Мўътабар Тожибоева: Ўзбекистон бир кун келиб қийноқлардан ҳоли диёрга айланишига ишонаман

Президент Ислом Каримов раҳбарлик қилаётган Ўзбекистондаги авторитар тузумга қарши фуқаролик жамияти фаоллари бўлган эркаклар билан бир қаторда 20 йилдан буён аёллар ҳам курашиб келмоқда.

Сиёсат, журналистика, инсон ҳуқуқлари муҳофазаси ва бошқа жабҳаларда ишлаган бу аёллар ўзларининг фаол фуқаролик позицияси туфайли қамоқхона ва ҳибсхоналарга тиқилганлар, қийноқ қўлланган ҳолда сўроқ қилинганлар, режим хизматчилари томонидан хўрланганлар ва ҳақоратланганлар.

Ўзбекистон расмийлари кирдикорларига қарши чиққан ўзбек аёлларидан бири, “Ўтюраклар клуби” инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти раҳбари Мўътабар Тожибоева ўз фаолияти туфайли 2006 йилнинг 6 март куни саккиз йилга озодликдан маҳрум қилинган ва режимнинг кўпчиликка кўринмас юзини ўз кўзлари билан кўрган. Қийноқларга қарши конвенция қабул қилинганини 28 йиллиги муносабати билан “Жараён” сайтига берган интервьюсида Мўътабар Тожибоева қамоқхонада ўтказган машъум 970 кун ичида ўзи таниган режим қиёфасига чизгилар беришга ҳаракат қилди. 

Жараён: Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар ҳақида мустақил оммавий ахборот воситалари кўп ва хўб ёзишади. Бундай материалларда қийноқнинг шу қадар даҳшатли усуллари тасвирланадики, баъзан “бу ерда бирор муболаға йўқмикин?” деб ўйланиб қоласан киши. Матбуотни кузатиб бораётган ва айни пайтда бу каби ҳодисаларга шахсан дуч келган одам сифатида бу ҳақда нима дея оласиз?

Мўътабар Тожибоева: Ўзбекистон қамоқхоналаридаги қийноқлар ҳақида мустақил матбуот ҳар қанча ёритмасин, мамлакатдаги қийноқ кўламини тўлалигича қамраб ололмайди. Ўзбекистонда  нафақат қамоқхоналарда, балким тергов жараёнларидаги қийноқлар ҳақида берилаётган бу хабарларни “хамир учидан патир” дейиш мумкин. Чунки қийноққа солинган ҳар бир инсон ҳам далил туриб, ўзига нисбатан қўлланилган қийноқлар ҳақида гапириб, ҳаққини талаб қилмайди.

Бунга асосан ўша қийноқ қўлланилган инсоннинг онгига ўрнашиб қолган “буларни жиноятини исботлаш имконсиз, булар билан олишсам нафақат ўзимга, балким яқинларимга ҳам жабр қилиб қўяман” деган ҳадик ҳукмронлиги сабабдир. Чунки Ўзбекистондаги қийноқ қурбонлари ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиб чиққан пайтларида ҳам адолат ўрнатилганлиги ҳақида маълумотлар йўқ ҳисоби. Коррупция ботқоғига ботган давлатда ҳали-ҳозир бунингдек натижани кутиш ҳам амримаҳол. Қийноқ қурбонининг овозини ўчириш учун қийноқ қўлловчилар ҳеч қандай жирканчликдан тойишмайди, билишадики, уларнинг жиноятлари учун жазолайдиган механизм йўқ.

Ўзбекистон фуқароларининг ҳуқуқий билимлари етарли эмаслиги ҳам қийноқ қўлловчилар учун жуда қўл келади.

Ўзбекистон ҳукумати мамлакатдаги қийноқлар систематик равишда эканлигини тан олмас экан ва қийноқ қўлловчи маъмурий органлар вакилларини жиноий жавобгарликка тортишни қонун йўли билан таъкидламас экан, қийноқ механизми бехато ишлаб тураверади.

Мамлакатда қийноқнинг систематик равишдалигини исботлайдиган яна бир далил борки, бунга жамоатчилик эътиборини кучайтириш керак, деб ҳисоблайман:

Эътибор берсангиз, диний экстремизмдами, терроризмдами, қотилигу, босқинчилик жинояти содир этганликдами айбланиб, узоқ йилларга қамоқ жазосига ҳукм қилинаётган инсонларнинг кўпчилик қисми айнан мана шу жиноятга алоқадорликда гумонланиб, ҳибсга олингунча, сохта ҳужжатлар асосида маъмурий жавобгарликка тортилиб, суднинг қарори билан 10 ёки 15 суткага қамалган бўлади. Мана шу бир неча суткалик ҳибсдалик пайтида у жиноятчиликка қарши курашиш бўлимларида ишловчи барзангиларнинг буларга қарши қўллаган энг даҳшатли қийноқлари сабабли қилмаган жиноятларини бўйниларига олишга мажбур бўладилар.

Ташкилотимиз анчадан буён халқаро ташкилотларга мана шу ҳолатга жиддий эътибор қаратиш кераклигини таъкидлаб келмоқда. Жиноят ишида гумонланувчи сифатида ишга жалб қилишдан олдин шахснинг маъмурий жавобгарликка тортилганми- йўқмилиги, маъмурий жавобгарлик учун жазо сифатида бир неча сутка ҳибсда сақлашга суд қарор чиқарган-чиқармаганини аниқлаш зарур. Қийноқ қўллашнинг энг кенг тарқалган усули мана шу бўлади.

