Толиб Ёқубов: Тақдир
Кўп йиллик ҳуқуқбонлик фаолиятимда инсонларнинг турли тақдирларини кўрганман. Мамлакатдаги зўравонлик ва адолатсизликка асосланган тузум натижаси ўлароқ фожеали тақдирларни ҳам кузатганман. Бироқ менга маълум воқеалар орасида бухоролик Бердиёр Рабиев оиласининг тақдири энг катта фожеа билан тугади. Мен муҳтарам ўқувчилар диққатига шу воқеани ҳавола этмоқчиман.
Бухоролик шифокор-стомотолог Бердиёр Рабиев қамоққа олинган ўғли Давлатёр Рабиев масаласи бўйича менга 2003 йилда учрашди. Давлатёр Тошкентдаги банкларнинг бирида ишлар, уйланган, Чилонзор мавзесида уйи бор экан. Бир куни уч оғайни – бири Давлатёр билан бирга ишлайдиган, отаси вазир ўринбосари бўлган, иккинчиси Яккасарой тумани ИИБда терговчи бўлиб ишлайдиган, отаси олий таълим соҳасида катта лавозимда ишлайдиган, яқин қариндоши эса Чилонзор туман судининг раиси бўлган – йигитлар кечқурун кафеда овқатланишади, ичишади.
Шу кафеда бир гуруҳ одамлар тўй маросимини ўтказишаётган бўлган. Ширакайф уч йигит кўчага чиққач, шу тўйда қатнашаётган бир озорбайжонлик бизнесмен йигит билан ғижиллашиб қолишади, улар орасида қисқа муддатли муштлашув бўлиб ўтади. Уч йигит терговчининг “Нексия”сига ўтириб жўнаб кетишади. Тўйдан чиққан одамлар озарбайжон йигитнинг муштлашиш жойидан нарироқда ўлиб ётганини кўришади. Муштлашган уч йигит милиция ходимлари томонидан хибс қилинади.
Мазкур жиноят бўйича Тошкент шаҳар прокуратураси жиноий иш (ж/и) қўзғатади, терговни Евгений Коленко олиб боради. Давлатёр шерикларининг ота-оналари ўз болаларининг ҳимояси учун қандай ҳатти-ҳаракатлар қилишгани менга маълум эмас. Маълуми – Давлатёр ва унинг бирга ишлайдиган, отаси вазир ўринбосари бўлиб ишлайдиган шериги судда 17 йилдан қамоқ жазосига ҳукм этиладилар, терговчи бўлиб ишлаган йигит эса оқланади ва суд залида озод этилади. Давлатёр Бухоро яқинидаги УЯ 64/29 қамоқхонасида жазони ўтай бошлайди.
Ўғлининг қамоққа олиниши ва қамалиб кетишидан Бердиёр ака қаттиқ куюнди. У Бухорода барча ишини йиғиштириб, Тошкентга келди ва ўғлининг уйида туриб тиним билмай унинг иши билан машғул бўлди. Баъзан Бердиёр Рабиев қаттиқ тушкунликка тушар, шундай пайтлар у менинг олдимга келар эди, мен эса қўлимдан келгунча унга далда берар, курашиш лозимлигини уқтирар ва соатлаб Жиноят-процессуал кодекси (ЖПК) ва бошқа ҳужжатлар моҳияти билан таништирар эдим.
Менинг тавсиям билан у ўғлининг ишига ҳимоячи бўлиб ишга киришди. Давлат идоралари билан бўладиган барча ёзишмаларни мен бўйнимга олдим. Илгари ҳаёти яхши бўлган бу оила бошига фожеа ёғилгандан кейингина мавжуд тузумнинг моҳиятини англай бошлади.
