Толиб Ёқубов: 2×2=0 ёки 2×2=1 бўлиши ҳам мумкин

Укамиз Ўктамжон Худоёровнинг “Туронзамин” сайтида чоп этилган ЯНА “ИККИ КАРРА ИККИ” ХАҚИДА дея номланган мақолаларини мароқ билан ўқиб чиқдим. Раҳмат! Қуйида мен шу мақоланинг охирги учта жумласини келтирмоқдаман.

“Маддохлик ва тилёғламачилик инсоннинг фитратига сингиб кетса ундан қутилишнинг чораси йўқ. Икки карра икки қаерда бўлмасин тўртлигича қолаверади. Уни “беш” бўлади деб умидвор бўлганлар буни тушуниб етишлари фурсати етган”.

Мазкур парчадаги биринчи жумланинг рост эканлигини тан олмасликнинг иложи йўқ. Иккинчи жумла эса алгебра нуқтаи-назаридан тўғри эмас. Учинчи жумланинг рост-ёлғонлиги, яна алгебра нуқтаи-назаридан, тўғри ёки нотўғри бўлиши бир неча бошқа жиҳатларга боғлиқ. Мен шуларга урғу бериш учун ўзимнинг ушбу шарҳ ва мақоламни ёзмоқдаман. Кимгадир бу шарҳ ножиддий туюлиши мумкин. Шундай бўлса, мен ўша муҳтарам ўқувчидан узр сўрайман.

Менинг фикримча эса, ҳар қандай ноаниқликга аниқлик киритиш керак – шу сабабли, ноаниқлик жиддийми-ножиддийми, ундан қатъий назар, илм-фан ривожланган, одамларнинг гапириш, ёзиш санъати ўсган, хатолар камайган. Такрорламоқчиман: Ўктамжоннинг мақоласига ва унда келтирилган асосий фикрларига гап йўқ! Мен эса шу мақоладаги, умумий фикр олдида бир кичик, арзимас хатога эътибор бермоқдаман, холос.

Айтилаётган хато шарҳнинг сарлавҳасида келтирилган: “2×2=4” (“икки карра икки тўрт бўлади”) жумласи биз ёшлигимиздан ўргатилиб келинган 10-лик ҲИСОБЛАШ СИСТЕМАСИда тўппа-тўғри [10-лик ҳисоблаш системаси 10 та рақамга эга: 0, 1, 2, 3, …, 9]. Бироқ, ҳисоблаш системасининг асоси 10 эмас, мас., 2 бўлса, у ҳолда 2×2=0 бўлади [2-лик ҳисоблаш системаси 2 та “рақам”га эга: 0 ва 1]. Ҳозирги замон электрон ҳисоблаш машиналари (ЭҲМ) 2-лик системасида ишлайди.

Аммо бутун дунёда ўқиш-ўқитиш, иш олиб бориш 10-лик системасида олиб борилади. Жойи келганда айтиб ўтиш керак-ки, 10-лик ҳисоблаш системаси Европага мусулмон дунёсидан кириб келган, бу – асосан мусулмон ва насроний савдогарларнинг хизматидир. 2×2=4 нинг тўғрилиги ҳисоблаш системасининг асоси 4 бўлгандан бошланади ва ундан катта бўлган барча асослар (улар чексиз кўп)да тўғрилигича қолаверади, бироқ ҳеч бир ҳисоблаш асосида 2×2=5 бўлмайди.

Шундай қилиб, Ўктамжон айтганларидек, “икки карра икки қаерда бўлмасин тўртлигича қолаверади” эмас, балки икки ҳолда (ҳисоблаш системасининг асоси 2 ёки 3 бўлганда) мос равишда 0 ва 1 бўлади. Кимдир “2×2=5” бўлади, деб ўйласа, бу – хато фикр. Ўша одам бу хато фикр билан “Маддохлик ва тилёғламачилик инсоннинг фитратига сингиб кетса ҳам ундан қутилишнинг чораси бор” деган нотўғри фикрни оқламоқчи бўлади.

Шунинг учун Ўктамжоннинг “буни”, яъни “Маддохлик ва тилёғламачилик инсоннинг фитратига сингиб кетса, ундан қутилишнинг чораси йўқ” деган ҳақиқатни ҳимоя қилишлари учун бир ҳолда тўғри, бошқа ҳолда нотўғри бўладиган кўпқийматли жумлани инкор сифатида ишлатмасдан, балки бирқийматли (мас., “банда учун ўлим муқаррар” каби) жумлалардан инкор сифатида ишлатиш лозим эди. Мен, масалан, Ўктамжоннинг охирги уч жумлаларини қуйидагича айтган бўлар эдим: “Маддохлик ва тилёғламачилик инсоннинг фитратига сингиб кетса, ундан қутилишнинг чораси йўқ. Ўлим банда учун ҳаммавақт барҳақ. “Мен ҳеч қачон ўлмайман” деб умидвор бўлганлар буни [яъни, “Маддохлик ва тилёғламачилик инсоннинг фитратига сингиб кетса, ундан қутилишнинг чораси йўқ”ни] тушуниб етишлари фурсати етган”. Яъни, банда учун ўлмасликнинг чораси йўқ каби, маддохлик ва тилёғламачилик инсоннинг фитратига сингиб кетса, ундан ҳам қутилишнинг чораси йўқдир.

