Толиб Ёқубов: Ўзбекча амнистия
2012 йил 5 декабрида Ўзбекистон Республикаси Сенати ҳукуматнинг навбатдаги амнистия актини қабул қилди.
Айтиш керакки, амнистия авф тушунчасидан фарқ қилади: авф давлат бошлиғи (қирол, президент ва б.) томонидан айрим маҳбусларни озодликка чиқариш бўлса, амнистия эса баъзи туркум маҳбуслар (аёллар, вояга етмаган болалар, чет эл фуқаролари ва б.)ни озод этишни назарда тутади.
Жиноий ва фуқаровий юриспруденцияда “суд хатоси” тушунчаси бўлиб, жиноят содир этмаган одамнинг устидан суднинг ноқонуний ҳукми (ёки қарори) чиқарилиши тушунилади. Одатда, жиноят содир қилган одамнинг озодликда юришига йўл қўйилган ҳолларни ҳам “суд хатоси” туркумига киритишади.
Сиёсий тузум маданийлашган давлатларда имкон қадар суд хатоси тузатилишига ҳаракат қилинади. Табиий, бу ҳол эркин матбуот, эркин фуқаровий жамият шароитида амалга оширилиши мумкин. Сиёсий тузум маданийлашмаган давлатларда эса “суд хатоси” тушунчаси ишламайди – жиноят содир этмаган одамга қамоқ жазоси берилаверади, жиноят содир этган одам эса бемалол озодликда юраверади.
Ўзбекистонда “суд хатоси” тушунчаси совет даврида ҳам, мустақиллик йилларида ҳам бўлмаганлиги туфайли ҳозирги пайтда мамлакатимиз бутун маданийлашган давлатлар томонидан авторитар давлат сифатида қаралади.
Фақат Ўзбекистон эмас, ҳар қандай авторитар давлат раҳбарияти сиёсий тузум жиноятларини яшириш, халққа нисбатан қилаётган зулм-заққумини “оқлаш” учун ички ва ташқи душман ҳақидаги афсонасини барча усуллар (матбуот, ташвиқот ва б.) билан омманинг онгига сингдира бошлайди. Ички ва ташқи душман бўлмаган шароитда авторитар раҳбарлар уни ўйлаб топишади ва ёки ташкил қилишади.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон раҳбарлари ички ва ташқи душман сифатида мусулмонларни танлашди. Маданийлашган жамиятларда ҳукуматга мухолиф позицияни эгаллаган сиёсий партиялар ва ҳаракатларнинг мавжудлиги ва улар ҳеч қандай қаршиликсиз давлат қонунлари доирасида фаолият олиб боришлари одатий ҳолдир.
Ўзбекистон ҳукумати бошдан-бош “Бирлик” халқ ҳаракати ва “Эрк” партиясини салкам ички душманлар сафига киритиб қўйди. Ундан-да ҳайратлиси ҳокимият учун курашмайдиган, “ўз Конституциянг ва қонунларингга оғишмай амал қил” деган ягона талаб билан фаолият юритаётган ҳуқуқбонлар ҳам шу синфга киритилди.
Ҳар қандай ўзбекча амнистияни шу нуқтаи назардан қараш керак: ҳукумат мулозими бўлган ашаддий коррупционер ва зулмкор, ҳукумат ва жамиятдаги қотил, ўғри, талончи, таъмагир, фирибгар ва иғвогар бемалол амнистия “шарофати” туфайли озодликка чиқиб кетаверади.
Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов, Муҳаммад Бекчонов каби мухолифат вакиллари, Мамадали Маҳмудов каби шоир ва ёзувчилар, Солижон Абдураҳмонов, Дилмурод Сайидов каби журналистлар, Рустам Усмонов, Исоқ Абдуллаев каби тадбиркорлар, Руҳиддин Фатҳуддинов, Ҳафизулла Носиров каби диндорлар, Аъзам Турғунов, Ғайбулла Жалилов, Меҳринисо Ҳамдамова, Насим Исоқов каби ҳуқуқбонларнинг озодликка чиқиши даргумонлигича қолаверади.
Ўзбекча амнистия даври “катта” мулозимлар (Жазони ижро этиш бош бошқармаси ходимлари, прокурорлар, судьялар, қамоқхоналар бошлиқлари ва б.) учун катта пул ишлаб олиш даври ҳамдир. Бу даврда миллионлаб доллар пул қўлдан қўлга ўтади, пулларнинг катта қисми эса энг юқори поғоналаргача етиб боради.
Табиий, “ички душман” ҳисобланган мухолифат вакиллари, ёзувчи ва шоирлар, журналистлар, диндорлар ва ҳуқуқбонлар пул бера олмайдилар – фақат пул йўқлигидан эмас, уларнинг яқинларига бу йўлга киришга виждон йўл бермайди. Собиқ банкир Рустам Усмонов озодлиги учун 60 миллион доллар беришини эълон қилганда “ички душман”лиги баландроқ даражага қўйилганлигини ҳам кўпчилик билади.
Маданийлашмаган ҳукуматлар инсоният баданидаги рак (саратон) тўқимаси кабидир. Рак тўқимаси охир-оқибат инсонни ўлимга олиб келгани каби бундай ҳукуматлар ҳам жамиятни ўлимга олиб боради. Химиотерапия, гормонотерапия, кесиб ташлаш ракни даволай олмаганидек, ўзбекча амнистия ҳам зулмкор ҳукумат жамият баданида яратган касалликни даволай олмайди.
Толиб Ёқубов,
ЎИҲХЖ фахрий президенти
Fikr bildirish