Иш давомида терговчи Е.Коленко Ўзбекистонда энг вахший терговчилардан бири эканлиги маълум бўлди. Қуйида Бердиёр аканинг Бош прокурор Р.Қодиров номига ёзилган шикоятидан парча келтираман: (Парча): “Мен ҳимоя қилаётган Б.Д.Рабиевнинг 26/03-2472 рақамли жиноий ишига 03.12.03 дан бошлаб ҳимоячи сифатида иштирок эта бошлаганман. Бу ишда дастлабки терговни Тошкент шаҳар прокуратурасининг терговчиси Е.Коленко олиб борган. У дастлабки тергов ҳаракатлариданоқ қонунларни ўта қўпол бузиш ҳисобига Б.Д.Рабиевдан кўргазма олиб келган.
Бунинг тагида фақат бир нарса ётиши мумкин: Е.Коленко тергов ҳаракатларининг биринчи қадамлариданоқ кимнингдир ЗАКАЗини бажара бошлаган, ва демак, менинг ўғлимга нисбатан холис бўлмаган, яъни ҒАРАЗЛИ МАҚСАДи бўлган.
Мен қуйида унинг тергов ҳаракатларидаги қонунбузарликларидан намуна келтираман:
- ЎзР қонунчилиги бўйича шахс ушлангандан сўнг 1-чи (биринчи) сутка давомида терговчи (суриштирувчи) унинг оила аъзоларига хабар бериши шарт бўлишига қарамасдан, биз, яъни Б.Д.Рабиевнинг оила аъзолари 31.07.03 да тасодифан хабар топдик. Ваҳоланки, менинг уй ва ишхонам телефонларидан ташқари ҳар доим ёнимда юрувчи мобиль телефоним ҳам мавжуд.
- Е.Коленко терговнинг биринчи қадамлариданоқ Б.Д.Рабиевни қийноққа солган ва уни руҳан синдиришга ҳаракат қилган. Мен Б.Д.Рабиевни 31.07.03 куни кўрдим, унинг юзлари шишиб кетган, бурнининг суяги синган, бадани моматалоқ бўлиб кетган (қорнида, белида, кўкрагида кўкарган доғлар яққол кўриниб турган эди), кўйлаги ва бошқа кийимларида қон доғлари ва туфли излари кўриниб турар эди. У қон аралаш сияётган эди”. (Тамом).
Бердиёр Рабиев ж/и ичида ҳимоячи бўлгани учун мен воқеалар ривожидан яхши хабардор эдим. У Е.Коленкога қарши тенгсиз, бироқ мардонавор кураш олиб борди. Тошкент шаҳар прокурори Бахриддин Валиев, Бош прокурор ва бошқа юқори мартабали лавозимли шахслар Б.Рабиевни фақат хатларига жавоб бермаслик билан “енгишди”. Бундай шафқатсиз синовли иш унинг бошига биринчи марта тушаётгани учун унда расмий ҳужжатлар (мас., ЖК ва ЖПК) билан ишлаш тажрибаси етишмас эди ва кўп ҳолларда расмийлар уни усталик билан алдашар эди. Хуллас, Давлатёр қамоқда ўтирганига бир йилдан ошгач, унинг ишига мен ҳимоячи бўлиб ўтишимга тўғри келди.
Иш билан танишиш учун мен шаҳар судига бордим. Суд канцелярияси (девони)нинг бошлиғи Шуҳрат деган йигит ж/и жилдини олиб келди ва ўз хонасидан ишлаш учун менга жой тайёрлаб берди. Мен ж/и.нинг 8 иш варағи билан танишганимдаёқ унинг тамоман сохталаштирилганини тушундим.
