Қозоғистон вакили Тоштурмада 29 ўзбек қочқини билан учрашди
Қозоғистон расмийлари 2011 йили Олмаотадан Тошкентга экстрадиция қилинган ва айни пайтда қамоқда бўлган 29 нафар қочқин билан учрашиш учун Ўзбекистонга ўзларининг махсус вакилини юбордилар.
Тоштурмадаги учрашув
Қароргоҳи Парижда бўлган «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти 1,5 йил муқаддам Қозоғистондан Тошкентга экстрадиция қилинган 29 нафар ўзбек қочқини тақдирини диққат билан кузатиб бормоқда. Ноябрь ойи охирида ташкилотга бу одамлар тақдирига оид айрим маълумотлар етиб келди.
«Ўтюраклар клуби»нинг Ўзбекистон ичкарисидаги манбаси 2012 йил июнь ойида Қозоғистон расмийлари қўшни мамлакатга махсус вакилини жўнатганини, бу одам «Тоштурма»да экстрадиция қилинган 29 ўзбек қочқинининг ҳаммаси билан учрашганини маълум қилди.
«Қозоғистондан бир киши келган, бироқ ҳеч ким айнан ким келганини, унинг қайси ташкилотдан эканини билмайди. У 29 нафар қочқиннинг ҳаммаси билан алоҳида-алоҳида суҳбатлашган. Яъни улардан бири иккинчисини кўрмаган. Гўё БМТ Қозоғистонга бу мамлакат расмийлари қийноқлар мавжуд бўлган давлатга қочқинларни бериб юборгани учун босим ўтказаётган эмиш. Энди Ўзбекистонга бориб, ўша одамларнинг аҳволини ўрганиб келинглар», дейишибди БМТдан Қозоғистон расмийларига», – деди Ўзбекистон ичидаги манба.
Судланганлар шафқатсиз қийноқлардан баҳс этмоқдалар
Бироқ, унинг сўзларига кўра, Қозоғистон вакили билан суҳбатда 29 қочқин ичидан ҳеч қайсиси Ўзбекистонга экстрадиция қилинган кундан буён дучор қилинаётган аёвсиз қийноқлар ҳақида гапириб бера олмаган.
«Қозоғистон вакили улардан «Ўзбекистонда қийноққа солиндингизми?» деб сўрабди. Аммо Ўзбекистон томони олдиндан қочқинларга: «Агар шикоят қиладиган бўлсангиз, ўзингиздан кўринг» деб, уларни огоҳлантириб қўйган экан. Шунинг учун ҳам 29 кишининг ҳаммаси қийноқ бўлмади, деб айтишга мажбур бўлишибди. Кейин вакил яна келиши айтиб, жўнаб кетибди.
Ваҳоланки, Ўзбекистонда қочқинларнинг ҳаммаси даҳшатли қийноқларга солинган экан, уларга нисбатан турли қийноқлар қўлланилибди, ҳатто электр стулига ҳам ўтқазишибди. Зонада ҳам уларни қийнашда ва ғайриинсоний муомала қилишда давом этишибди. Улар ўтирган жойда уйдагилар зонага олиб борган нарсаларни майда-майди қилиб ташлаб текширишар экан.
Йигитлар қийноқлар туфайли бутун айбни бўйинларига олишга мажбур бўлганларини, натижада ғирт жиноятчи сифатида қамалганини айтишибди. Улар: «Қандай йўл билан бўлса ҳам бизнинг аҳволимиз ҳақида БМТга етказинглар, бизга нисбатан даҳшатли қийноқлар қўлланилганини жамоатчиликка ошкор қилинг», дейишаяпти», – деди манба.
Эслатамиз, 29 нафар ўзбек қочқини 2010 йил июнида Қозоғистон махсус хизматлари томонидан Олмаота шаҳрида ўтказилган «Мигрант» рейди чоғида ҳибсга олинганди. Шундан сўнг уларнинг ҳаммаси роса бир йил тергов ҳибсхоналарида сақланганлар. Кейинроқ Қозоғистон томони бу қочқинлар уларни ўз мамлакати ҳудудида оғир ва ўта оғир жиноятларни содир этганликда айблаётган Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Ички ишлар вазирлиги сўровномасига кўра қўлга олинганини билдирганди.
Бироқ ўзбек қочқинлари ўзларига қўйилаётган айбловларни инкор қилишган ва журналистларга ўз диний қарашлари туфайли Ўзбекистон махсус хизматлари томонидан таъқибга учраганларини айтиб беришганди.