БМТнинг мажлисларида ҳам, ЕХҲТ йиғилишларида ҳам 72 соатлик ушлаб туриш муддатига риоя этилиши кўп муҳокама қилинадиган мавзулар қаторига киради. Лекин 15 суткалик ҳибсдалик пайтида ваҳший қийноқларни қўллаб, жиноят содир этганлик ҳақидаги иқрорномага имзо чектириб олингандан кейин албатта 72 соатлик ушлаб туриш қоидасини бузишга ҳожат бўлмайди-да.

Бизнинг ташкилот 2004-2005 йиллардаги бир йиллик фаолияти давомида маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда айбланиб, жавобгарликка тортилиб, 10-15 суткалик қамоқ жазосига ҳукм этилган ва айнан мана шу муддат ичида қийноқлар қўлланиш натижасида содир этмаган қотиллик, босқинчилик, номусга тегиш каби ўта оғир жиноятларни зиммасига олишга мажбур қилинган инсонларни маъмурий жавобгарликка тортиш пайтида фоҳишалар, наркоманлар ва наркотик модда сотувчи кимсалар каби маъмурий органларнинг агентлари жабрланувчи бўлиб ўтганлигини, аслида бу шахслар ҳеч қандай маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этмаганларини, бу маъмурий жавобгарликка тортиш содир этилмаган ўта оғир жиноятларни зиммаларига қўйиш мақсадида уюштирилганлигини исботлаб берганмиз ва кўплаб йигитларнинг ҳибсдан озод қилинишига эришганмиз.

Мисол тариқасида келтирсам: Фарғона вилояти Ўзбекистон туманининг Яйпан шаҳридан бўлган Намоз Усмонов ва Иқбол Сатторовлар қотиллик ва ўғрилик, Охунбобоев тумани Пахтакор қишлоғидан бўлган Нуриддин Соҳибоев номусга тегиш, Бувайда туманидан бўлган Зафар Обидов қотиллик, Охунбобоев тумани Оқтепа қишлоғидан бўлган  Салимбек Раҳимов қотиллик, талончилик, босқинчилик, фирибгарлик, товламачилик, фарғоналик Улуғбек Абдураҳимов қотиллик жиноятини содир этганликда айбланаётган эдилар.

Кўпчилигининг ҳимояси учун прокуратура ва Ички Ишлар бўлимларининг «штатдаги» адвокатлари терговчилар томонидан жалб қилинганди ва уларнинг аксарияти бу ўта оғир жиноятларни содир этганлик»ларини адвокатларининг саъй-ҳаракатлари билан «тан олгандилар» ҳам. Уларнинг иқрорлик кўрсатмалари видеотасмаларга ҳам олинган эди. Баъзилари эса ўзлари хоҳлаган одам ҳимоячи сифатида ишда иштирок этмагунча ҳеч қандай кўрсатма бермасликларини айтиб, фикрларида қатъий тургандилар. Ҳар қандай қийноққа дош бериб, бу жиноятларга ўзларининг дахли йўқлигини таъкидлайверганлар.

Юқорида номлари келтирилган фуқароларнинг оила аъзолари ташкилотимизга мурожаат қилиб, жиноят ишида жамоатчи ҳимоячи сифатида туҳматга учраган яқинларини ҳимоя қилишга ёрдам беришни сўраганлар. Натижада улар барчаси озодликка чиқарилдилар. Терговчилар ва «штатдаги» адвокатлар эса фош бўлдилар.

Менинг ўзим ҳам қийноқ қурбони сифатида БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитасига шикоят тайёрлаб топширишга эришдим. Бу ишда Инсон ҳуқуқлари Ҳалқаро Федерацияси ва бош қароргоҳи Лондонда жойлашган Редресс инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари кўмак бердилар. Шунингдек, аёллар қамоқхонасидаги маҳкумаларга нисбатан қўлланиладиган қийноқлар, ғайриинсоний муносабатларни бугунги кунда инглиз тилига таржима қилиниб, ғарб давлатларида чоп этилиши кўзда тутилаётган “Қийноқлар ороли асираси” номли китобимда атрофлича ёритиб берганман.

Жараён: Озод бўлганингиздан бери қамоқхонадаги ҳаёт ҳақида кўп бор ўйлаган ва кўрган-кечирганларингизни обдон таҳлил қилган бўлсангиз керак. Биз учун маҳбусларни қийноққа солувчи қамоқхона нозирларининг шахсияти ва зеҳнияти ҳам қизиқ. Ким эди улар? Кўзлари қанақа эди уларнинг? Бу кўзларда қийноқ пайти завқ акс этармиди ёки иложсизликдан таассуфми?

Мўътабар Тожибоева: Биласизми, аёллар қамоқхонасидаги қийноқ қўлловчи кимсалар билан тез-тез тўқнашардим. Мен аёллар қамоқхонасида биринчи рақамли “ашаддий жиноятчи” ва “ашаддий ҳуқуқбузар” ҳисобланардим. Қамоқхонада бир неча марта қамалган ва муддатидан олдин озод қилинмаслигини биладиган, шунинг учун ҳеч нарсадан тап тортмайдиган маҳкумалар “злосний нарушитель” ҳисобланадилар ва улар қамоқхона ички тартиб-қоидасини бузишдан чўчимайдилар. Бошқа маҳкумалар эса бу нарушителлар билан тўқнаш келишдан ўзларини сақлайдилар. “Қўрқса, ҳурмат қилади” деганларидек, бошқа маҳкумалар бу нарушителлардан чўчишлари табиий эди. Чунки нарушителлар бир йил ичида бир-икки мартадан 5 ёки 10 суткадан изоляторларга қамалардилар, бошқа маҳкумалар изоляторга тушиб қолишдан жуда қўрқишарди.