Шу пайтда Шуҳрат кутилмаганда: “Толиб ака, Жиззахдаги, сиз ҳимоячи бўлиб қатнашган ж/и нима билан тугади?” – деб сўраб қолди. Мен ҳайрон бўлдим: у мени биринчи марта кўриб турган бўлса, мен Жиззахда бир ишда ҳимоячи бўлиб қатнашганимни у қаердан била қолди, деган фикр келди миямга. У иш Жиззахдаги 8-чи ун комбинати ходимларига нисбатан қўзғатилган бўлиб, мен унда тайёр маҳсулотлар омборининг мудири Шароф Юсуповни ҳимоя қилган эдим. Комбинатда жуда катта миқдорда бўғдой камомади аниқланган ва комбинатнинг 5-6 ходими қамоққа олинган, ишни МХХнинг вилоят бўлимининг тергов бўлимининг бошлиғи Музаффар Сайидқулов тергов қилган. Иш 48 том (жилд) бўлиб, уларнинг 6 таси жиноий иш материалларидан иборат эди.
Бироқ мен 1-чи жилднинг ярми билан танишганимданоқ бўғдой комбинатга умуман топширилмаганини ҳужжат асосида исботладим. Иш бошида вилоят ҳокими Шавкат Мирзиёев, Пахтакор тумани ҳокими Убайдулла Ёмонқулов ва бошқа ҳокимлар турган. Буни М.Сайидқулов билиб қолди. Катта жанжал келиб чиқди. Вилоят прокуратурасининг хатлар бўлимининг бошлиғи (рус аёл) вилоят прокурори Равшан Муҳитдинов бир ҳафтадан бери вилоят ҳокими олдида ўтирибди, деб айтди. Хуллас, М.Сайидқулов мени тамоман ноқонуний равишда ишдан четлаштирди.
Девонбеги Шуҳрат мендан шу иш ҳақида сўраётган эди. Мен унга гапни айлантириб гапни қисқа қилдим. Бир нарсани мен аниқ тушундим: бу ерда, яъни шаҳар судида ёки Олий судда мен ҳақимда қандайдир гап бўлган. Иш билан танишиш учун эртаси куни яна келсам у: “Ишни Олий судга олиб кетишди. Бирор ҳафтадан кейин келинг” – деди. Бир ҳафтадан кейин келсам у: “Ишни ҳали олиб келишган йўқ. Кейинроқ келинг” – деди. Мен кутдим. Бир куни уйимга ранги оқарган, саросимага тушган ҳолда Бердиёр ака кириб келди. Унинг айтишича, уни Олий судга чақиртиришибди ва: “Тезлик билан ўғлингиз ётган қамоқхонага етиб боринг” дейишибди, бироқ сабабини Бердиёр ака ҳар қанча илтимос қилса ҳам айтишмабди. Табиий, Бердиёр аканинг хаёлига ёмон фикрлар келган. Шу кетишда Бердиёр ака уч ярим-тўрт ойча йўқ бўлиб кетди. Мен навбатдаги марта судга борганимда мени ҳатто суд биносига киритишмади ҳам.
Бир куни Бердиёр ака хурсанд ҳолда уйимга кириб келди. Чопа-чоп билан қоқ-суяк бўлиб қолган Бердиёр ака тўлишиб, ранг олиб бутунлай бошқа одамга айланибди. Айтишича, у зонага боргач, зона бошлиғининг ўринбосари: “Ҳозир ўғлингизни олиб келишади, уни уйингизга олиб кетаверинг” – дебди. Ҳақиқатан, бирпасдан кейин ўғлини олиб чиқишибди ва улар Бухорога жўнашибди. У ўғлини 3-4 ой даволатган ва ўзига келгунча ёнида бўлган экан.
Кейинчалик маълум бўлишича, ҳақиқатан юқори суд инстанциясида мен ҳақимда гап бўлган экан. Иш шунчалик сохта бўлган-ки, у сўҳбатда: “Толиб Ёқубов буни албатта англайди ва исбот келтиради” деган хулосага келишибди. Бу аслида менинг юридик билимим юқори бўлганидан эмас, ташкилотимиз ҳуқуқшуносининг хизмати эди: иш билан танишишда у менга нима нарсаларга алоҳида эътибор қилишга, қандай ҳужжатлардан кўчирма олишни тайинлар эди, мен олиб келган кўчирмаларни синчковлик билан ўрганар эди.
