларига умуман жавоб бермайди”, – дейди Гулнар Ассанбаева.

Ассанбаева хонимга кўра, кодекс кўпроқ анъанавий журналистикага мослаб чиқарилган ва унда ҳозирги пайтда урф бўлган интернет журналистикаси талаблари эътиборга олинмаган.

“Қабул қилинган кодексда асосий урғу объективликка қаратилади. АҚШ профессионал журналистлар кодексида 1996 йилдаёқ объективлик терминидан асосий ва муҳим профессионал атама сифатида воз кечишган. Чунки объективлик ўз ўрнини ривожланган давлатларда ундан-да муҳимроқ қадрият – шаффофликка бўшатиб бераяпти”, – дейди Гулнар Ассанбаева.

“Адил сўз” журналистларни ҳимоя қилиш жамғармаси президенти Тамара Калеева қабул қилинган кодекс яна бошқа сабабларга кўра жамиятда ўз ўрнига эга бўлолмаслигини таъкидлайди.

“Журналистлар жамиятининг ўз-ўзини бошқариш усуллари қачон амалда бўлади. Қачонки Информация вазирлиги, ОАВ ҳақида қонунлар бўлмаса ҳамда маълумот олиш ва тарқатиш эркин бўлса бу каби кодекслар аҳамиятли бўлади. Биз ҳозир шусиз ҳам кемадаги қулларга ўхшаймиз. Ўнгга ёки чапга бир қадам ташласанг, отиб ташлашади”, – дейди Тамара Калеева.

Кодексни қабул қилишда жонбозлик кўрсатган Қозоғистон журналистлар иттифоқи раҳбари Сейтқази Матаев кодексни қабул қилиш ташаббуси президент Назарбоевдан чиққанини яширмайди.

“Бу президентнинг Маданият ва информация вазирлигига топшириғи эди. Топшириқда ҳатто Журналистлар иттифоқи кўрсатилмаган ҳам эди. Кодекс бизнинг иштирокимизсиз ҳам кескин кўринишда қабул қилинишини билгандик. Шунинг учун ҳам биз бу ишга киришиб, унга ўз қарашларимизни киритдик”, – дейди Сейтқази Матаев.

Матаевга кўра, кодекс ҳеч бўлмаганда журналистика соҳасига энди кириб келаётган талабалар учун фойдали бўлиши мумкин.

Аммо танқидчилар замон талабларига жавоб бермайдиган ва журналистларга директива ўлароқ суқилаётган бу кодексни талабаларга ўргатиш бефойда эканлигини айтишади. Бу кодекснинг қабул қилинишини журналистлар эркига тажовуз сифатида баҳолаётган кишилар ҳам оз эмас.

Мутахассислар Қозоғистонда оммавий ахборот воситалари давлат томонидан қаттиқ назорат қилинмайдиган бир давр келишини ва ана ўшанда журналистлар қизғин муҳокамалар остида талабларга мос келувчи Аҳлоқ кодексини қабул қилишига ишонишади.

Собиқ шўро давлатлари орасида фақатгина Литвадаги Журналистлар аҳлоқ кодекси айнан журналистлар томонидан қабул қилингани айтилади. Бошқа давлатларда эса ушбу кодексни қабул қилишда давлатнинг у ёки бу даражада таъсири бўлганига ишонилади.

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.