Қирғизистон пойтахтида ака-ука Соиповларга ҳужум қилинди
Ўшлик таниқли журналист, марҳум Алишер Соиповнинг уч укаси 2 декабрь оқшомида Бишкекда калтаклаб кетилди.
Бу ҳақда “Жараён”га калтакланган ака-укаларнинг бири, журналист Шоҳруҳ Соипов сўзлаб берди.
Унинг айтишича, якшанба куни кечки соат 21.30 ларда укаси Озодбек бир дўсти билан дўконга чиққан. Улар телефонда ўзбек тилида гаплашиб кетаётганини эшитган қирғиз миллатига мансуб икки йигит орада жанжал чиқаришга уринган, уларга: “2010 йил июнида қаерда эдинглар”, деб тегажоқлик қила бошлашган. Улар билан жанжаллашишни истамаган Озодбек ва дўсти ўз йўлларида давом этган. Бироқ ҳалиги йигитлар уларни таъқиб қилишдан қолмаган ва ижара уйигача кузатиб келишган.
“Мен уйда ухлаётгандим. Ойна тақиллаганидан кейин укаларим билан чиқдик. Улар билан яхшиликча орани очиқ қилмоқчи бўлдик. Бироқ келган тўрт йигит қўлларидаги арматуралар билан бизни уриб кетишди”, дейди Шоҳруҳ Соипов.
Унинг айтишича, воқеадан сўнг ака-укалар милицияга мурожаат қилишган. Соиповларни калтаклаганлар ортидан борган милиционерлар йўлда улардан бирининг қўл телефонини топиб олганлар.
Бироздан кейин ўша телефонга унинг эгаси қўнғироқ қилиб, “сотка”сини йўқотганини айтган. Милиционерлар телефонни қайтариб олиш учун ундан Бишкекдаги “Вефа” савдо маркази олдига келишни сўрашган. Телефон илинжида келган йигит ҳуқуқ-тартибот ходимлари томонидан қўлга олинган.
“Кейинроқ маълум бўлишича, у депутат Ўмурбек Текебаевнинг укаси Асилбек Текебаевнинг ўғли экан”, – дейди Шоҳруҳ Соипов.
Азамат исмли бу бола Соиповларни калтаклаган йигитларни танимаслигини айтган. Шоҳруҳнинг сўзларига кўра, ака-укалар ва Азамат Текебаев тунги соат 23 лардан эрталабгача Бишкек шаҳар Октябрь туман ички ишлар бўлимида олиб ўтирилган. Ишни бости-бости қилиш учун орада воситачилар кўпая бошлаганидан кейин Шоҳруҳ Соипов ўзи таниган ҳуқуқ ҳимоячилари ва журналистларга бу ҳақда СМС орқали хабар йўллаган.
Қирғизистондаги маҳаллий оммавий ахборот воситаларига кечаги ҳодиса ҳақида сўзлаган Азамат Текебаевнинг адвокати Анатолий Духовних бу нохуш воқеа Соиповлар айтгандек бир ёқлама бўлмаганини, бу миллий адоват асосидаги жанжал эмаслигини айтади.
Бироқ бугун эрталаб Октябрь туман ички ишлар бўлимига келган таниқли ҳуқуқ фаоли Азиза Абдирасулова фақат бир томон калтакланган жанжални ўзаро муштлашув, деб бўлмаслигини таъкидлайди.
Ҳуқуқ фаолига кўра, эрталаб соат саккизгача ҳам воқеа жиноят ишлари рўйхатга олинадиган дафтарда қайд этилмаган экан. Кейинроқ эса, Азиза Абдирасулованинг айтишича, ҳодиса юзасидан Қирғизистон Жиноят кодексининг 234-моддаси (“Безорилик”) бўйича жиноий иш очилган.
Бугун эрталаб соат 10 ларда Октябрь туман ички ишлар бўлимидан чиққан ака-ука Соиповлар аввал суд-тиббий экспертизадан ўтганлар. Кейин улар тиббий ёрдам олиш учун шифокорларга мурожаат қилганлар. Сўнгги маълумотларга кўра, ака-укалардан Юсуфбек Соипов шифокорлар тавсиясига билан касалхонага ётган. Қолган йигитларга эса уйдан қатнаб даволаниш тавсия қилинган.
“Ҳозир ягона талабимиз бизни калтаклаб кетган болаларнинг Қирғизистон қонунлари асосида жазоланишидир”, – дейди Шоҳруҳ жиноятчи ким бўлишидан қатъий назар қонун олдида жавоб бериши лозимлигини таъкидлар экан.
“Дайджест” газетасининг ношири Шоҳруҳ Соипов ўтган йилнинг 10 августида ҳам Ўш шаҳрида калтаклаб кетилганди.
Соиповларнинг катта акаси, “Сиёсат” газетаси ношири ва бош муҳаррири Алишер Соипов 2007 йилнинг 24 октябрида Ўш шаҳри марказида отиб кетилганди. Унинг қотиллари ҳанузгача топилган эмас.
Fikr bildirish