Ўзбекистон: Конституция кунида сиёсий маҳбусларга озодлик
Конституциянинг 20 йиллиги реал ислоҳотлар ўтказиш учун сабабга айланиши керак.
(Париж, 2012 йилнинг 6 декабри) – Мамлакат Конституцияси қабул қилинганига 20 йил тўлиши муносабати билан Ўзбекистон ҳукумати барча сиёсий маҳбусларни озод қилиши шарт, – дея билдирдилар ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳларининг вакиллари. Фақат сиёсий маҳбусларнинг озод қилинишигина Ўзбекистонда кенг кўламда реклама қилинаётган ислоҳотларнинг асл йўналишини кўрсатиб беришга қодир, дедилар ҳуқуқ фаоллари.
Мурожаатномани тўққизта халқаро ташкилот – Хьюман Райтс Вотч, «Freedom Now» гуруҳи, Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси, Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари ассоциацияси, Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳамкорлик, «Ўтюраклар клуби» инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро ташкилоти, АҚШ ПЕН маркази, АСАТ-France ва Инсон ҳуқуқлари халқаро федерацияси имзолаган.
“Журналистлар, ҳуқуқ ҳимоячилари, ёзувчилар, мухолифатчилар ва дин намояндалари тинч фаолиятлари учун судланганлар ва улар қамоқда ўтирмасликлари керак, – дейди Хьюман райтс вотч ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили Стив Свердлов. – Сиёсий маҳбусларни Конституция кунида озод этиш президент Ислом Каримов учун Ўзбекистондаги одамлар ва халқаро ҳамкорларга у чинакам ислоҳотлар йўлида қадам қўйишга ҳақиқатан ҳам тайёр эканини кўрсатиб қўйиш имкониятидир”.
Конституция кунида Ўзбекистон расмийлари анъанага биноан бир неча минг маҳбусга қўлланилиши мумкин бўлган амнистияни эълон қиладилар. Аммо сиёсий айбловларга кўра қамалганлар қарийб ҳеч қачон бундай амнистияга тушмайди. Бундан ташқари, ҳатто озод қилинган тақдирда ҳам, амнистия ноқонуний ҳукмларни бекор қилмайди. Ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳлари Ўзбекистон расмийларни инсон ҳуқуқлари ҳақидаги халқаро қонунчиликка мувофиқ маҳбусларга зарур тиббий ёрдам олиш имкониятини бериш ва оиласи билан учрашишга рухсат беришга чақирдилар.
Ҳозирги пайтда ҳуқуқни муҳофаза қилиш фаолиятидан ташқари бошқа бирор сабаб бўлмагани ҳолда қўйидаги ҳуқуқ фаоллари қамоқда экани маълум: Солижон Абдураҳмонов, Аъзам Фармонов, Меҳринисо Ҳамдамова, Зулхумор Ҳамдамова, Исроилжон Холдоров, Насим Исоқов, Ғайбулло Жалилов, Абдурасул Худойназаров, Эркин Қўзиев, Ғанихон Маматхонов, Зафаржон Раҳимов, Йўлдош Расулов, Дилмурод Саидов, Аъзам Турғунов ва Гулноза Йўлдошева. Айрим маълумотларга кўра, журналист Жамшид Каримов 2011 йилда мажбурий равишда ушлаб турилган руҳий хасталар касалхонасидан чиқариб юборилган, аммо ўшандан кейин у ғойиб бўлган. Бу журналист яна қўлга олиниб, тўла изоляцияда сақланаётгани ҳақида хавотир уйғотади.
Айрим маҳбусларнинг соғлиғи жиддий ташвиш уйғотмоқда ва улардан камида етти нафари қамоқхонада аёвсиз муносабат ёки қийноққа дучор қилинган. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) бўлинмалари маълумотлари ва Хьюман Райтс Вотчнинг яқиндаги ҳисоботида келтирилишича, Ўзбекистон қамоқхоналарида маҳбусларга нисбатан қийноқлар ва аёвсиз муносабат кенг кўламда ва мунтазам равишда қўлланилади.