 

Ўзбекистон маддоҳлари

Исмат Хушев Ислом Каримов яратган сиёсий системани улуғлайдиган ягона маддоҳ ва тилёғламачи инсон эмас. Бундайлар орасида Худо томонидан баъзи ноёб хислатлар (мас., шоирлик) берилган инсонлар ҳам бор. Ҳаммасини санаб чиқиш қийин. Ўзбекистондагидек тузумлар тилёғламачи ва маддоҳларсиз яшай олмайди. Маддоҳ ва тилёғламачилар тугаса, ёлғон ва зўравонликка асосланган сиёсий тузум ҳам асфуласофилинга кетади. Тилёғламачи ва маддоҳлар учун бу касб яхши яшаш тарзидир. Улар ўзларининг бу сифатларидан жирканмайдиларгина эмас, ҳатто уялмайдилар ҳам.

Маддоҳ табиати: қаҳр-ғазаб билан ўтирган хўжайин олдига маддоҳ билмай кириб қолди ва ҳар доимгидай “суйкала” бошлади. Хаёлини бузгани учун хўжайин баттар ғазабланди ва маддоҳнинг қулоғи аралаш тарсаки туширди. Гурсиллаб ерга ағдарилган маддоҳ ирғиб туриб: “Хўжайин, қўлингиз оғримадими?” – дея илжайди. Исмат Хушевнинг: “Қамалганимда ҳурматли Рустам Иноятов мени қутқарди, мен озодликка чиқдим” – деб эсдаликларида ёзгани, бу муҳтарам маддоҳ-журналист худди шу табиатга эга эканини бўйи баробар кўрсатади.

Махсус хизматлар учун маддоҳни ёллаш шарт эмас – уларнинг олдига унинг ўзи боради. Улардан иш олса маддоҳ ўзини бахтиёр ҳисоблайди, дилдан ҳаракат қилади. Маддоҳ маддоҳ билан жуда чиқишади, хўжайинининг сифатларини бири қўйиб бири тилга олади. Маддоҳ тилёғламалик сифатига ҳам эга бўлса, бу – махсус хизматлар учун ҳақиқий топилма (находка) бўлади. Топилмаликнинг мазмуни шундан иборат-ки, маддоҳ хўжайинининг энг ашаддий душманига ҳам ўшандай муомалада бўлаверади. Тилёғламалик уни хўжайинининг душмани уюштирган тўйга ҳам, азага ҳам, ва ҳатто, қурултойга ҳам кириб борверади. Ейди, ичади, кулади, йиғлайди, тинглайди, аниқлайди. Ва ЕТКАЗАДИ.

Халқнинг ичида кими кўп – кўрмайдигани кўп, яъни халқнинг ичида кунини зўрға ўтказаётганлар ҳам кўп, чойхона-паловни яхши кўрадиганлар ҳам кўп, намоз ўқийдигани ҳам кўп, намоз ўқимайдигани ҳам кўп, ўғриси ҳам кўп, тўғриси ҳам кўп. Ўзбек журналистлари орасида негадир маддоҳлари беҳисоб. Тилёғламачи маддоҳ айнан шуларнинг, яъни кўрмайдиганларнинг тилини яхши билади ва шу сифати билан уларни ўзининг ортидан эчки отарни эргаштиргандай эргаштириб кетаверади. Уларга ҳақиқат эмас, ширин гап ёқишини маддоҳ яхши билади. Хўжайинни “теша тегмаган” сўзлар билан ранг бериб мақташни ҳам қойилмақом уддалайди. Омма чапак чалиб унга, сўз устасига, тасаннолар айтади. Хўжайинга айнан шу керак. Бир шоир ушбу сатрларни-ҳақиқатни ёзган эди:

Яхшидур аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон.

Бу ширин ёлғонга аммо, алданиб қолғон ёмон.

ва кейинчалик … маддоҳга айланди.

Буюк шеърлар ёзиб буюк маддоҳга айланганлар ҳам оз эмас. Тарих учун шоирнинг буюк шеърлари азизмикин ёки маддоҳлик қилиб ҳукмдорни кўкларга кўтарганими? Буюк мутафаккирлардан биттаси: “Маддоҳлик билан ёвкз ҳукмдор зулмини бир кунга бўлса ҳам чўзгани, шоирнинг барча буюк шеърларини ерга чилпарчин қилади” деб ёзганини ўқиганман.