Бу 29 кишининг ҳаммаси Ўзбекистонга экстрадиция қилинишдан жуда хавотирланишар, бу мамлакатга бериб юборилган тақдирда аёвсиз қийноқларга дучор қилинишлари мумкинлигини билдиришарди. Уларнинг айримлари ҳатто экстрадиция қилинишга норозилик сифатида Олмаота тергов ҳибсхоналарида очлик эълон қилган ҳам эдилар. Уларнинг кўпчилиги олдин Ўзбекистонда куч ишлатар тизим ходимлари томонидан сўроқ қилинганди. Шунинг учун ҳам улар Ўзбекистон қамоқхоналарида айниқса маҳкум мусулмонларга нисбатан қилинадиган шафқатсиз муносабатдан яхши хабардор бўлганлар.
Шунга қарамай, 2011 йилнинг июнь ойида, яъни улар ҳибсга олинганидан роппа-роса бир йил ўтгач, Қозоғистон расмийлари 29 нафар қочқиннинг ҳаммасини Ўзбекистонга бериб юборган. Экстрадиция қилинган қочқинларнинг кўпчилиги Олмаотада оиласи билан яшарди, улардан айримларининг уч, ҳатто тўрт нафардан кичик ёшли боласи бўлган.
29 эркак Ўзбекистонга экстрадиция қилинганидан кейин уларнинг оилалари изсиз ғойиб бўлган. Айрим маълумотларга кўра, уларнинг баъзилари эрларининг ортидан ватанга қайтганлар, бошқалари эса эрларининг бошларига тушган мусибат ўз бошларига ҳам тутишидан қўрқиб, учинчи мамлакатларга чиқиб кетганлар.
Ўзбекистонда экстрадиция қилинган қочқинларнинг ҳаммаси узоқ йиллик қамоқ жазоларига маҳкум этилган. Қочқинларнинг қариндошлари журналистларга ўз яқинларининг судлари жуда қўпол ҳуқуқбузарликлар билан ўтказилганини айтганлар.
Олмаотада 29 нафар ўзбек қочқини қўлга олинганидан сўнг уларга ёрдам кўрсатиш учун «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари жамияти фахрий президенти Толиб Ёқубов ҳамда «LIGLIS-CENTER» сиёсий тадқиқотлар маркази директори Камолиддин Раббимовнинг биргаликдаги саъй-ҳаракати билан Ғарбда «Қочқинларни ҳимоя қилиш қўмитаси» тузилган.
Қўмита 29 ўзбек қочқинининг оилаларига ҳар томонлама ёрдам кўрсатган, бу қочқинларни Ўзбекистонга бериб юбормаслик илтимоси билан Қозоғистон расмийларига, хусусан, президент Нурсултон Назарбоевга мурожаат қилган.
Фуқаролик жамиятининг бу вакиллари билан биргаликда саъй-кўшиш қилган АСАТ-France (Ўлим жазоси ва қийноқларга қарши насронийлар ассоциацияси) ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти (Франция) 29 нафар ўзбек қочқини номидан БМТнинг қийноқларга қарши қўмитасига шикоятнома йўллаган. Қўмита эса ўзбек қочқинларининг Ўзбекистонга эҳтимолий экстрадициясини тўхтатиш илтимоси билан Қозоғистон ҳукуматига талабнома юборган.
Бироқ бу қочқинлар Тошкентга экстрадиция қилинганидан кейин БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси Қозоғистон бу одамларни Ўзбекистонга экстрадиция қилиш орқали «Қийноқлар ва шафқатсиз, ғайриинсоний ёки кишини хўрлайдиган муносабат ва жазо турларига қарши конвенция»нинг 3- ва 22-моддаларини бузганига оид қарор чиқарган. БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси Қозоғистон расмийларидан экстрадиция қилинган 29 нафар ўзбек қочқинининг Қозоғистонга қайтарилиши ва уларга товон пули тўланиши дохил тегишли ҳимоя воситалари билан таъминлашни талаб қилган.
Шу ўринда кўплаб нуфузли халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистонда қийноқлар «доимий ва кенг ёйилган»и ҳақида бир неча йилдан буён таъкидлаб келиши қайд этиш жоиз.
Қозоғистон расмийларининг сукути
Қозоғистон расмийлари шу кунга қадар БМТнинг қийноқларга қарши қўмитаси қарорига нисбатан бирор-бир муносабат билдирмаганлар. Таҳририятимизнинг Олмаота шаҳар прокуратураси билан боғланишга уринишлари ҳам самара бермади.
«Жараён»га изоҳ берган Қозоғистон инсон ҳуқуқлари ва қонунийликка риоя қилиш бюроси ходимаси Виктория Тюленева экстрадиция қилинган ўзбек қочқинларининг тақдирини ўрганиш, хусусан, уларга нисбатан қийноқ қўлланилган-қўлланилмаганини билиб келиш учун Қозоғистон Ўзбекистонга ўз вакилини юборгани ҳақида эшитганини айтади. Бироқ ҳуқуқ фаоли қўлида мазкур маълумотнинг расмий тасдиғи йўқлигини қўшимча қилади.