Фуқаролик жамияти Турғунов 2008 йилда сохта айблов билан ҳибсга олинганидан кейин сўроқ чоғида ёлғон иқрорномани имзолашдан бош тортганидан сўнг милиция зобити унинг елкасига қайноқ сув қуйиб юборганига оид ҳодиса маълум. Ўша пайтда айбланувчи ҳушидан кетиб қолган ва қаттиқ куйган. Турғунов суд залида куюк изларини кўрсатганига қарамай, судья маҳбусни ҳеч ким қийноққа солмагани ҳақидаги аризасини эътиборга олишни маъқул кўрган.
Бундан ташқари, қамоқхонада сиёсий айбловлар билан қуйидаги машҳур ёзувчилар, зиёлилар ва мухолифатчилар сақланмоқда: Исҳоқ Абдуллаев, Азамат Азимов, Муҳаммад Бекжонов, Ботирбек Эшқўзиев, Руҳиддин Фахрутдинов, Хайрулла Ҳамидов, Баҳром Ибрагимов, Мурод Жўраев, Даврон Қобилов, Мамадали Қорабаев, Матлуба Каримова, Самандар Қўқонов, Мамадали Маҳмудов, Ғайрат Меҳлибоев, Юсуф Рўзимуродов, Рустам Усмонов, Равшанбек Вафоев ва Акром Йўлдошев.
Ўзбекистон ҳукумати минглаб мустақил фикрли мусулмонлар ва давлат назорати остида бўлмаган диний ташкилотга аъзо бўлган бошқа динлар вакилларини «диний эктремизм», «конституциявий тузумни ағдаришга уринганлик» ва «ноқонуний диний адабиёт сақлаганлик» каби мужмал айбловлар билан судлаб, уларни қамоққа тиққан. БМТнинг ўзбошимчалик билан ҳибсга олишлар бўйича ишчи гуруҳи яқинда Ўзбекистон ҳукумати ўз фуқароларининг ифода эркинлиги юзасидан фундаментал ҳақ-ҳуқуқларини амалга оширганлик учун жазолаган ҳолда ўз халқаро мажбуриятларини бузган, деган хулосага келган.
«Халқаро ҳуқуқ ва Ўзбекистоннинг ўз конституцияси сўз ва виждон эркинлиги, йиғилиш ва эътиқод эркинлиги каби инсон ҳуқуқларига ҳурматни талаб этади, – дея билдирди «Freedom Now» ташкилотининг адвокати Патрик Гриффит. – Конституция бирор-бир аҳамиятга эга бўлиши учун ҳукумат бу асосий ҳақ-ҳуқуқларни амалга оширганлик учун қўлга олинганларни зудлик билан озод қилиши лозим».
Ҳар йили Ўзбекистон мустақиллиги эълон қилинган кун ва Конституция куни муносабати билан амнистия асосида бир неча минг маҳбус озодликка чиқади. Амнистияга одатда жамият учун жиддий хавф-хатар туғдирмаган жиноятларни содир этган шахслар ва айрим демографик тоифага дохил одамлар, масалан, аёллар, балоғатга етмаганлар ва 60 ёшдан ошган кишилар тушади. Озодликка чиқадиган кишилар рўйхатини тайёрлаш чоғида қамоқхона раҳбарияти жуда кенг ваколатларга эга бўлади. Сиёсий маҳбуслар ҳар йили гўё қамоқхонанинг ички тартибини бузганлик учун амнистияга тушмай қолади. Айни пайтда бу каби қонунбузарликларга ибодат қилиш ёки оқ кўйлак кийиб юриш кабилар ҳам киритилиши мумкин.