Менга нисбатан эса 2006 йил июль ойидан бошлаб 2007 йилнинг июнь ойигача бир йиллик муддат ичида 20 дан ортиқ интизомий жазо қўлланилиб, бу вақт ичида 112 сутка изолятор ва карцерга қамалганман. Қамоқхона бўйича энг кўп интизомий жавобгарликка тортилган ва изоляторга, карцерга қамалиш бўйича энг юқори кўрсаткичга эришган “тартиббузар” эдим. Бундан ташқари, қамоқхона маъмурларининг мени руҳан ва жисмонан синдириш учун қўллаётган ҳар қандай қийноқларига дош бериб, уларнинг йўриғига юрмаётганим учун ҳам маҳкумалар ўртасида ҳурматим ошганди. “Злосний нарушител”ларнинг ҳаммасидан ўзиб кетганимни, яъни изоляторга қамалиш сони ва муддати бўйича ҳам, интизомий жавобгарликка тортилиш бўйича ҳам биринчилик мени қўлимда эканлигини  тан олишарди ва “супер злосний нарушатель”, “паханимиз” деб ҳазиллаширарди.

Шундай қилиб, нарушителлар рўйхатининг ҳам биринчи қаторида турардим, қамоқхонадаги “ваҳҳобийлар” рўйхатининг ҳам бошида ҳам ўзим эдим.

Дарҳақиқат, қамоқхонада алоҳида “ваҳҳобийлар” рўйхати мавжуд эди ва ҳар ярим соатда бир мартадан рўйхатдаги “ваҳҳобий”ларни махсус текшириб туришарди. “Вахабисти” деб кириб келарди ишлаб турган жойимизга аввал ДПНК бошлиғи бўлган ва қамоқхонадаги наркоман маҳкумага наркотик модда ва шприц келтириб бераётган пайтида қўлга тушиб, лавозимидан пасайтирилиб, ишлаб чиқариш зонаси мастерига айланган Римма Абдуллаевна Рустамова.

У шаҳдам қадамлар билан бригадага кириб келар ва бор овози билан “Вахабисти” деб бақиргач, биринчи бўлиб нафрат билан менга тикилиб, “Таджибаева” дерди. Мен сафдан олдинга чиқиб, “Мутабар Ибрагимовна” дердим ва ҳукмда ёзилган 13 та статьяни бирма-бир санаб кетардим. Бошқа бригададагиларни ҳам текшириши кераклиги важиданми, бундай текширишлар ҳар ярим соатда такрорланиши сабабми – ҳар доим статьяларимни санашимга ғаши келиб, иккинчи ёки учинчи моддага келганимда жуда ҳам баланд овоз билан навбатдаги “ваҳҳобий”нинг фамилиясини айтарди.

Зомбига айланган, асли аёл зоти дейишга тил бормайдиган, маҳкумаларни камситиб, ҳақоратлаб, уларга қийноқлар қўллашдан чўчимайдиган муассаса вакиллари ишга келадиган кунларда маҳкумалар жуда эҳтиёткор бўлиб қолишади. “Бугун кечқурун Ложканинг сменаси”, “Бугун Назира навбатчиликда бўлади” деб бир-бирларини хушёрликка чорлашарди маҳкумалар. Қамалган аёлларни инсон ўрнида кўрмайдиган, онаси тенги маҳкуманинг устидан масхара қилиб, уни камситиб, роҳатланадиган бундай кимсаларни кўрганимда доим уруш йилларига бағишланган фильмлардаги асира олинган совет аёлларни азоблаб, таҳқирлаб роҳатланадиган гестапочи ходималар кўз ўнгимда гавланарди. Агар улар ишга оиласидаги келишмовчиликдан ёки жазманидан дили ранжиб келган бўлса, урди Худо – бор аламларини маҳкумалардан олишарди.

Менга нисбатан қийноқ қўллашда ташаббускорлик кўрсатган ва фаол иштирок этган муассаса вакилларининг кўзларидан англаб олардимки, улар ниманидир режалаштиришаяпти. Уларнинг овга чиққан йиртқичнинг кўзидек чақчайган кўзларидан, истеҳзоли кулишидан аллақандай фитнани режалаётганларини сезиш қийин эмасди.

Баъзан эса уларнинг на кўзидан, на юз тузилишию, мимикасидан бирон-бир нарсани сезиб олиш амримаҳол, шундай пайтда ёмонлик учун яратилган ва ҳис-туйғусини ошкор қилмайдиган роботларни эслатишарди улар.

Мен ана шундай кимсаларнинг доимий нишони эдим. Уларга кўпроқ ташқаридан ҳам казо-казолар қўнғироқлар қилиб, менинг “эсимни киритиб қўйиш” ҳақида топшириқ беришларидан ҳам хабарим бор эди.

Ўша пайтдаги Сенатнинг Мудофаа ва хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари бўлган, Олий мажлиснинг 23 май 2005 йил кунги қарори билан тузилган Андижон воқеалари бўйича текширувлар олиб борувчи 16 нафар мустақил комиссия вакилларидан бири бўлмиш, 2003 – 2004 йилларда Фарғона вилоят прокурори биринчи ўринбосари лавозимида ишлаган пайтида “Ўтюраклар клуби” томонидан қийноқларнинг асосий ташаббускори эканлиги кўпгина далиллар билан фош бўлган, унинг жиноятлари ҳақида матбуотларда танқидий мақолалар чиқарганим сабабли ашаддий душманга айланган Маъруф Агзамович Усмоновнинг махсус телефон орқали берган топшириғи билан қийноқларни амалга оширганлар ўзларига ишониб топширилган юксак вазифани аъло даражада бажараётганларидан хурсандликларини яширмасдилар мендан.