«Қозоғистон вакилининг Ўзбекистонга сафари ҳақиқатан ҳам БМТ Қийноқларга қарши қўмитасининг тугаб бораётган йил июнида қарори билан боғлиқ. Абдусаматов ва бошқаларнинг шикоят аризасини кўриб чиқиш чоғида Қийноқларга қарши қўмита Қозоғистон Қийноқларга қарши конвенциянинг 3- ва 22-моддаларини бузган, деган қарорга келган.
Бундан ташқари, Қийноқларга қарши қўмита мазкур иш юзасидан ўз қарорида Қозоғистон қарорни олган кундан бошлаб икки ой мобайнида берилган шикоятноманинг моҳияти, хусусан, аризачилар аҳволи ҳақида қўмитага қўшимча маълумот тақдим этиши лозимлигини белгилаб берган. Шу тариқа, иш бўйича ўз қарори орқали қўмита Қозоғистон зиммасига экстрадиция қилинганлар тақдирини аниқлаш ишини юклаган, Қозоғистон эса бу ишни ўз вакилини Ўзбекистонга юбориш йўли билан амалга оширган. Улар бу ишни қўмита қарорига мувофиқ равишда қилишга мажбур эдилар», – деди Виктория Тюленева.
Қозоғистон расмийлари ўз вакилини Ўзбекистонга юборганидан буён бир неча ой ўтди, бироқ журналистларга бу ҳақда фақат жорий йил охирига келибгина аён бўлди. «Жараён»нинг: «Нима учун Қозоғистон расмийлари бу маълумотни жамоатчиликдан, хусусан, ҳуқуқ ҳимоячиларидан яширмоқда?» деган саволига Виктория Тюленева қуйидагича жавоб берди:
«Мен улар бу маълумотни яшираяпти, деб ўйламайман. Негаки, юридик жиҳатдан олиб қараганда, улар бу ҳақда ҳуқуқ фаолларига ахборот беришга бурчли эмаслар. Бу борада улар фақат қўмитага маълумот беришга бурчлилар. Қозоқ расмийларини «ҳоли жонига қўймасдан» сергак туриш ва Қозоғистонни қўмита қарорини бажаришга мудом ундаб туриш ҳамда уларда мунтазам равишда «сиз айбдор деб эътироф этилган қарорни бажариш учун нима ишлар қилдингиз?» деб сўраб-суриштириш айнан ҳуқуқ фаолларининг иши.
Билишимча, экстрадиция қилинганлар номидан даъво аризаси берган ACAT-France ташкилоти қўмитанинг мазкур қарори бажарилишини кузатиб бораяпти ва ҳатто БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий Комиссари Неви Пиллай хонимга унинг 2012 йил июлидаги Қозоғистонга ташрифи чоғида Қозоғистон давлат идоралари вакиллари билан учрашувда қўмита қарорининг бажарилишига оид масалани кўтариш юзасидан илтимоснома ҳам йўллаган. Ваҳоланки, мен ҳам Қозоғистон шароитида расмийларимиз қўмита қарорини очиқ тан олиб, унинг бажарилиши юзасидан ўз қадамларини оммага ошкор қилсалар, бундан фақат ютган бўлардилар, деган фикрга қўшиламан».
Айни пайтда, «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг айтишича, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ташкилотлари 29 нафар ўзбек қочқини ишида ортга чекинмоқчи эмас.
«Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти Қозоғистондан Ўзбекистонга бериб юборилган қочқинлар ва уларнинг оила аъзолари тақдиридан жуда хавотирда. Чунки ташкилотимиз томонидан олиб борилаётган мониторинг натижаларига кўра, узоқ йилларга қамоқ жазосига хукм қилинган бу қочқинларга нисбатан мунтазам қийноқ қўлланилмоқда. Шундан келиб чиққан ҳолда, ҳам Ўзбекистон, ҳам Қозоғистон аъзо бўлган БМТнинг Қийноқларга қарши қўмитасига мурожаат қилиб, бу икки мамлакатнинг мазкур қочқинлар вазияти юзасидан ҳисоб беришини талаб қилишини сўраймиз», – деди Мўътабар Тожибоева.
«Ўтюраклар клуби» 29 нафар ўзбек қочқинининг тақдирини диққат билан кузатиб боради ва бу ҳақда «Жараён» сайтида материаллар чоп этиш орқали жамоатчиликни хабардор қилиб туради.
Ҳозирда «Жараён» 29 нафар ўзбек қочқини ва уларнинг оилалари тақдири ҳақида қатор материалларни тайёрлаш билан машғул.
Fikr bildirish