Қамоқхона расмийлари ҳуқуқ фаоллари, журналистлар, сиёсий мухолифат вакиллари ва «диний экстремизм»да айбланиб қамалган минглаб маҳбусларга ҳам гўё қамоқхона тартибини бузганлик учун жазо муддатини чўзиб қўяди. Бунда ҳукм керакли суд текширувисиз чиқарилади ва мавжуд муҳлатга яна бир неча йил қўшиб берилиши мумкин.
«Кўпчилиги панжара ортида ўтирганига ўн йилдан ошган сиёсий маҳбуслар жазо муддатининг ноқонуний равишда узайтирилиши Ўзбекистондаги жиноий адлия тизимининг ўта аёвсиз эканини намойиш этади, – дея билдирди Марказий Осиёдаги инсон ҳуқуқлари ассоциацияси президенти Надежда Атаева. – Маҳбусларнинг айримлари, масалан, Мамадали Маҳмудов, Мурод Жўраев ва Солижон Абдураҳмонов соғлиғи ёмон бўлган ёши катта одамлардир. Қамоқ муддатининг доимий равишда узайтирилиши уларни панжара ортида ўлимга маҳкум этади».
2012 йилнинг январь ойи охирида 13 йиллик қамоқ жазоси тугашига бор-йўғи бир неча кун қолганда расмийлар мухолифатдаги «Эрк» газетасининг собиқ бош муҳаррири Бекжоновга қамоқхона ички тартибини бузганлик учун яна беш йиллик муддат қўшиб берганлар. Бекжонов 1999 йилдан буён қамоқхона ўтирибди. Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси хабарига кўра, Бекжонов ва Рўзимуродов бутун дунёдаги журналистлар ичида қамоқхонада энг кўп ўтирган журналистлар бўлиб ҳисобланади.
Гарчи Ўзбекистон расмийлари сўнгги бир неча йил ичида бир қанча ҳуқуқ ҳимоячисини озод қилган бўлса-да, озод қилинаётганлар сони Европа Иттифоқи ва АҚШ афғон урушида ўзбек ҳукумати қўлловига эга бўлиш учун Ўзбекистон билан алоқаларни тузатиш жараёнини бошлаганидан буён, яъни 2009 ва 2012 йилларда сезиларли даражада камайиб кетди.
Фуқаролик жамияти фаолларини таъқиб қилиш ва қўрқитиш кампаниясига қўшимча равишда Ўзбекистон расмийлари бу йил яна камида икки ҳуқуқ ҳимоячиси – «Эзгулик» ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилоти аъзоси Қўзиев ва Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи аъзоси Йўлдошевани қамоққа жўнатди. 26 ёшли Йўлдошевани июль ойида полиция томонидан сохталаштирилган одам савдосига оид айблов билан 7 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилдилар.
«Фуқаролик жамиятини сиқувга олиш ва ҳуқуқ фаолларига ҳукм чиқаришнинг давом этаётгани Тошкент ўз феъл-атворини ўзгартириш учун АҚШ, Европа Иттифоқи ва бошқа асосий давлатлар томонидан етарли даражада босимга рўбарў келмаётганини кўрсатади, – дея билдирди Инсон ҳуқуқлари халқаро федерациясининг бош котиби Артак Киракосьян. – Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти ва унинг халқига инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасида Вашингтон, Брюссель, Берлин, Париж ва бошқа пойтахтлар томонидан янада кучлироқ қўллов зарур».
Гарчи Халқаро Қизил Хоч қўмитаси (ХҚХҚ) Ўзбекистон қамоқхоналари ва ҳибсхоналарига кириш имкониятига эга бўлса-да, унинг иши конфеденциал бўлиб ҳисобланади. Маҳаллий фуқаролик жамияти, журналистлар ва халқаро ноҳукумат ташкилотлари қамоқхоналарда содир бўлаётган воқеалар устидан жамоатчилик назоратини амалга ошира олмаяптилар, чунки ҳукумат бунга фаоллик билан тўсқинлик қилмоқда.