Ўша пайтда БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Қўмитаси ва Қийноқларга қарши Қўмитаси каби халқаро ташкилотлар Ўзбекистон ҳукуматини қаттиқ исканжага олган эди ва ташкилотимиз бу Қўмиталар билан ҳамкорлик қилишини ҳукумат билар эди. Чамаси, суд олдида: “Бу ишда нима қиламиз?” деган савол турган ва: “Бирдан-бир йўл маҳбусни озод этиш” деган қарорга келишган. Шундай қилиб, 17 йилга қамалган Давлатёр бир йилдан сал кўпроқ муддат ўтгач озодликка чиқди. Биз Бердиёр ака иккаламиз онда-сонда телефонлашиб турдик, бироқ у анча вақт телефон қилмай қўйди.
Бир куни Тошкентга куёвим Азам Фармонов келди. Унга Бахт шаҳарчасида яшовчи бир кампир онахон мурожаат қилибдилар. У аёлнинг ягона фарзанди бўлган ўғли кўп йиллар илгари қамалган, бироқ муддат тугагандан кейин ҳам уйга қайтмаган экан. Она ўғлини излай бошлаган, бормаган, суриштирмаган идораси қолмаган. Ўғли топилмаган. Момо чарчаган, қариб қолган. Бир кун бир одам: “Ўғлингизни билса 29-чи зонанинг бошлиғи ўринбосари фалонча билиши мумкин” – деган. Момо ўзи Бухорога бориб кела олмас даражада бўлгани учун Азамжонга мурожаат қилган. Бердиёр ака ўғлининг олдига борган пайтларда одатда шу ўринбосар билан анча таниш бўлиб қолганини менга айтган эди.
Мен Азамжонни Бухорога юборишдан аввал Бердиёр ака билан боғланишга ҳаракат қилдим – мақсадим Азамжон билан 29-чи зонага ўзингиз бирга боринг, демоқчи эдим. Бухорога қилган қўнғироқларимга ҳеч ким жавоб бермади. Мен ўғлининг Тошкентдаги уйига телефон қила бошладим. Бир неча олдинги қўнғироқларимга бу уйдан ҳам жавоб бўлмади. Охири бир кун телефонни бир одам олди. Мен: “Давлатёр, ё аёли борми?” – деб сўрадим. Трубкани олган одам индамай тураверди. Мен учинчи марта илтимос қилганимдан кейин у ўта оғир овоз билан: “Улар ўлиб кетишди” – деб жавоб берди.
У одамнинг айтишича, Бердиёр ака, хотини, қамоқдан чиққан ўғли, унинг хотини ва 1-2 та болалари ўзларининг машинасида (рульда ўғли бўлган) бошқа бир туманга тўйга кетаётиб рўпарадан келаётган КаМАЗ машинаси билан туқанашиб кетишган ва барчаси ҳалок бўлишган экан. Бу мени даҳшатга солди, кўп кунлар ўзимга кела олмай юрдим. Тақдирни қаранг!
1-2 икки йилдан кейин менинг Бухорога йўлим тушди. Мен суриштирдим – рост экан. Бердиёр ака яшаган маҳалланинг бир неча вакили билан суҳбатлашдим. Уларнинг ҳаммаси бу аварияни уюштирилган, дейишди. Бу гапда жон бор эди. Ҳақиқатан, 17 йилга қамалган одамнинг бир йилда чиқиши Ўзбекистон шароитида ноёб нарса эди. Бердиёр ака бизнинг ташкилотимизнинг беғараз ёрдамини баъзи одамларга айтиб берган бўлиши мумкин. Одатда бундай гаплар тез тарқайди ва жамоат фикри шакллана бошлайди. Бу эса кимларгадир ёқмаган бўлиши мумкин.
Толиб Ёқубов,
ЎИҲХЖ фахрий президенти
Fikr bildirish