Ҳуқуқ ҳимоячиси Ўктам Пардаевга ҳамон виза берилмаяпти
Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари Мустақил ташкилотининг Жиззах вилоят бўлими раиси 34 ёшли Ўктам Пардаевга қарийб уч йилдан буён чиқиш визаси берилмаяпти.
Ўктам Пардаев чиқиш визасини олиш учун маҳаллий Ички ишлар бўлимининг “Кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш” (КЧваФР) бўлимига илк бор 2010 йилнинг январида мурожаат қилганди.
Жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси чиқиш визасини олиш учун сўнгги бора шу йилнинг ноябрида маҳаллий милиция бўлимига ариза билан қайта мурожаат қилганини айтади.
Бироқ у ҳуқуқ ҳимоячиси бўла туриб ўзининг конститутциявий ҳуқуқларидан фойдалана олмаётганидан ташвиш билдирмоқда.
Унинг фикрича, бу ерда қонун фуқароларнинг аризаларига белгиланган муддат ичида жавоб бериши шарт бўлган Жиззах мутасадди раҳбарлари томонидан бузилмоқда.
Жиззах вилояти прокурори, Республика бош прокурори ва Ички ишлар вазирлигига ёзган шикоят аризалари самарасиз қолганидан сўнг, Пардаев халқаро ташкилотларга, хусусан қароргоҳи Ирландияда жойлашган Фронтлайн инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотига мурожаат қилишга мажбур бўлганини айтади.
2011 йилнинг ноябрь ойида эса Ўктам Пардаев Тошкентдаги фуқароларга чиқиш визасини бериш бўлимининг Рустам исмли ходими билан суҳбатга чақиртирилган. Бироқ натижада пойтахтдаги расмийлар Жиззахлик ҳуқуқ фаолининг ишини кўриб чиқишни тағин маҳаллий мулозимларга топширишган.
Устига-устак, Жиззах билан Тошкент орасида сарсон-саргардон бўлган Ўктам Пардаев шу йил Жиззах вилояти Ички ишлар бўлими ходимлари томонидан безориликда айбланиб, мажбуран 15 суткага озодликдан маҳрум қилинганди.
Бироқ барча тайзиқларга бардош берган жиззахлик ҳуқуқ ҳимоячиси ўтган ойда икки йиллик чиқиш визасини олиш илинжида тағин “Кириш-чиқиш ва фуқароликни расмийлаштириш” бўлимига ариза беради.
Аммо у ҳар сафар Жиззах шаҳар Ички ишлар бўлимининг виза бериш бўлимининг Зиёвиддин исмли мулозими томонидан алданиб келинаётганидан ташвиш билдиради.
Fikr bildirish