Сўнгги ўн йил ичида расмийлар бу каби сўров билан мурожаат қилган БМТдан келган 11 нафар махсус кузатувчининг ҳар бирига қамоқхонага киришга рухсат беришни рад қилган ва турли экспертлик органларининг тавсияларини эътиборсиз қолдирганлар. Сўрови рад этилганлар орасида Ҳуқуқ ҳимоячилари билан боғлиқ вазият бўйича махсус ҳисоботчи ҳам бор эди. Ҳукумат кўплаб халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситаларини Ўзбекистонни тарк этишга мажбур қилган, хусусан, 2011 йил мартида расмийлар босими остида Хьюман Райтс Вотчнинг Тошкентдаги офиси ёпилган. Бундан ташқари, ҳукумат маҳаллий мустақил ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотларини рўйхатдан ўтказмаяпти.
«Ноябрь ойида қамоқхона мутасаддилари ХҚХҚ делегациясининг журналист Абдураҳмоновни зиёрат қилишига халақит беришга уринди. Уни расмийлар бир неча ой ХҚХҚдан яшириб, қўриқчилар назорати остида сақлаганлар», – дея хабар қилди Uznews.net мустақил янгиликлар сайти. Қизил Хочнинг 64/61 қамоқхона лагерига аввалги ташрифларидан бири чоғида Абдураҳмонов қамоқхонадан чиқарилиб, инспекция кўзидан панада тутилган. Абдураҳмоновнинг ўғли янгиликлар сайтига қамоқхона мутасаддилари Қизил Хоч делегацияси билан учрашувга ўзини Абдураҳмонов деб таништирган бошқа одамни олиб келганлар, бироқ инспекторлар бу сохтакорликни дарров фаҳмлаб қолганлар.
Халқаро қонунлар ҳам, Ўзбекистоннинг ўз қонунлари ҳам қамоқхона расмийлари томонидан маҳбусларнинг асосий эҳтиёжлари таъминланишини, уларга мунтазам учрашувлар (шу жумладан, оиласи билан ҳам) берилишини ва маҳбуслар қадр-қийматини ерга урмаган ҳолда, уларга ҳурмат билан муносабатда бўлишни тақазо қилади.
Қийноқлар ва муносабатнинг бошқа аёвсиз, ғайриинсоний ёки инсон қадр-қийматини таҳқирловчи шаклларига қарши конвенция ҳамда Фуқаровий ва сиёсий ҳақ-ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт маҳбусларга нисбатан ғайриинсоний ёки киши қадр-қийматини таҳқирлайдиган муносабатда бўлинишини таъқиқлайди. Ўзбекистон бу ҳар иккала шартномага қўшилган.
Ўзбекистон ҳукумати сиёсий маҳбусларга нисбатан аёвсиз муносабат борасидаги барча айбловларни текширишни тўхтовсиз бошлаб юбориши лозим. Бундан ташқари, сиёсий маҳбусларга қўшимча муддат қўшиб берилга барча суд тингловлари қайта кўриб чиқилиши шарт, – дея билдирдилар ҳуқуқни ҳимоя қилиш гуруҳларининг вакиллари.
«Фаолларни уй қамоғида сақлаш ёки тинч норозилик намойишларини бостириш ўрнига президент Каримов Конституция кунини конституциявий тамойилларга риоя қилиш ҳамда инсон ҳуқуқларининг халқаро ҳимояси бўйича Ўзбекистон ўзи имзолаган шартномаларни бажариш билан нишонлаши лозим, – дея билдирди собиқ сиёси маҳбус ва “Ўтюраклар клуби” президенти Мўътабар Тожибоева. – Ўзбекистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари, журналистлар, диндорлар ва сиёсий мухолифат аъзолари шундоқ ҳам жуда узоқ вақтдан буён бунинг азобини тортиб келди».
Fikr bildirish