Аёллар қамоқхонасига борганимдан кейин, ашаддий қотиллар ва охирги муддатдаги ҳаётларини яшаётган аламзада гиёҳвандлар сақланадиган қамоқхонанинг руҳий касалликлар бўлимидан озод қилинганимдан икки уч кун ўтгач (22 июлда эди шекилли), мени биринчи марта изоляторга қамаганлар.

Кечки пайт туркумдаги маҳкумалар билан телевизор кўриб ўтирганимизда Ҳарбий назоратчилар бошлиғи Лашкарёва Елена 3 нафар назоратчи ҳамроҳлигида важоҳат билан туркумга кириб келди ва тўғри мен ўтирган шконка олдига келиб, ҳеч бир изоҳ бермай, қўлимга кишан солди ва қўлимдан тортиб, олиб чиқиб кета бошлади.

Маҳкумалар шовқин кўтариб, нимага бундай қилаётганини сўрашганда: “Потому что она нарушитель. Она не хотела быть в психотделении. Хорошо, тогда её место будет в изоляторе и думаю это будет вечно!»  деган мазмунда гапирди ва бор овози билан кулиб, мени судрай бошлади. Кишан солинган қўлимнинг оғриғига чидолмай, “Қўйиб юборинг, ўзим юраман” десам, “Вот смотрите. Сказали что, она такая! Ничего, если они не смогли её “воспитать”, мы сможем» деб олиб чиқиб кетиб, изоляторга қамади. На бирор-бир нарсани тушунтирди, на қамалиш сабабини айтди. Шу куни кечаси мени интизомий жазога тортиш ҳақидаги қарор расмийлаштирилмагани сабабли менга кечаси ухлашим учун мартац берилиши “мумкин эмас” экан.

Ухлаш учун шконканинг ҳам пастки қаватини эмас, тепа қаватини очиб беришган. Шконканинг пастки қавати очилмаса, тепа қаватига чиқишнинг умуман имконияти йўқ. Шундай бўлишига қарамасдан, шконкани очиб беришмаган. Докторни талаб қилганимда, навбатчиликка келган доктор аёлга ҳуқуқимни бузишга ҳаққилари йўқлиги, ухлашим учун нормал шароит қилиб беришлари лозимлигини айтганимда, “Ўҳҳў, тиллари бир қарич-ку. Эҳтиёт бўлинг, тилингизни кесиб, қўлингизга беришмасин тағин” дея истеҳзоли кулиб, изолятордан чиқиб кетганди.

Қийноқ қўлловчилар ичида қамоқхонада ишлайдиган шифокорларнинг фаол иштирок этиши эса фожеалидир. Чунки улар маҳкуманинг аҳволи қанчалар оғир бўлмасин, уни тиббий кўрикдан ўтказмасдан туриб, кўзларини лўқ қилиб, “маҳкума соппа-соғ, ишлаб чиқариш зонасида узлуксиз ишлаши мумкин” ёки “махкуманинг соғлиги яхши, изоляторга қамашга рухсат бераман” мазмундаги ҳужжатларни расмийлаштиришга виждонлари йўл қўяверади.

Аёллар қамоқхонасининг бош врачи Юлья Юрьевна Кумарина, руҳий касалликлар бўлими бошлиғи Бахтиёр Тошхўжаев, тиш доктори Муҳаббат (фамилияси ёдимдан кўтарилди) менинг соғлигим ёмонлашиб, ногирон бўлиб қолишимга катта ҳисса қўшган “оқ халатли жиноятчилар” десам, хато қилмаган бўламан.

Эсимда, 2007 йилнинг сентябрь ойида аҳволим оғирлашиб, ётиб қолгандим. Ҳатто кунига уч марта бўладиган текширувларга ҳам чиқолмай қолгандим. Бош врачга қилинган мурожаатлар оқибатсиз қоларди. Бошқа докторлар эса касаллик варақам бош врачнинг сейфида эканлиги сабабли мени текшириб, муолажа қила олмасликларини айтардилар.

Туркумдаги маҳкумалар мени адёлга солиб, бош врачнинг олдига олиб киришганда, аянчли аҳволимни кўрган Юлья Юрьевна қувончини яшира олмасди ва ҳозирда ҳисоботлар ёзиш билан бандлигини, қўли бўшаганда ўзи чақиртиришини таъкидларди. Ўша пайтларда унинг кўзларида мен тортаётган азоблардан роҳатланишни ўқирдим ва “Мени олиб чиқиб кетинглар”, дердим.

Шифокор кўригидан ўта олмаганим ва юра олмаётганим сабабли ошхонага овқатланишга бора олмасдим, шу сабабли мени нафақат оғриқ, балки очлик ҳам азобларди. Туркумга нон олиб келиб беришларига эса бош врач рухсат бермасди.

Қишнинг аёзли кунларида мени умуман иситилмайдиган изолятор камерасига қамашларидан олдин ёки қамаганларидан кейин камеранинг ёпиқ турган клёнкаларни атайлаб олиб ташлашарди. Аёллар қамоқхонасига июль ойида борганим, оила аъзоларимдан бир йил ичида умуман ҳеч қанақа озиқ-овқат, иссиқ кийим-кечак қабул қилинмаганлиги, учрашувларга рухсат берилмаганлиги туфайли 2006 йилдан 2007 йилгача қишги мавсумни бирор-бир иссиқ кийимсиз, пайпоқсиз ўтказганман ва айнан ана шу вақт мобайнида умрим асосан изоляторларда ўтган.

