Васила Иноятова: Авф сиёсий маҳбусларни четлаб ўтмаслиги керак
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Васила Иноятова Инсон ҳуқуқлари Умумжаҳон Декларацияси қабул қилинган кун муносабати билан “Жараён” мухбири саволларига жавоб берди.
Жараён: Васила опа, 7 декабрь куни ташкилотингиз томонидан тарқатилган матбуот варақчасида Ўзбекистонда сиёсий маҳбуслар билан боғлиқ вазият аввалгидек аянчлилигича қолаётгани ва уларга нисбатан амнистия қўлланилмаётгани ҳақида билдирилган. Бундай хулосага келишингизга нима сабаб бўлди?
Васила Иноятова: Сиз тилга олаётган савол, менимча, риторик аҳамиятга эга бўлган масаладир. Яъни сиёсий маҳбуслар билан боғлиқ вазият мамлакатда доимий аянчли бўлиб келган. Айтайлик, Ўзбекистонда бирор маҳкум кимнингдир шарафига озодликка чиқарилса, унинг ўрнини бошқаси эгаллайди. Келинг, яқин ўтмишга қайтайлик.
Мустақилликнинг дастлабки йилларида собиқ СССР Олий Кенгаши депутати Пўлатжон Охунов озодликдан маҳрум қилинди ва у Франциянинг ўша маҳаллардаги президенти Франсуа Миттераннинг ташрифи муносабати билан озодликка чиқарилган. Ўша пайтда Пўлатжонни озод қилиш учун президент алоҳида авф ҳақидаги фармонга имзо чеккан.
Аслида Пўлат Охуннинг ўрни кейинчалик яна бир собиқ депутат Мурод Жўраев билан тўлдирилди ва афсуски, Мурод Жўраев ҳанузгача қамоқда ўтирибди. Эътибор беринг, президент Ислом Каримов Мурод акани қамоққа ташлаган 1994 йилда туғилган невараси Ислом 19 ёшга тўлди. Бир йигит умрини ташкил этувчи даврда у кишини нима азобларни кўрмади дейсиз.
Бундан ташқари, 2007 йилда “Ўтюраклар клуби” раҳбари Мўътабар Тожибоеванинг озод қилиниши масаласини АҚШ Давлат котибининг ёрдамчиси Ричард Баучер билан гаплашганимиз эсимда. Баучернинг ташрифи доирасида Аҳмаджон Одилов ҳамда Мўътабар озод қилинган. Эътибор беринг, сиёсий маҳкумларни озод қилиш тенденцияси Ўзбекистон ташқи сиёсатининг ўзига хос гаровига айланиб қолмоқда.
Ҳолбуки, Ўзбекистонда Мўътабар, Юсуф Жумалардан сўнг ҳам бир қанча фуқаролик жамияти вакили қараши ва эътиқодига кўра қамалди ва бу ҳол давом этмоқда. Бу эса сиёсий маҳкумлар билан боғлиқ ҳодисанинг мамлакатда тобора устивор аҳамият касб этаётганини билдиради. Аслида демократия ва инсон ҳуқуқлари мавжудлигини иддао қилаётган ҳар бир мамлакатда сиёсий фикрлаш ва қарашлар ҳуқуқи эркин бўлиши лозим.
Жараён: Бизга маълум бўлишича, сиз раҳбарлик қилаётган “Эзгулик” жамияти Аъзам Фармонов, Алишер Кароматов ва Абдурасул Худойназаров каби сиёсий маҳбуслар иши юзасидан 2011 йилнинг 25 майида АҚШдаги Қийноқларга қарши қўмитага мурожаат қилган. Ана шу иш тафсилотлари ҳақида сўзлаб берсангиз.
Васила Иноятова: Саволингизда бироз чалкашлик бор. Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти қамоқларда қолаётган бир қанча ҳуқуқ фаоллари ва фуқаролик жамияти вакилларининг тақдири юзасидан БМТнинг инсон ҳуқуқлари қўмитасига мурожаат қилган, Қийноқлар қўмитасига эмас. Ўзбекистон ҳукумати томонидан ратификация қилинган “Фуқаролик ҳамда сиёсий ҳуқуқлари тўғрисида”ги Пактнинг 2-факультатив протоколига асосланган шикоятимизнинг бир қисмига, яъни Аъзам Фармонов, Расул Худойназаров ҳамда Алишер Кароматов иши юзасидан қўмитанинг ишчи гуруҳи раҳбари Мигель Де Лама томонидан жавоб хати олганмиз. Ана шу жавоб хатида мазкур ишларнинг 2011 йил апрель-май ойларида кўриб чиқилиши баён қилинган ва биз бу ҳақда матбуотга ҳам хабар тарқатганмиз.
Аммо негадир ишнинг натижалари ва хулосалар ҳақида қўмита кейинчалик биз билан боғланмади. Ҳатто ўзимиз бу ишларни суриштирганимизда қўмитада шикоятларни ўрганиш бораётгани хусусида мужмал жавоблар олдик. Ҳали юқорида айтганимдек, сиёсий маҳкумлар иши сиёсий интеграцияларнинг ўзига хос гаровига айланиб қолаётгани боис ҳам сиёсий маҳкумлар иши кўрилишида сусткашлик бор.
Аммо биз БМТнинг тегишли қўмиталарини ҳурмат қиламиз ва уларнинг фаолиятини қадрлаймиз. Яқинда Женевада бир ҳамкасбим билан БМТнинг мазкур қўмитасида бўлдик ва ишларни суриштирдик. Улар Ўзбекистон ҳукумати билан музокаралар бораётгани ва ўзларининг саволларини тақдим қилишаётганини айтишди.
