Эзгулик: Сиёсий маҳкумлар авф этилсин!
Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганлигининг йигирма йиллигимуносабати билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасигамувофиқ Амнистия тўғрисидаги Қарори бугун матбуотда эълон қилинди.
Олдингилардан ҳеч фарқ қилмайдиган бу йилги Амнистия актида бир-бирини инкор қилувчи бандлар кишини чалғитади. Масалан, Қарорнинг 5 – бандида таъқиқланган ташкилотлар фаолиятидаги иштироки, улар таркибида тинчлик ва хавфсизликка қарши ёки жамоат хавфсизлигига қарши жиноятлар содир этганлиги учун биринчи марта озодликдан маҳрум қилишга ҳукм этилиб, тузалиш йўлига қатъий ўтган шахслар жазодан озод қилинсин дейилган бўлса, 8-а бандда айнан шу сингари маҳкумларга нисбатан қўлланилмаслиги кўрсатилган.
Аммо ҳар йили, авф қўлланилмайдиган тоифа борки, уларнинг кўпчилиги мустақилликнинг дастлабки йилларидан бери қамоқларда ўтиришибди. Улар ўз эътиқоди, сиёсий қарашлари эвазига турли сохта айбловлар билан қамалган ва қамалганидан бери мунтазам равишда “жазони ижро этиш муассасаларидаги тартибни бузиб” келаётган (қарорнинг 8 – а банди), қамоқ муддатлари узайтирилиб келаётган шахслардир.
Улар мухолифат ва фуқаролик жамиятининг мавжуд тузум ва сиёсат ҳақида ўз қарашларига эга бўлган вакилларидир. Ҳолбуки, улар сиёсий интеграция туфайли Ғарб билан яқинлашаётган, инсон ҳуқуқлари даъво қилаётган мамлакатимизнинг энг аввал озод қилиниши керак бўлган фуқаролари бўлиши лозим.
АҚШ Давлат котиби, ЕИ вице-президенти даражасидаги мулозимларнинг мамлакатимизга ташрифи кун тартибининг асосий масалаларидан бири бўлган уларнинг озодлиги, афсуски, сиёсий мулоқотларнинг “савдо воситаси”га айланиб улгурди. «Президент маҳкумлари» деган мақомга эга бўлганларнинг бири озод қилинса, Ғарб олқишлайди: гўё, Ўзбекистонда сиёсий вазият юмшамоқда, ниҳоят ҳукумат инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилмоқда!
Масалага назарий қаралса, Президентнинг тақдимномасига асосан қабул қилинган бугунги Амнистия ҳақидаги қарордан сўнг қарийб 19 йилдан бери қамоқда ўтирган собиқ депутат Мурод Жўраев, 13 йилдан бери панжара ортидаги шоир Эврил Турон (Мамадали Маҳмудов) озодликка чиқарилиши лозим. Аммо уларнинг озод қилинишига монъелик қиладиган биргина жиҳати, тўғрироғи, моддаси бор: қарорнинг 8-бандида “жазони ижро этиш муассасалари тартибини бузган шахсларга нисбатан Амнистия татбиқ этилмасин” дейилган. Яъни, биз таъкидлаётган тоифа вакиллари муассаса тартибини “мунтазам” бузади, улар жамиятда ҳам бузғунчи бўлишган!
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти ушбу қарор амалга оширилиши юзасидан зиммасига масъуллик юклатилган Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига мурожаат қилиб, рўйхатда кўрсатилган сиёсий маҳбусларга нисбатан биринчилардан бўлиб қўллашни сўрайди. Популизм ва бошқа сиёсий найрангларватанимизни бутун дунё олдида шарманда қилиб бўлди. Давлатимиз, халқимиз,миллатимиз тарихи ва келажаги олдида жавобгарликни бўйнига олган ҳукуматраҳбарига қасд ва фитна қилишдан воз кечиш фурсати етти. Токи, амнистия ҳақиқий инсонпарварлик, тенглик ва гуманизмга асосланмас экан, у Сенат ва Президентнинг имзо чеккан навбатдаги бир парча қуруқ қоғозидан бошқа нарса эмас!
Ўзбекистон қамоқхоналарида сиёсий эътиқоди ва фаолиятлари учун сақланаётган фуқаровий жамият вакилларининг рўйхати:
- Солижон Абдураҳмонов,
- Аъзам Фармонов,
- Меҳринисо Ҳамдамова,
- Зулхумор Ҳамдамова,
- Исроилжон Холдоров,
- Нозим Исоқов,
- Ғайбулло Жалилов,
- Абдурасул Худойназаров,
- Эркин Қўзиев,
- Ғанихон Маматхонов,
- Зафаржон Раҳимов,
- Йўлдош Расулов,
- Дилмурод Саидов,
- Аъзам Турғунов,
- Гулноза Йўлдошева,
- Исоқ Абдуллаев,
- Азамат Азимов,
- Муҳаммад Бекжонов,
- Ботирбек Эшқўзиев,
- Руҳиддин Фахриддинов,
- Хайрулла Ҳамидов,
- Баҳром Ибрагимов,
- Мурод Жўраев,
- Даврон Қобилов,
- Мамадали Қорабаев,
- Матлюба Каримова,
- Самандар Қўқонов,
- Жамол Қутлиев,
- Мамадали Маҳмудов,
- Ғайрат Meҳлибоев,
- Юсуф Рўзимуродов,
- Рустам Усмонов,
- Равшанбек Вафоев,
- Акром Йўлдошев
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти
Fikr bildirish