Изолятор биноси ишламаслиги сабабли ойнаси ёпиқ камерадаги маҳкумаларга иккитадан адёл берсалар, менга юпқагина бир дона адёл берардилар. Менга ҳам иккита адёл беришларини сўрасам, “Маҳкума Тожибоева, бундай ҳолатга тушишингга ўзинг сабабчисан, буни яхши биласан”, деб мийиғларида кулишарди. Ҳам юпун кийимда, ҳам деразаси очиқ камерада сақлашлари боис аҳволим борган сари оғирлашарди. Кечалари билан ҳам очлик, ҳам қаҳратон совуқ мени аста-секинлик билан еб борарди. Ўша пайтларда мен Оллоҳга нола қилардим, “бундай азобларнинг якуни борми?” дея ич-ичимдан йиғлардим.

2006 йилнинг 10 ноябрь куни оила аъзоларим узоқ муддатли учрашувга келишлари керак эди. Мени эса 1 ноябрь куни 15 суткага изоляторга қамадилар. 16 ноябрь куни кундузида изолятордан озод қилиб, орадан 2 соат ўтар ўтмас 10 суткага қамадилар. 27 ноябрда изолятордан озод қилиб туриб, 28 ноябрь куни эрталаб яна қамадилар 15 суткага. Шу пайтларда қизим янгигига туғилган набирам Зебони олиб, укам Расулжон билан зона эшиги тагидан кетмасдан мен билан учраштиришларини талаб қилиб юрганлари ҳақида эшитгандим. Мен ҳам учрашув, ҳам иссиқ кийим бошга зорлигим сабабли учрашув беришларини интиқлик билан кутардим. Лекин улар учрашув бермадилар. Кейинчалик 1 февраль куни келсалар, учрашув беришларини ваъда қилишибди. Менга ҳам 1 февраль куни яқинларим билан албатта учрашишимни айтишди. Қиш қаҳратонида юпун ҳолда юришга мажбур бўлганим учун аҳволим ниҳоятда оғирлашган, кечалари тинмасдан йўталиб чиқар, тез-тез иссиғим кўтарилиб, ўзимни беҳол сезардим.

1 февраль куни уйимдагилар билан учрашиш ва улар олиб келадиган иссиққина кийимларни кийишни, “улар олиб келадиган овқатлар, мева-чевалар, нондан тўйиб-тўйиб ейман” деб, орзу қилиб кутаётганимда мени ДПНКга чақиртиришди ва қамоқхона ички тартиб қоидасини бузганлигим учун изоляторга қамалишимни айтишди. Изоляторга олиб кирганларида елвизак жойга мени туришга мажбур қилишиб, уст-бошимдан бирор нарса қолдирмай ечишга ва анча муддат онадан туғилгандек ҳолатда сквознякда туришга мажбур қилишди.

ДПНК бошлиқ ўринбосари Пшеничникова Ольга тишим-тишимга тегмасдан титраётганимни кўриб, абгор аҳволимдан завқланаётганини яшириб ҳам ўтирмади. Иситмам кўтарилиб, ҳушимдан кетганимдан кейин эса судраб изоляторга қамашган. Судраб кетаётганларида баданимни шилаётган асфальтнинг совуғидан ўзимга келганимни эслайман.

1 март куни 7 суткага қамаган кунлари мени қамашган изолятор камерасида маҳкумалар рўмолининг кесилган бўлагини икки четига йўғон арқон боғланиб, рўпарамга қўйиб қўйилганини кўрганимда ўзимни осиб ўлдиришим учун ҳамма шароитлар муҳайё қилиб қўйилганини тушундим. Шконканинг пастки қисми эса камера панжарасига арқонни боғлашим қийин бўлмаслиги учун очиқ қолдирилганди. Агар ўзимни осадиган бўлсам, пастки шконка халақит бермасди. Мен темир эшикни тақиллатиб, кормушкани очган Лашкаревага дор учун тайёрланмиш арқон боғланган рўмол бўлагини узатдим ва “рўмолчангни унутиб қолдирибсан”, дедим. Ўша пайтда унинг кўзларида режаси амалга ошмай қолганидан қаттиқ афсусланиш ва нафрат ҳиссини сезгандим.

Турмуш ўртоғи билан бирга яшаса-да, ГУИН амалдорларининг бирининг жазмани бўлмиш тезкор бўлим вакили – асли фарғоналик Гули Аҳмаджонова айнан Фарғона вилоятидаги амалдорларнинг топшириғига биноан менга нисбатан қийноқлар қўллар ва қанчалик хўрлаб-ҳақоратласа, шунчалар шодланарди. Бир куни у билан қаттиқ тўқнаш келгандик ва қамоқхона бошлиғи Раъно Тошхўжаеванинг қабулида “Шу ёшга кирганда набирангни боқиб ўтиришинг керак. Набираларинг “халқ душмани”нинг набираси сифатида сендан нафратлашлари аниқ. Ўзингни тутишингни қара, статьяларингни кўплигидан уялиш ўрнига кериласан.

Биласанми, шу аҳволингда бу ердан тирик чиқмайсан” дея ўшқирганида, унга жавобан “Бир пайтлар Тожихон Шодиеваю, Усмон Носирларни ҳам сизга ўхшаган лейтенантчалар “халқ душмани” дея қамоқхоналарда тахқирлашган, ҳақоратлашган. Бугун ўша лейтетантларни биров эсламайди ҳам. Тожихон Шодиева, Усмон Носирлар халқ қахрамонларига айланганлар” деганимни биламан, менга важоҳат билан ташланишга ҳозирланаётган ёввойи мушукдек ҳурпайди…

Лекин қамоқхона ходимлари ичида маҳкумаларга юрак-юрагидан ачинадиганлари ҳам бор эди. Масалан, изолятордаги бир навбатчи назоратчи аёл кеча навбатчиликни тугаллаб, кечки пайт ишдан қайтаётган паллада мени изолятордан озод қилган бўлсалар, эртасига тунги сменага келиб, навбатчиликни қабул қилиб олаётганида яна мени камерада кўрарди ва ҳеч кимдан яширмасдан “оҳ” дерди. Мен унга қараб, жилмайишга ҳаракат қилиб, “яхшимисиз?” десам, “сизни яна шу ерда кўрдим, шунинг учун аҳволим ёмон” дерди ўксиниб.

