Ҳуқуқ фаоллари сиёсий маҳбуслар озод қилинишини талаб қилмоқда
Жорий йилнинг 6 декабрь куни нуфузли халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари Ўзбекистон расмийларини Конституция қабул қилинганининг 20 йиллиги муносабати билан мамлакат қамоқхоналаридаги сиёсий маҳбусларни озод қилишга чақирди.
Human Rights Watch, Freedom Now, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари ассоциацияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик, “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти, АҚШ ПЕН маркази, АСАТ-France ва Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро федерация каби ташкилотлар имзолаган бу чақириқда сиёсий маҳбусларнинг озод қилиниши “Ўзбекистон раҳбариятининг барчага жар солинаётган ислоҳотларга содиқлигини бутун дунёга намойиш қилган бўларди”, дейилади.
Ҳуқуқ ҳимоячилари Ўзбекистонда сиёсий сабабларга кўра қамалган маҳкумлар камдан-кам ҳолларда амнистияга тушишини қайд этадилар.
“Журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, ёзувчилар, мухолифатчилар ва дин намояндалари тинч фаолиятлари учун судланганлар ва улар қамоқда ўтирмасликлари керак, – дейди Хьюман райтс вотч ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили Стив Свердлов. – Сиёсий маҳбусларни Конституция кунида озод этиш президент Ислом Каримов учун Ўзбекистондаги одамлар ва халқаро ҳамкорларга у чинакам ислоҳотлар йўлида қадам қўйишга ҳақиқатан ҳам тайёр эканини кўрсатиб қўйиш имкониятидир”.
Мурожаатнома муаллифлари ҳозирда қамоқ жазосини ўтаётган сиёсий маҳбуслар қаторида Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Исроилжон Холдоров, Насим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Абдурасул Худойназаров, Эркин Қўзиев, Ғанихон Маматханов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Дилмурод Саидов, Аъзам Турғунов ва Гулноза Йўлдошева каби ҳуқуқ фаолларини санаб ўтадилар.
Бундан ташқари, ҳуқуқ фаолларининг қайд этишича, Исоқ Абдуллаев, Азамат Азимов, Муҳаммад Бекжон, Ботирбек Эшқўзиев, Руҳиддин Фахруддинов, Хайрулло Ҳамидов, Баҳром Ибрагимов, Мурод Жўраев, Даврон Қобилов, Мамадали Қорабаев, Матлюба Каримова, Самандар Қўқонов, Жамол Қутлиев, Мамадали Маҳмудов, Ғайрат Меҳлибоев, Юсуф Рўзимуродов, Рустам Усмонов, Равшанбек Вафоев ва Акром Йўлдошев каби зиёлилар, мухолифатчилар ва диний арбоблар ҳам сиёсий сабабларга кўра Ўзбекистон қамоқхоналарида ўтирибдилар.
Мурожаатнома муаллифлари Ўзбекистонда мустақил дунёқарашга эга бўлган минглаб мусулмонлар ва бошқа дин вакиллари ҳамда рўйхатга олинмаган диний ташкилотлар аъзолари “диний экстремизм”, “конституциявий тузумни ағдаришга уринганлик”, “ноқонуний диний адабиёт сақлаганлик” каби мужмал айбловлар билан панжара ортига жўнатилганини ҳам қўшимча қиладилар.
Шунингдек, улар қамоқ муддати тугаган сиёсий маҳбусларга қўшимча муҳлат қўшиб берилаётганига ва мамлакатда қийноқ амалиёти давом этаётганига ҳам эътибор қаратадилар.
Ҳуқуқ фаоллари мулоҳазасича, Ўзбекистон раҳбарияти ўзи имзолаган халқаро ҳужжатларга мувофиқ равишда мамлакатда инсон ҳуқуқлари, шу жумладан, маҳбуслар ҳақ-ҳуқуқларига риоя қилинишини таъминлаши лозим.
“Ўтюраклар клуби” ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева сўзларига кўра, президент Каримов фуқаролик жамияти фаолларини таъқиб қилиш ўрнига Конституция кунини Асосий қонунда акс этган тамойиллар ва инсон ҳуқуқларига риоя қилиш бўйича Ўзбекистон ўз зиммасига олган мажбуриятларга риоя қилиш билан нишонлаши лозим.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Сенати 5 декабрь куни мамлакат Конституциясининг 20 йиллиги муносабати билан амнистия эълон қилиш бўйича қарор қабул қилган. Қарорга мувофиқ, илк маротаба жиноят содир қилган аёллар, жиноят содир этган пайтда балоғат ёшига етмаганлар, 60 ёшдан ошган маҳбуслар ва чет эллик маҳкумлар жазодан озод этилиши кўзда тутилган.
Fikr bildirish