29 қочқиндан айримлари қамоқ жазосини Жаслиқда ўтамоқда
«Жараён» таҳририятига 29 нафар ўзбек қочқинидан бирининг рафиқасидан мактуб келиб тушди. Хатда аёл уларнинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳеч ким ҳимоя қилмаётганидан нолиган.
Сўз аввалида қайд этиб ўтиш керакки, 29 нафар ўзбек қочқини (ҳаммаси эркак) Қозоғистондан Ўзбекистонга бир ярим йил муқаддам экстрадиция қилинганди. Экстрадициягача уларнинг ҳаммаси Олмаотада ўз оилалари билан яшаган. Улардан аксариятининг балоғатга етмаган болалари бор эди.
Ўзбек қочқинлари Олмаотадан экстрадиция қилинганидан кейин уларнинг оила аъзолари ҳам ғойиб бўлди. Айрим норасмий маълумотларга кўра, Қозоғистон махсус хизматлари таъқиби ва расмийлар томонидан ўтказилган босим туфайли бу қочқинларнинг рафиқалари болаларини олиб, Қозоғистонни тарк этишга мажбур бўлганлар. «Жараён» манбаларининг айтишларича, улардан айримлари эрлари ортидан Ўзбекистонга қайтган, бошқалари эса учинчи мамлакатга чиқиб кетган.
Шу кунларда экстрадиция қилинган қочқинлардан бирининг рафиқаси «Жараён» таҳририяти билан алоқага чиқди. Хорижда бўлган бу аёл чорасизликдан шикоят қилади ва оиласи ҳақ-ҳуқуқлари учун курашишдан чарчаганини ёзади. Хавфсизлик андишасида таҳририятимиз мактуб муаллифи исмини ошкор қилмасликка қарор қилди.
Ўз хатида аёл изтироб билан экстрадиция қилинган 29 нафар эркак, уларнинг хотин ва бола-чақалари бугунги кунда ҳақ-ҳуқуқсиз қолаётгани ҳақида ёзади.
«Мен 2011 йили Қозоғистондан Ўзбекистонга бериб юборилган, ҳозирги кунда ёш умрини зиндонда ўтказаётган бир оддий мусулмоннинг оиласиман. Биз Ўзбекистонда диндорлар турли хил айбловлар билан қамоққа олинаётган вақтда, уларга турли хил азоблар берилиб, қилмаган ишлари учун узоқ муддатларга озодликдан маҳрум қилинаётган бир даврда яшаётган эдик. Эрим биргина намоз ўқигани ва менинг рўмол ўраганим золимлар кўзига кўрина бошлади. Эримни суриштира бошлашди. Биз уларнинг қўлига тушишни хоҳламадик ва қўшни Қозоғистонга келдик.
Бу ерда биз мазлумларнинг эмас, балки золимларнинг тарафида бўлган БМТ (Қочқинлар ишлари бўйича олий комиссарлиги бошқармаси назарда тутилмоқда – «Жараён») деган ташкилотга ўзимизни топширдик. Аввалига БМТ бизни айбсиз деб, оқлов қоғози берди. Аммо икки диктаторнинг келишувини бузмаслик учун оқлов қоғозини бекор қилди ва эрларимизни қийноқлар мамлакатига бериб юборди.
Олмаотада эрларимизни ҳибсга олишган куни БМТга хабар қилдик. У ерда бизга: «Эрларингизнинг бир тола сочи ҳам тўкилмасдан 2 соат ичида келади», дейишди. Ўшандан бери кўп соатлар ўтса ҳамки, улар келганлари йўқ. Шундан кейин ўйланиб қолар экансан, «бу БМТ ким тарафда?» деб», – дея ёзади ўзбек қочқинининг турмуш ўртоғи алам билан.
У Ўзбекистонда ўтган йиллар давомида оиласи ҳақиқатга эришолмаганини баён қилади.
«Эримнинг укасини ҳам диний айбловлар билан узоқ йилга қамашди. Эримнинг айби намоз, менинг айбим рўмол, аммо укасининг айби нима? Ахир у намоз ўқимас, ароқ ичар, маишатни севган одам эди. Унинг «айби» акасининг укаси бўлганида эди.Ҳозир иккови ҳам қамоқда ўтирибди. Уларнинг ҳолидан ҳеч ким хабар олмайди, сабаби иқтисод. Яқинда қайинопам билан гаплашдим. «Укаларингиздан хабар олмадингизми?» десам, йиғлаб юборди. «Қандай борай, рўзғордан оттира олмасам, тирикчилигимиз зўрға ўтяпти, ҳатто нонни болаларга ўлчаб бераман», деди», – деб ёзади ўзбек қочқинининг рафиқаси.
Унинг маълум қилишича, Қозоғистондан экстрадиция қилинган қочқинларнинг кўпи Қорақалпоғистонда жойлашган «Жаслиқ» колониясида жазо муддатини ўтаётган экан.
Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда сиёсий ва айниқса, диний сабабларга кўра судланганларнинг кўпчилиги маҳбусларга нисбатан қўлланилажак анвойи қийноқ турлари билан маълум ва машҳур бўлган шу колонияда жазо муддатини ўтайди. Аввалроқ ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари «Жаслиқ»даги қийноқлар туфайли кўплаб маҳбусларнинг соғлиғи ёмонлашгани, бу каби қийноқлар уларнинг ўлимига ҳам сабаб бўлгани ҳақида бир неча бор маълумот тарқатгандилар.
«Бу Ўзбекистон золимлари сўраган одамларини олди, лекин олиб ҳам уйдагиларни тинч қўйишмайди. Кечаси демай, кундузи демай безовта қилишади. Бу азобларнинг чегараси борми?» – дея савол ташлайди ўз мактуби охирида қочқиннинг хотини.
Эслатиб ўтамиз, йигирма етти нафар ўзбекистонлик ва икки нафар тожикистонликдан иборат ўзбек қочқинлари 2010 йилнинг июнь ойида Олмаота шаҳрида Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги сўровига кўра ҳибсга олинганди. Ўзбекистон томони уларни мамлакат ҳудудида оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликда айблаган.
Қочқинларнинг яқинлари Ўзбекистонда бу 29 киши ўз диний қарашлари ва эътиқоди учун маҳаллий махсус хизматлар томонидан таъқиб этилганини айтиб келадилар. Шу сабабли ҳам улар мамлакатни тарк этиб, қўшни Қозоғистонга қочишга мажбур бўлганлар.
2011 йил ёзида Қозоғистон расмийлари халқаро ҳуқуқ меъёрларини бузган ҳолда 29 маҳбусни Ўзбекистонга экстрадиция қилган.
2012 йилнинг июнь ойида БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитаси Тошкентга ўзбек қочқинларини топшириш орқали Қозоғистон инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ўзининг халқаро мажбуриятларини бузгани ҳақида қарор чиқарган.
Ўзбекистонда экстрадиция қилинганларнинг барчаси узоқ йилларга озодликдан маҳрум қилинган. Яқинда «Жараён»нинг Ўзбекистон ичидаги манбаси қамоқхоналарда 29 қочқинга нисбатан шафқатсиз қийноқлар қўлланилаётгани ҳақида маълум қилганди.
Fikr bildirish