“Менинг қайнонам нафақадаги ўқитувчилар, сиз ҳақингизда кўп гаплашамиз улар билан. Кейин улар ББС, Озодликни эшитишни яхши кўрадилар, сиз ҳақингизда мендан кўра кўпроқ янгилик биладилар. “Иш жойингизда Тожибоевани кўп қийнашяпти экан, жон болам, сиз асло аралашманг бу қийноқларга, қўлингиздан келса, ёрдам беринг” деб менга айтиб турадилар. Билсалар экан ичим қанча ачигани билан сизга ҳеч қандай ёрдам бера олмаслигимни.

Чунки сиз билан гаплашадиган маҳкумаларнигина эмас, ходимларни ҳам қаттиқ назорат қиладилар, сиз билан мулоқотга кирмасликни, бирор-бир масалада ёрдам бермасликни уқтириб турадилар” деганди у эрта тонгги 5 да “зоопарк” деб аталувчи изоляторнинг очиқ майдонида оёқ яланг, биргина ёзги халат билан сайр қилишга олиб чиқишга мажбур бўларкан.

“Тожибоева ҳозир кормушкангизни очиб, сизга асал чой билан бир бурда нон бераман, тезлик билан нонингизни еб, чойни ичасиз-да, крушкани менга тезлик билан кайтариб берасиз. Агар кимдир билиб қолса, ўламан, ишдан ҳайдаламан” деб огоҳлантириб кетиб, бироздан кейин “Маҳкума Тожибоева, туринг ўрнингиздан, туринг деяпман сизга, ётманг” дея бақириб, шанғиллаб кормушкамни очиб, нон билан асал чойни бериб, кормушкага дубинкаси билан уриб, бақириб-бақириб кетарди яна бир аёл навбатчиликка келган кунида.

Ишлаб чиқариш зонасида ишлаб ўтирсак, “Маҳкума Тожибоева, қани бу ёққа, бўлинг тез, нима изоляторни соғиниб қолдингизми?” деб ўшқириб мен томонга келаётган муассаса ходимини кўрган ёнимдаги махкумалар хушёр тортиб, менга раҳмлари келиб қарашарди. Назоратчининг ёнига борганимдан кейин қўлимга бир дона шоколад ёки бошқача бир қанд ёки сақич бериб, “анавилар билишмасин, биласиз-ку, маҳкумалар ичида айғоқчилар кўп” деб, нари кетарди яна бири.

2007 йил 8 март куни 15 суткалик изолятордан чиққанман, соғлигим жуда ҳам ёмон. Яна жазолаш мақсадида мени бир буханка нон ўғирлаганликда айбламоқчи бўлдилар. Назоратчи Ирода бу фитнада ташаббускор бўлди. Мени ДПКНга судраб олиб боришди… Шундай бўлдики, улар нон ўғрилигини бўйнимга қўйишга қўрқдилар. Чунки мен уларга ҳар қанча қалбаки ҳужжатлар билан мени айблаб қамашларига чидаётганим, лекин нон ўғриси қилишларига йўл қўймаслигимни айтганимдан кейин эртасига эрталаб матрацим тагидан 6 дона юрак дориси “топиб”, бир ойга карцерга қамашди.

Карцерга қамаганларидан кейиноқ мен қамалган камера кормушкасини очган Ирода: “илтимос, мени қарғаманг, мени қарғиш уриб, ёлғизгина боламдан айрилганман. Мен қарғишдан қўрқаман. Сиздан ялиниб сўрайман, қарғаманг мени. Мен нима қила олардим, топшириқни мен бажармасам, бошқаси бажаради” деб ўксиб-ўксиб йиғлагани ҳамон эсимда.

Ходимлар ичида фақат ойлиги кўплиги ва маош ўз вақтида тўланиши сабаблигина бу қамоқхонада ишлаб юрганлари кўпчиликни ташкил этади. Яъни улар маҳкумаларга нисбатан қийноқ қўллашга кўнмайдилар эмас, эплай олмайдилар, бундай ходималар барибир иккинчи планда қийноқларда иштирок этишга мажбурлар. Қийноқ қўллашга ва сохта ҳужжатлар расмийлаштиришга моҳир бўлиб кетган, топшириқни ортиғи билан бажаришга ошиқадиган муассаса ходимлари эса кўпчиликни ташкил қилмайди. Лекин ўша озчиликнинг жиноятлари кўпчиликнинг ўрнини босиб кетади.

Муассасанинг баъзи вакиллари менга нисбатан қўлланилаётган қийноқларда бевосита иштирок этаётганидан азоб чекаётганларини уларнинг кўзларидаги ачиниш ҳиссидан, милтиллаб кўзлари ёшланганидан сезиш мумкин эди. “Тожибоева, нима қиласиз шулар билан олишиб, буни ўрнига айтган ҳужжатларига қўл қўйиб бериб, озодликка чиқиб кетмайсизми? Бунақада ўлдириб юборишади-ку” деб шипширди баъзан менга раҳми келган ва атайлаб мени тинтув қилиш учун тўхтатгандек бўлган ходималар.