Эҳ-ҳе, ёлғон гирдобида юрганлар қанча, алданиб юрганлар қанча …

Маддоҳлик виждон талаб қилмайди. Маддоҳ “виждоним қийналаяпти” деса ишонманг. Адольф Ҳитлер ҳокимиятга келгач, ўзининг бошқа миллатларга нисбатан нафратга асосланган ғоясини оммалаштирди. У немис аскарларини урушга жўнатар экан ўз нутқида: “Сиз буюк Германия учун урушга кирар экансиз, мен сизларни виждон азобидан озод қиламан!” – деб таъкидлади. Натижа ҳаммага маълум.

Мамлакатимиз раҳбари ҳам келажаги порлоқ Ўзбекистон учун ўз журналист-маддоҳлари, каллакесар прокурорлар, миршабдар, мхх-чилар ва терговчиларини виждон азобидан озод этди. Виждон азобидан халос бўлган бу югурдаклар минглаб мусулмон йигитларни қамоқларга тиқди, аёлларни тул, болаларни эса етим қилди. Салкам 15-20 йилдан бери қамоқда қолаётган Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов, Мамадали Маҳмудов, Муҳаммад Бекжон, Рустам Усмонов каби юзлаб сиёсий маҳбуслар Исмат Хушев кўкларга кўтараётган шахслар даврида пайдо бўлишди.

Маддоҳлик ҳалол ейишни талаб қилмайди. Маддоҳ “Мен нонимни ҳалол топиб болаларимга едираяпман” деса ишонманг. Болаларини ҳалол луқма билан боқишнинг талаблари муқаддас китоблар ва мутафаккирлар томонидан айтиб кетилган. Уларнинг бирортасида “Болаларингизни бандага маддоҳлик қилиб боқинг” деган талабни учратмайсиз. Виждон талаб қилинмайдиган жойда ҳалоллик ҳам талаб қилинмайди – улар Ҳасан-Ҳусанлардек. Ички ишлар вазири Зокир Алматовни таърифлар экан Исмат Хушев ўзининг бутун маддоҳлик санъатини ишга солган. У: “Зокир акамлар виждонли ва ҳалол ейдиган инсон эдилар” дейишига бир баҳя қолган.

Ваҳоланки, у Шавриқ Рўзимуродов, Эмин Усмон, эрк ва адолат учун курашган бошқа ўнлаб мард инсонлар Зокир Алматов ўтирган хонанинг тагида, ИИВ подвалида ўлдирилганларини яхши билади. 2002 йил 24 май куни Қаршида Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти аъзоси Йўлдош Расулев қамоққа олинди. 2-3 кундан кейин мен, Ёдгор Турлибеков ва Бахтиёр Ҳамраев ИИВ олдида норозилик пикетида турдик. Талабимизни эшитиш учун мени З.Алматовнинг муовини олдига олиб киришди. Ташқарига чиқсам ҳар иккала аъзомизни ва журналист Тўлқин Қараевни қамоққа олишибди. Ўша кечаси атрофи ўралмаган ИИВнинг атрофини темир панжара билан ўрашибди. Бир кечада!

Маддоҳ учун чет элга қочиш шарт эмас. Агар шундайларни учратсангиз уларга ишонманг. Улар чет элга махсус топшириқ билан юборилишлари мумкин, холос. Чет элга “қочирилганлар” оз эмас. Бир муфтий ҳам чет элга “қочган” эди. Вазифани бажариб бўлгач ватанга бемалол қайтди ва ўзига қасрсифат уй-жой қуришга тушди. Жиззах вилоят ИИБнинг терроризмга қарши кураш бўлимининг бошлиғи Зойир Шарипов Андижон воқеаларидан кейин АҚШга “қочди”.

90-чи йиллар бошида ўзбекистонлик катта бир гуруҳ “силовиклар” орасида бу шахс АҚШда терроризмга қарши кураш бўйича курсни тамомлаб келган. У жиззахлик юзлаб мусулмон йигитларни қамади. Нега АҚШга қочди? Қирғиндан қочиб юзлаб андижонликлар АҚШда бошпана олдилар. Уларнинг ҳеч бўлмаганда биттаси Ўзбекистонга қайтса Андижонни отган ҳукумат халқаро ҳамжамият олдида: “Мана, андижонликлар қайтиб келишаяпти, бизда айб йўқ” дейиши учун асос бўлар эди. Юзга яқин андижонлик қайтди, бир нечаси АҚШда сирли ўлдирилди. Тушунарлидир?

Толиб Ёқубов,

ЎИҲХЖ фахрий президенти

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.