2013 йилнинг май ойида Ўзбекистон ҳукумати БМТга мавсумий ҳисоботини топширади. Ғалвирни сувдан кўтаришга ўхшаган мазкур жараёнда эҳтимол сиёсий маҳкумларимизга ҳам эркинлик тегар. Ахир Ўзбекистон каби авторитар мамлакатлар билан ишлаш мураккаб, буни БМТнинг тегишли қўмиталари ҳатто яширишаётганни ҳам йўқ.
Жараён: Кечаги матбуот варақчасида ташкилотингиз озод этилиши лозим бўлган маҳкумлар қаторида юқорида исмлари зикр этилган сиёсий маҳбуслар дохил 34 нафар тутқуннинг номини қайд этган. Айни пайтда ҳуқуқни ҳимоя қилиш билан шуғулланувчи турли ташкилотлар Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар сони ҳақида турли маълумотлар (бирови 2 минг, бошқаси 9 минг, яна бири 15 минг) келтиради. “Эзгулик” фаоллари ҳисоб-китобига кўра, Ўзбекистонда қанча сиёсий маҳбус бор?
Васила Иноятова: Бу ўринда баҳсли рақамларнинг юзага келиши табиий, чунки Ўзбекистон ҳукумати диний ёки сиёсий эътиқодига кўра қамалганларнинг сонини ҳеч қачон эълон қилган эмас. Аммо бизнинг ташқилотимиз имкон қадар расмий фактларни чоғиштириш ҳамда қиёсий рақамларга кўпроқ эътибор беради. 2005 йилги Андижон фожеалари муносабати билан Ўзбекистон Республикааси Олий судида ўтган маҳкама жараёнида диний эътиқодига кўра қамалганлар сонини Андижон вилояти ИИБ собиқ бошлиғи Оқназаров 3200 нафар, деб айтган.
Демак, расмийлар тилидан чиққан ана шу маълумот мамлакат аҳолисига солиштирилади ва нисбий рақамлар келиб чиқади. Яъни Андижон аҳолиси 3 миллион бўлса, унинг ҳам мингдан бири диний эътиқоди учун қамалган ва бу мамлакат бўйлаб 30 000 га яқин рақамни ташкил этади.
Айтайлик, шу миқдорнинг тенг ярми жиноятлари эвазига қамалган бўлсин, лекин қолган қисми ҳам 10 000 дан ортиқни ташкил қилади. Лекин уларнинг сони ва қилмиши одил суд томонидан ўрганилмас экан, барибир сиёсий маҳкумларнинг сони борасида гапириш мушкул. Лекин мухолифатда бўлган ва айнан шунинг учун қамалган шахслар сони, менимча, 30 нафардан ошмайди. Қолаверса, кейинги йилларда айрим ҳуқуқни ҳимоя қилиш ташкилотлари ҳали номлари бизга таниш бўлмаган бир қанча кишиларни ҳам сиёсий маҳкумга чиқариб қўйганини яшириш керакмас.
Жараён: Бугун Ўзбекистон яна Ғарб билан яқинлашаётган бир шароитда расмий Тошкент инсон ҳуқуқларига риоя қилиш, хусусан, сиёсий маҳбусларга нисбатан ўз сиёсатини юмшатиш йўлида, сизнингча, қандай ишларни амалга ошириши мумкин?
Васила Иноятова: Ўзбекистонга демократик Ғарбнинг яқинлашуви, ўзаро сиёсий интеграциянинг фаоллашаётгани албатта қувонарли ҳол. Чунки Ўзбекистон каби авторитар режимларга нисбатан энг самарали таъсир механизмлари фақатгина сиёсий мулоқотлар чоғида вужудга келади ва бу мулоқотлар инсон ҳуқуқлари масаласининг “унутилиши” ҳисобига бўлмаслиги лозим. Интеграциядан мутлақо ҳоли бўлган Шимолий Корея, Куба давлатларини олайлик. Ана шу мамлакатларда инсон ҳуқуқлари ҳақида гапириш мумкинми?
Йўқ, албатта. Сиёсий мулоқотлар иқтидордаги ҳукуматлар олдига инсон ҳуқуқларидек долзарб талабларни қўйиш имконини беради. Кўпчилик Ғарб дипломатиясининг юмшоқлиги, инсон ҳуқуқлари масаласида принципиалликни бой бергани ҳақида гапирмоқда. Бу фикрга бир томонлама қўшилиш ҳам мумкин, аммо уни позицион нуқтаи назардан оқлаб бўлмайди.
Демократия ва инсон ҳуқуқлари бир кунда ҳал бўлмайди, Ўзбекистонда бу муаммо айниқса бир неча йиллар давомида ечилмаслигига ишончим комил. Чунки муаммони келтириб чиқарувчи ва унинг ривожлантирувчи омиллар ниҳоятда мураккаб.
Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти 2003 йилда Европа Иттифоқи ва Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг бевосита босими билан Адлия рўйхатига олинган ягона мустақил ташкилотдир. Ташкилот ҳар йили мамлакатда инсон ҳуқуқлари вазияти ҳамда мавжуд аҳвол борасида ўз тадқиқотларини эълон қилиб келади. Жамиятнинг ўткир танқидий чиқишлари, ҳисоботлари халқаро ҳамжамият томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинган.
Fikr bildirish