Аёллар қамоқхонасининг қийноқ қўлловчилар сафининг олдини қаторларида бўлган тартибот бўлими бошлиқ ўринбосари Светлана Карнаухова, назоратчи Назира Аҳмедова, ҳарбий бўлинма бошлиғи Манзура Усмоноваларнинг кирдикорлари ҳақида алоҳида материал қилиш керак, деб ҳисоблайман. Чунки қамоқхоналардаги ходимлар айнан маҳкумларнинг қийнаш ижрочилари ҳисобланадилар ва уларнинг қийноқлари натижасида фожеали ўлим топаётган маҳкумлар сони камаяётгани йўқ. Биз қийноқ қўллашда иштирок этадиган кимсаларнинг қанча кўп фош қилсак, жамиятга шунча фойда келтирган бўламиз, деб ҳисоблайман.

Жараён: Ўзбекистон қамоқхоналаридаги маҳбусларга нисбатан қийноқларнинг турфа хиллари ҳақида кўп ўқиймиз ва эшитамиз. Айтингчи, фақат аёлларгагина нисбатан қўлланиладиган хос қийноқ турлари ҳам борми?

Мўътабар Тожибоева: Ўзбекистонда фақатгина аёлларгагина нисбатан қўлланиладиган қийноқларнинг энг даҳшатлиси унинг номусига тажовуз қилишдир. Энг ачинарлиси шундаки, умумий қийноқ қурбонларининг фақат 2-3 фоизигина натижаси бўлмаса-да бир кун ҳақиқатга эришиш мақсадида курашадилар. Номусига тажовуз қилинган аёллар эса умуман бу ҳақда гапира олмайдилар.

Ҳукумат вакиллари томонидан уюштирилган жинсий зўрлаш қурбонлари яна бир сабабдан бу ҳолат ҳақида айта олмайдиларки, зўравонлар бўлиб ўтган бу мудҳиш воқеа ҳақида кимгадир айтгудек бўлса, қизи, онаси, опа-сингиллари бошига шу кун тушишини айтиб қўрқитадилар. Агар кимгадир арз-дод қилгудек бўлса ҳам қўлидан ҳеч нарса келмаслигини айтадилар. Маст ҳолатдаги бир нечта милиционер томонидан зўрланган ва оқибатда ҳомиладор бўлиб қолган Соатованинг иши бунга бир мисол бўла олади.

Мен диний эътиқоди учун қамалган турмуш ўртоғига қарши кўрсатма беришга рози бўлмагани учун бир муслима аёлни махсус хизмат ходимлари ўртага олиб, яланғоч қилиб, жинсий аъзосига бутилка тиқиб, таҳқирланганликлари ҳақида унга яқин бўлган маҳкумалардан эшитганман. Унинг ўзи билан гаплашган пайтимда эса ўша кунларни эслашни истамаслигини, бунингдек ғайриинсоний қилмишларнинг Худо кўриб билиб турганлигини, бир кун келиб улар ўз қилмишлари учун жазоланишларига ишониш унинг руҳига таскин беришини айтиш билан чегараланганди. Ўша пайтда унинг кўзларидаги мунг, изтиробни кўриб, кичкинагина жуссали бу маъсума аёлнинг ўша пайтдаги ҳолатини кўз олдимга келтиргандим. Мен унинг ҳолатини жуда яхши ҳис қилиб турардим, чунки ўзим ҳам ана шундай зўравонлик қурбони эдим.

Аппеляция судлови пайтида судга ёзма равишда шикоят қилиб, 2005 йилнинг 15 апрель куни Тошкентнинг катта трасса йўлида таксида ИИВда бўладиган матбуот конференциясида қатнашиш учун кетаётганимда ўғирлаб кетганлари ва кўриниши қўрқинчли уч кимсанинг ўртасига ташлаб берганлари, улар мени азоблаб, зўрлаганликлари ҳақида айтиб, бу бўйича жиноят иши қўзғатишни талаб қилганимда суд бу фожеага эътибор ҳам қилмаганди.

Мен Тоштурмада сақланаётганимда бир воқеанинг гувоҳи бўлгандим:

Ҳукуматнинг кийноқ қўллашда иштирок этувчи махсус армияси вакиллари бўлмиш лесбиянка маҳкумалар Максимова Елена ва Шаипова Гулнозалар диний эътиқоди учун қамалган ва кўшимча тергов олиб бориш учун Тоштурмага келтирилган Сабоҳат Шерқуловани алоҳида камерада ўта ваҳшийлик билан қийнаганлари, уни ўз усуллари билан зўрлаганларида Сабоҳат опанинг дод-фарёди буткул турмани тутганини, у зўрланаётган камерага яқин камерада бўлган бошқа маҳкума аёллар исён кўтарганларидан кейингина уни тинч қўйишга мажбур бўлганларига гувоҳ бўлгандим.

Қиш қаҳратонида муассаса вакиллари уларнинг ноқонуний талабларини бажармаганликлари учун ёки эрталабки текширув пайтида Ўзбекистон Республикаси Гимнини айтмаганлари ёки яхши айтмаганлари учун маҳкумаларни бушлатларини ечиб олиб, изолятор биноси ичкарисидаги “зоопарк”ка қамаб, соатларча уларни “зоопарк”дан озод қилмасдилар. Совуқдан, тепадан шовуллаб ёғаётган қор ёки ёмғирдан шалаббо бўлган маҳкумалар “зоопарк” панжарасини силкитиб, дод солиб, иссиқ кийимларини беришларини ва бу ердан озод қилишларини сўраб йиғлардилар.

Ойнаси очиқ турган яхдек изоляторда юпун кийим билан дилдираб ўтирарканман, аёлларнинг фарёдларини эшитиб, менинг ҳам аҳволим баттар оғирлашарди. Чунки мен ҳуқуқ ҳимоячиси эдим ва ҳозирги ҳолатда нафақат қор тагида азобланаётган маҳкумаларга, балки ўзимга ҳам ёрдам бера олмаслигимдан изтироб чекардим.

Аёллар қамоқхонасидаги қийноқларнинг усулларига турлича.

Шуни айтишим жоизки, Оллоҳ томонидан яратилган нозик хилқат ҳисобланмиш аёл-маҳкумалар қамоқхонадаги ҳар бир кунини оч қолганда қорнини қандай тўқлаш ташвиши билан ўтказадилар. Бир дона оқ қанд учун ёнидаги маҳкуманинг ёстиғи тагига таъқиқланган нарса ташлаб, ўша маҳкуманинг изоляторга қамалишига сабаб бўладилар. Яъни муассаса вакиллари маҳкумаларни бир-бирларига қарши фойдаланадилар. Ақли жойида бўлган одам учун эса ёнингдаги кишининг сени арзимас матоҳ учун сотиб юборишга тайёрлигини билишдан ҳам ортиқ руҳий қийноқ йўқ.

Жараён: Нима деб ўйлайсиз, Ўзбекистон ҳам яқин келажакда қийноқлардан ҳоли, инсон ҳақ-ҳуқуқлари чинакамига қадрланадиган мамлакатга айлана олармикин?

Мўътабар Тожибоева: Ўзбекистондаги қийноқларнинг мўъжиза сабабли тирик қолган бир қурбони сифатида шуни айта оламанки, Ўзбекистонни қийноқлардан ҳоли, инсон ҳақ-ҳуқуқлари чинакамига қадрланадиган мамлакатга айланиши учун жуда қаттиқ ва жуда узоқ курашишимизга тўғри келади.

Энг аввало, Ўзбекистон ҳукумати мамлакатда қийноқлар систематик равишда эканлигини тан олмас экан ва қийноқ қўлловчи маъмурий органлар вакиллари жиноий жавобгарликка тортилишини қонун йўли билан таъкидламас экан, қийноқ механизми тўхтамайди.

Бундан ташқари, ғарб сиёсатчиларини Ўзбекистон билан муносабатда охирги ўринларда қолаётган инсон ҳуқуқлари муаммосини биринчи даражага кўтаришга мажбурлашимиз керак. Ҳар қандай учрашувларда, мулоқотларда инсон ҳуқуқлари масаласи энг устивор масала сифатида муҳокама қилиниши керак, деб ҳисоблайман.

Қамоқхонадалик пайтимда менга нисбатан тинимсиз қўлланилаётган қийноқларни кўрган маҳкумалар ўзимни ўзим қурбон қилаётганимни, бунинг натижаси ўта ёмон бўлишини айтиб, озодликка чиқиб кетиш имконидан фойдаланишимни маслаҳат берардилар. Баъзан изолятордан оғир аҳволда чиққан пайтимда мени маҳкам бағрига босиб, тирик қолиш учун ҳаракат қилишим кераклигини айтиб йиғлаган маҳкумаларни эсласам, ҳозиргача юрагим эзилади.

Ўша пайтлари мен уларга ҳақиқатга эришиш осон бўлмаслигини, лекин ҳақиқат ғалаба қилишига ишонишимни айтишдан чарчамасдим. Гапираётган гапларимга ўзимни ўзим ишонтиришга ҳаракат қилардим.

“Ҳақиқат, адолат баланд чўққидаги порлаб турган машъалага ўхшайди. Мана шу чўққидаги машъалага етишиш учун илонлару чаёнлар макон қилган чакалакзорлардан, ваҳший ҳайвонлар изғиб юрган сўқмоқлардан, қонхўр тимсоҳлар ов қидириб кезган ботқоқликлардан соғ-омон ўтишинг керак”, дердим. Яъни ҳақиқатга етишмоқ, адолатнинг ғалабасини кўрмоқ учун бунингдек азобларни кўришдан қўрқмаслигимни, ўз жонимни сақлаш учун дўстларимни, фикрдошларимни менинг ҳозирги ҳолатимга тушишларига йўл қўя олмаслигимни, ёлғиз ўзим шунча ғанимга қарши курашишга мажбурлигимни айтардим.

Қамоқдалик пайтимда муассаса вакилларига руҳим синмаганлиги, озодликка чиқишга ишонишимни билдириш учунгина қамоқдаги ҳаётимга бағишланган, уларнинг жиноятларини бутун дунёга фош қиладиган “Қийноқлар ороли асираси” номли китоб ёзишни ният қилганимни айтардим.

Мана қарангки, бугунги кунда мен ҳуқуқ ҳимоячилари сафидаман ва курашни давом эттирмоқдаман. Қамоқхонадаги қийноқ қўлловчиларнинг жиноятларини фош этувчи “Қийноқлар ороли асираси”ни ёзиб тугалладим. Бугунги кунда китобнинг таржима қилиш ва чоп этиш масаласи билан дунёдаги таниқли нашриётлардан бири шуғулланмоқда.

Мен бу билан нима демоқчиман: ишонч ва умид билан курашни давом эттираверсак, албатта бир кун келиб Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳурмат қилинадиган, ғайриинсоний қийноқлардан ҳоли бир диёрга айланади. Ана ўшанда юртимизнинг ҳақиқий мустақиллигини ўз миллатдошларимиз орасида туриб байрам қилишимизга ишонаман. Бунинг учун эса олдинда ҳали ўта оғир ва машаққатли курашлар турибди.

 

 

Тавсия этинг / Поделиться / Share:
  • Добавить ВКонтакте заметку об этой странице
  • Facebook
  • Twitter
  • Blogger
  • email
  • PDF
  • Print
  • RSS
  • Одноклассники
  • Add to favorites
  • В закладки Google
  • LiveJournal
  • Мой Мир

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

This site uses Akismet to reduce spam. Learn how your comment data is processed.